Жаҳон | 19:47 / 20.01.2022
25559
10 дақиқада ўқилади

Эрон билан ядро келишуви: музокаралар боши берк кўчага кирган, Яқин Шарқ энг ёмон сценарийга тайёрланмоқда

Ғарблик дипломатлар Эрон ядро дастури бўйича келишувни янгилаш вақти ўтиб бораётганидан хавотирда. Вақт-ку ҳали ўтиб кетгани йўқ, лекин томонлар январ ойи якунига қадар келиша олмаса, кейинги музокаралар пучга чиқиши мумкин. Битимга келинмаса, Яқин Шарқ навбатдаги муаммо гирдобига тушиб қолиши эҳтимоли юқори.

Теҳрон. Собиқ АҚШ элчихонаси деворидаги граффити. Эронда ядро дастури бўйича келишув якунига кўра мамлакатдан иқтисодий санкциялар олиб ташланишига умид қилишмоқда. Фото: Getty Images

Венада «4+1» форматидаги музокаралар номаълум муддатга тўхтаб қолган. Унда АҚШ, Британия, Германия ва Франция бир томонда, Эрон бир томонда туриб музокарага киришганди. Дипломатлар ўз ҳукуматлари билан маслаҳатлашгач, ортга қайтишди. Музокараларнинг тўққизинчи раунди шу ҳафта охирида бошланиши керак, аммо иштирокчиларнинг аксари ижобий натижага эришиш мумкинлигига шубҳа билан қарай бошлади.

Комплекс ҳаракатлар режаси деб номланмиш Эрон ядро дастури бўйича келишув 2015 йил Барак Обама администрацияси ҳамда Эрон ўртасида имзоланган. Келишув шартларига кўра, Эрон АҚШ томонидан иқтисодий санкциялар бекор қилиниши эвазига ядро дастурини ривожлантирмаслиги керак эди. Бу эса амалда Эрон ядро дастурини музлатишга хизмат қиларди.

2018 йилда АҚШнинг 45-президенти Дональд Трамп Эрон ядро дастуридан воз кечмагани, аксинча уни ривожлантираётганини иддао қилиб, АҚШни келишувдан олиб чиқиб кетди. Шундан буён Эрон АҚШ билан янада ёвлашиб қолган. Оқ уй раҳбарлигига келган Жо Байден эса томонлар тезда яна музокаралар столига ўтириши кераклигини айтганди. Бироқ ғарблик экспертлар бу борада муваффақиятли ечимга келиш деярли имконсиз эканини айтишмоқда.

Ўтган ҳафта жума куни Европа Иттифоқи давлатларининг ташқи ишлар вазирлари иштирокидаги саммитда Эрон ядро дастури ҳам муҳокама қилинди. Унда иштирок этган Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив ле Дриан Теҳрон билан музокаралар одамни қийнайдиган даражада чўзилиб кетганини таъкидлаганди. «Хуллас, ҳозир вазият шунақа: ёки [АҚШ ва Эрон ўртасидаги] келишувга қайтилади ёки биз Эрон дастури кўринишидаги жиддий инқироз ўртасига тушиб қолганимизни тан олишга мажбур бўламиз», деганди Франция ТИВ раҳбари.

Вазирнинг сўзларига кўра, Эрон тез орада ўзининг ядро қуролини ясашга киришади ва бу борадаги музокаралар мантиқсиз бўлиб қолади. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Эрон ядро дастури бўйича келишувга эришиш учун амалда яна икки ҳафта қолганини айтди.

Бу Эроннинг маккор режасими?

Венадаги музокараларда АҚШ томонидан мамлакатнинг Австриядаги дипломатик миссияси вакиллари иштирок этишди. Афтидан, Эрон музокараларда АҚШнинг юқори мансабли сиёсатчиларини кутган, чунки уларнинг келишувга қайтиш бўйича асосий шартлари айнан америкаликларга тегишли эди. Эроннинг наздида АҚШ «музокараларни менсимай» Венадаги дипломатларини юбориб қўя қолгани уларнинг жаҳлини чиқарган ва бу музокараларни боши берк кўчага киритиб қўйган бўлиши мумкин.

