Ўзбекистон | 18:37 / 20.01.2022
24430
2 дақиқада ўқилади

«Нега бу пуллар кимларнингдир чўнтагига тушмоқда?» — Президент Қибрайда 3,5 млн долларга ер сотилиши воқеасини эслади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев давлат мулки объектларини хусусийлаштириш борасида 2022 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан видеоселекторда ноқонуний ер сотиш ҳолатларига тўхталди.

«Жойларда ерларни аукционга чиқариш орқали жорий йилда бор-йўғи 400 миллиард сўм тушумни таъминлаш режаси мутлақо қониқарсиз. 

Биргина мисол: Тошкент вилоятида 14 гектар ер участкаси 3,5 миллион долларга ноқонуний йўллар билан сотилгани ҳамма раҳбарларни ўйлантириши керак. Нимага бу пуллар давлатга эмас, кимларнингдир чўнтагига тушмоқда?

Тасаввур қилинг, давлат қанчадан қанча пулларни йўқотмоқда! Бу пулга қанча мактаб, қанча боғча ва йўл қуриш мумкин эди. Нега шуни ҳокимлар ўйламайди?

Ваҳоланки, ушбу вилоятда ўтган йил давомида ер участкаларини сотишдан атиги 18 миллиард сўм маблағ тушган. Бу бозор нархида нари борса 5-10 гектар ернинг нархи», деган давлат раҳбари.

2021 йил декабрида Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган тадбир давомида Тошкент вилояти инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ходими ҳамда Тошкент шаҳар Яккасарой туманида рўйхатдан ўтган МЧЖнинг норасмий эгаси ўзаро тил бириктириб, Қибрай тумани ҳудудида жойлашган, мазкур МЧЖга тегишли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга мўлжалланган 13,7 гектар унумдор ер майдонини харидорга 3 млн 425 минг АҚШ долларига сотишга келишгани, бу пулнинг 500 минг долларини олиш вақтида жиноятчилар қўлга олингани маълум қилинганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид