15:18 / 21.01.2022
9407

Аҳоли сув истеъмоли меъёрлари соддалаштирилди

Аҳоли томонидан автотранспорт воситалари, йирик қорамол, от, қўй-эчки ва паррандалар учун аввал ҳисобланаётган истеъмол меъёрлари тўлиқ ҳисобдан чиқариб ташланди.

Фото: rk.karelia.ru

Ҳозирги кунга қадар истеъмолчилар ичимлик ва оқова сув хизматларидан фойдаланишида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан қарийб 200 турдан ортиқ тасдиқланган истеъмол меъёрлари мавжуд эди.

Истеъмолчилар ичимлик ва оқова сув хизматларидан фойдаланишда соддалаштирилган ва шаффоф ҳисоблаш тизимини жорий этиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 январ куни қарори қабул қилиниб, унга асосан, мавжуд қоидаларга тегишли ўзгартиришлар киритилиб, меъёрлар тўлиқ оптималлаштирилиши таъминланди.

Қарорга биноан, аҳоли томонидан автотранспорт воситалари, йирик қорамол, от, қўй-эчки ва паррандалар учун аввал ҳисобланаётган истеъмол меъёрлари тўлиқ ҳисобдан чиқариб ташланди.

Натижада, жорий йилнинг 1 февраль кунидан бошлаб республика барча ҳудудларида сув ҳисоблагичсиз ичимлик сувидан фойдаланувчи аҳоли истеъмолчиларига 4 турдаги қуйидаги истеъмол меъёрлари қўлланади.

Хусусан:

  • ичимлик сувини кўча колонкасидан ташиб ичувчилар учун киши бошига кунлик 50 литр;
  • ичимлик сув тармоғига уланган, сув бериш жадвали асосида сув бериладиган хонадонлар учун киши бошига кунлик 200 литр;
  • ичимлик суви тармоғига уланган хонадонлар учун киши бошига кунлик – 350 литр;
  • сув сепиш ва суғориш майдонининг ҳар 1 метр квадрати учун кунлик 15 литр этиб белгиланди.

Шунингдек, сув ҳисоблагичсиз ичимлик сувидан фойдаланувчи истеъмолчиларда ҳовуз (бассейн), микроиқлим ёки фаввора мавжуд бўлганда, ичимлик сув истеъмоли ҳажми ичимлик сув қувурининг сув ўтказиш қуввати бўйича ҳисобланиши маълум қилинмоқда.

“Бу каби ҳолатларда истеъмолчиларга ичимлик сувидан ҳисоблагичлар орқали фойдаланиш тавсия этилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, сув ҳисоблагичидан фойдаланиш ичимлик суви харажатларини камида 2 баробардан 20 баробаргача қисқартириши мумкин”, дейилади “Ўзсувтаъминот” хабарида.

Top