Ядро келишувига кўра Эрон 15 йил ичида уран захирасини 98 фоизга (300 кг.гача) камайтиришга ваъда берган. Фото: Getty Images

Аммо ғарблик дипломатлар бошқача гапирмоқда. Уларнинг фикрича, аслида Эрон келишувга қайтмоқчи эмас, бунга ҳаракат ҳам қилмаяпти. Бунга мисол сифатида Венадаги музокараларнинг еттинчи раундида қайд этилган ҳолат мисол қилиб келтирилган. Унда Эрон томони олдинги олтита раундда ўзаро келишилган компромисслардан бош тортган.

Таҳлилчилар фикрича, 2018 йил Трампнинг ташаббуси билан ядро келишуви бекор қилингач, Эрон ядро дастурини ривожлантиришга шунчалик зўр берганки, ҳозир улар вақтдан ютиш мақсадидагина музокараларни ортга сурмоқда.

Аслида Эрон ядро келишувига қайтиш эвазига қатор иқтисодий санкциялар бекор қилиниши кўринишида катта мукофот олади. Бир неча йил аввал халқаро санкциялар иқтисодини ҳолдан тойдирган Эрон учун бу энг кўп хоҳлаган нарсаси бўлиши мумкин эди. Бироқ ҳозир вазият бошқача ва экспертлар фикрича, бу борада Франция ташқи ишлар вазири ҳақ. Эрон ядро дастурини якунлашга яқин келиб қолди. Ўз ядро қуролига эга бўлса, Эрон учун иқтисодий санкциялар иккинчи даражали бўлиб қолади.

Қатор кузатувчилар ортга қараб, Эрон бошидан фақат вақтни чўзишга ҳаракат қилган, деган хулосага келган.

Биринчидан, Эронни узоқ давом этган ҳаракатлардан кейин, 2021 йил охирига келибгина музокаралар столига ўтиришга кўндиришди. Кейин Эрон вакиллари Венага бажариш деярли имконсиз бўлган шартлар билан борди.

Хусусан, уларнинг талаблари орасида келишувни Оқ уйда келажакда келадиган барча администрациялар шартсиз бажариши бўйича банд ҳам бор эди. Демократлар ва республикачилар орасидаги доимий зиддият инобатга олинса, бу деярли имконсиз талаб. Аммо Эронни ҳам тушуниш мумкин, улар олдинги сафар АҚШнинг демократ президенти имзолаган келишувдан республикачи президент чиқиб кетиши ортидан «деворни ушлаб қолганди».

Шунингдек, Эрон музокаралар давомида ўз ракеталари ва минақадаги фаолиятини муҳокама қилиш ҳақида гап бўлмаслигини билдирди. Ғарб эса Эрон ядро дастури ва Яқин Шарқ масаласини бирга муҳокама қилишни истайди.

Эрон марказий нашрлари мамлакат АҚШ билан эришилган келишувга қайтишдан манфаатдор экани, бу учун эса АҚШдан жиддий кафолат кутаётганини ёзяпти. Уларда қайд этилишича, Эрон ҳукуматида музокараларнинг тўққизинчи раундида келишувга эришилишига эҳтиёткор оптимизм билан бўлса-да умид қилишмоқда.

Бу қандай кафолат бўлди?

Эрон томонининг иддао қилишича, улар ядро келишуви бўйича гарданига олган талабларни бажараётганини текширувчи бутун бошли АЭХА (Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик) ташкилоти бор, аммо Ғарбнинг ваъдаларини бажараётганини ҳеч ким назорат қилмайди. Эрон бунинг исботи сифатида 2018 йил АҚШ келишувдан бир томонлама чиқиб кетганини келтирган. «АҚШдек ишониб бўлмайдиган давлат келишувдан чиқиб кетмаслигини таъминловчи аниқ кафолат керак», деганди Эрон ташқи ишлар вазири Амир Абдуллоҳян.

Ғарблик дипломатлар Эроннинг талабларини қисман тан олиб, шу ҳафта якунида тикланажак музокараларда улардан аниқ таклиф кутишяпти. Вариант сифатида АҚШ Молия вазирлиги қошидаги Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси келтирилмоқда. Айнан шу ташкилотга Эронга қарши санкцияларни бекор қилиш бўйича жараённи ишониб топшириш мумкин, деб ҳисоблашяпти. Аммо Эрон АҚШ санкцияларини бекор қилиш жараёнини АҚШ ташкилоти назорат қилишига рози бўлиши қийин. Бу борада Ғарбнинг ҳаракатларини назорат қилувчи алоҳида ташкилот тузишга эса вақт йўқ.

