Жаҳон | 16:45 / 24.01.2022
14128
3 дақиқада ўқилади

НАТО давлатлари Шарқий Европага қўшимча куч ташлайди

Фото: Francisco Seco / AP

НАТОга аъзо мамлакатлар Шарқий Европага қўшимча кучлар юборишни бошлайди, бу ҳақда Шимолий Атлантика альянси сайтида маълум қилинган.

Дания Болтиқ денгизига фрегат юборади ва Литвага НАТОнинг минтақадаги ҳаво кенгликларини кузатиш миссиясини қўллаб-қувватлаш учун тўртта F-16 қирувчи самолётини йўналтиради. Испания НАТО гуруҳини кучайтириш учун ҳарбий кемалар жўнатмоқчи, шунингдек ўз қирувчи самолётларини Болгарияга юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Нидерландлар эса Болгарияга F-35 русумли икки самолётини юборишга қарор қилган. Нидерланд флоти кемаси ва қуруқликдаги пиёда қисм ҳам НАТО тезкор ҳаракат кучларига қўшилади. Франция ўз контингентини НАТО қўмондонлиги остида Руминияга жойлаштиришга тайёрлигини маълум қилган. АҚШ ҳам Шарқий Европадаги ҳарбийлари сонини оширишни режалаштирмоқда.

«НАТО ўзининг ва барча иттифоқчиларининг ҳимояси учун, барча зарур чораларни қабул қилишда, жумладан альянснинг шарқий қанотини мустаҳкамлашда давом этади. Биз ҳамиша хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг ҳар қандай ёмонлашувига коллектив мудофаани кучайтириш орқали жавоб қайтарамиз», — деган НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

Давлат думасининг мудофаа қўмитаси раиси Андрей Картаполов Россия АҚШ Болтиқбўйи давлатлари ва Шарқий Европада ҳарбийларини кўпайтиришига муносиб жавоб қайтаришини айтган.

«Табиийки, Россия бундай ҳаракатларни оқибатсиз қолдирмайди ва ортиб бораётган таҳдидларга жавоб бериш учун тегишли чораларни кўради», — дея унинг сўзларини келтиради «Интерфакс» агентлиги.

  • The New York Times газетаси 22 январь куни ўз манбасига асосланган ҳолда АҚШ президенти Жо Байден Россия Украинага бостириб кириши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар фонида Болтиқбўйи ва Шарқий Европага бир неча минг қўшин жўнатиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар тарқатган.
  • 2021 йил кузидан буён Россия Украина билан чегарага 100 минг атрофида аскар жойлаштирган. Ғарб давлатлари Россия Украинага бостириб кириши мумкинлигидан хавотирланмоқда, расмий Москва буни рад этиб, чегарага қўшин ташлашини машғулотлар билан изоҳлайди.
  • Украина атрофидаги вазият кескинлашиши фонида АҚШ ва Буюк Британия Киевдаги дипломатик миссиялари ходимларининг бир қисми ва уларнинг оила аъзоларини эвакуация қилишга киришган.

Мавзуга оид