21:45 / 24.01.2022
29721

Ўзбекистонда “Меҳр дафтари” очилди. У нима?

“Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” ва “Олтин дафтар” қаторига “Меҳр дафтари” ҳам қўшилди.

Ҳукумат қарори билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган “Меҳр дафтари” тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

“Меҳр дафтари”га етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болалар киритилади.

Меҳрибонлик уйлари, болалар шаҳарчалари ва болалар маҳаллаларининг болалари ҳамда васийликдаги болалар шулар жумласидан.

“Меҳр дафтари” билан ҳокимликлар шуғулланади. Дафтарнинг электрон тизимига маълумот киритилишини Миллий гвардия назорат қилади.

Етим болалар 25 ёшга тўлганда дафтардан чиқарилади.

Бунинг учун уларнинг уйи ва иши бўлиши керак.

Агар шахс уйсиз ва ишсиз бўлса, яна 5 йилгача дафтарда туради.

“Меҳр дафтари” жамғармаси ҳам тузилади. Алкоголь маҳсулотлари улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар тушумининг 3 фоизи шу жамғармага ўтказилади. Ҳомийлик ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳам жамғарма манбаси бўла олади.

Жамғарма ёрдамида “Меҳр дафтари”га кирган болалар:

  • истеъдоди қўллаб-қувватланади;
  • бандлиги таъминланади;
  • соғлиги тикланади;
  • коммунал қарзлари қопланади;
  • болаларга васийлик қилган оилалар қўллаб-қувватланади.

“Меҳр дафтари”нинг жамоатчилик асосида фаолият юритадиган Васийлик кенгаши ҳам ташкил этилади. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва сарфлаш Васийлик кенгаши қарори асосида амалга оширилади. Дафтардаги ёшларга кўрсатиладиган моддий ёрдам ҳам кенгаш қарорига асосан амалга оширилади.

Бунда моддий ёрдам БҲМнинг 35 бараваригача бўлади. Бироқ муаммоларнинг ҳажми ва ҳаётий муҳимлигидан келиб чиқиб 35 баравар БҲМдан кўп, лекин БҲМнинг 50 бараваридан ошиб кетмаган миқдорда ажратилиши мумкин.

Top