Музокараларни тезлатиш учун яна бир сценарий кўриб чиқилмоқда: АҚШ биринчи қадам сифатида Эронга қарши қатор санкцияларни бекор қилиши мумкин. Аммо Эрон билан тўғридан тўғри расмий музокара ҳам олиб бормаётган Оқ уйдан бундай ҳимматни кутиш қийин.

Яқин Шарқ жиддий ўзгаришга тайёрланмоқда

Эрон ядро дастури атрофидаги мужмал музокаралар ҳудудда таҳликани кучайтиргани табиий. Исроил минтақадаги ўзининг асосий душмани деб қарайдиган Эрон ядровий қудратини оширишига қўл қовуштириб қараб турмоқчи эмас. Исроил бош вазири Нафтали Беннет мамлакат Эронга қарши Венадаги музокаралар якунлари қанақа бўлишидан қатъи назар мустақил ҳаракат қилиш ҳуқуқини сақлаб қолишини эслатди. «Исроил Комплекс ҳаракатлар режаси келишувига кирмайди ва унинг қоидаларига бўйсунмайди», деди Беннет.

Эроннинг Арак шаҳрида оғир сув ишлаб чиқариш заводи. Олдинги келишувга кўра Эрон бу завод ҳажмини кичрайтириб, плутоний ишлаб чиқаришни камайтиришга ваъда берганди. Фото: Getty Images

Ўз навбатида, Исроил АҚШнинг келишувдан чиқиб кетганини олқишлаганди, чунки бу давлат Эрон ўзига юклатилган талабларни ҳеч қачон бажармайди деб ҳисоблайди. Исроил томони расман ўз қарашларини ўзгартирмаган, исроилликлар АҚШ ва Эрон ўртасидаги ядро келишуви Исроил хавфсизлиги учун таҳдид деб билади.

Исроил Эрон мавзусида минтақадаги яна икки гигант – БАА ҳамда Саудиянинг қўлловига ишонмоқда. Исроил Трампнинг воситачилигида улар билан яхши муносабатлар ўрнатиб олганди. Бу икки давлат Эрон билан душманлик кайфиятида. Яъни, Яқин Шарқдаги АҚШнинг барча иттифоқчилари Эрон билан ядро келишуви бўйича Вашингтон позициясига мухолиф томонда туриб қолди. Аммо яна бир нарсани унутмаслик керакки, Байден Трамп Яқин Шарқ давлатлари билан ўрнатган илиқ муносабатларни сақлаб қолишни ваъда қилгани йўқ. Байден барча билан муносабатлар чегарасини мустақил ўрнатмоқчи.

Ғарбнинг ҳар қанақасига Эрон билан ядро келишувига қайтишга уринаётгани Тел-Авив, Ар-Риёд ва Абу Дабини хавотирга соляпти.

Ўтган йилнинг декабрида Исроил бош вазири Нафтали Беннет БААга бориб, мамлакат валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Зайд ибн Султон Ан-Наҳаён билан учрашув ўтказганди. Бу Исроил давлат раҳбарларининг БААга биринчи ташрифи сифатида тарихга кирган. Ўшанда томонлар Эрон таҳдидига қарши туришда ҳамкорлик қилиш борасида ҳам фикр алмашганди.

Аммо Исроилнинг ўзида ҳам Комплекс ҳаракатлар режаси келишуви унчалик ёмон нарса эмаслиги ва урушнинг олдини олишга хизмат қилишини айтаётган ҳарбий экспертлар топилади.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ядро келишувига қайтиш хавфсизлик бўйича нафақат Яқин Шарқнинг, балки АҚШнинг ҳам талабларига жавоб беришини айтди. «Агар ўхшамаса, бошқа қадамларни кўрамиз», деди Блинкен «бошқа қадам» деганда нимани назарда тутганига аниқлик киритмай. Экспертларнинг фикрича, гап ҳарбий ҳаракатлар ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид