Советлар халқдан сир тутган фожиалар
69 йил давом этган СССР даврида кўплаб фожиалар одамлардан яширилган, аслида нима бўлгани ўнлаб йиллардан кейин ошкор бўлган.
Ҳар қандай салбий ахборотни филтрдан ўтказиш, жамоатчиликдан сир тутиш – тоталитар тузумларга хос хусусиятлардан. Собиқ иттифоқ мисолида ҳам бу айниқса яққол кўринади.
СССРда рўй берган кўплаб табиий офатлар, техноген фожиалар матбуотда ёритилмаган, телевидениеда кўрсатилмаган. Бу эса ўша пайтда одамлар орасида турли тахминлар, қўрқинчли миш-мишлар тарқалишига сабаб бўлган.
Кўп қаватли уйга келиб урилган самолёт – 33 йил яширилган воқеа
1976 йилнинг 26 сентябри. Якшанба куни эрта тонгда 23 ёшли учувчи Владимир Серков одатда ўзи йўловчиларни ташиган Ан-2 самолётини маҳаллий аэродромдан олиб қочади. У паст-баландликда шаҳар бўйлаб парвоз қилиб чиққач, самолётни тўғри беш қаватли турар жойга бориб уради.
Гарчи “Кукурузник” енгил типдаги самолёт ҳисобланса-да, соатига 150 километрдан ошиқ тезликда уйга бориб урилганидан сўнг уйнинг 3- ва 4-қаватлари орасидаги қисмида диаметри икки метр атрофидаги тешик ҳосил бўлади.
“Камикадзе” ҳалок бўлади. Самолётда қолган ёнилғи аланга олиши оқибатида подъезд олов ичида қолади. Рўй берган фалокат ва ёнғиндан ўзини йўқотиб қўйган одамлар даҳшат оғушида дастлаб фарзандларини деразадан ёрдамга келганларга қарата улоқтиришган бўлса, сўнгра ўзлари ҳам пастга сакрашган.
Бироқ фавқулодда вазиятдан омон қолиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Тўрт киши – 25 яшар аёл ва 4 ёшдан 6 ёшгача бўлган уч нафар бола ёнғинда ҳалок бўлишади. Улардан икки нафари – Олег ва Александр Тяпкин бу ерда яшамас, улар дўстиникига меҳмонга келиб тунаб қолишганди. Айрилиққа дош беролмаган Олег ва Александрнинг онаси фожиадан бир ҳафта ўтиб, юрак хуружидан вафот этади.
Мутахассисларнинг фикрича, агар самолёт тўғри хонадонларга бориб урилганда қурбонлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин эди. Афтидан учувчига уй яқинида ўсган тераклар халал берган ва у дарахтларни четлаб ўтиб, подъездга бориб урилган.
Суриштирувлардан сўнг худкуш-учувчининг рафиқаси уни ташлаб кетгани ва 2 яшар ўғли билан ота-онасининг фожиа юз берган “дом”даги квартирасида яшаб келаётгани аниқланган. Улар яшаган хонадон 3-қаватда жойлашган бўлиб, учувчи айнан шу квартирани нишонга олган. Серковнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу вақтда қайнота ва қайнонаси қизи ва невараси билан бирга ошхонада нонушта қилаётган бўлиши, самолёт тўғри уларнинг устига кириб бориши керак эди.
Аммо ўша кун ва соатда уларнинг ҳеч бири уйда бўлмаган. Тахминларга кўра, учувчининг қайнотаси (ёки барча катталар) яқинлашиб келаётган қасос онлари ҳақида билишган ва омон қолиш чораларини кўришган. Лекин бу ҳақда бошқа ҳеч кимни огоҳлантиришмаган.
Фожиа юз берганидан кўп ўтмай “камикадзе”нинг қайнотаси мол-мулкини сақлаб қолиш учун ёнаётган уй ҳовлисида калта иштонда югуриб юрганини кўришган. Кейинчалик оила қатағонга учрашдан қўрқиб, қолаверса, ҳодиса тафсилотларини билишга қизиқувчанлардан яшириниб, ўн марталаб яшаш манзилларни ўзгартиришади. Алалоқибат уларнинг изи йўқолади.
Хрушчев даврида бунёд этилган турар жой кўп ўтмай тикланиб, фожиа оқибатлари бартараф этилади. Расмийлар бу ҳодисани махфийлаштиришади. Ҳеч қаерда воқеа ҳақида расмий ахборот берилмайди. Аксинча, шаҳар бўйлаб бу ишни террорчилар уюштиргани, бу шафқатсиз сиёсий акция экани ҳақида миш-мишлар тарқалади. Ҳодиса гувоҳларини эса “ақлдан озган”га чиқариб қўйишади.
33 йил сир тутилган воқеа ҳамманинг эсидан чиқаёзган бир пайтда – 2000-йилларнинг бошида КГБ архивларидаги ҳодисага доир ҳужжатлардан махфийлик тамғаси олиниши ортидан аслида нима бўлгани маълум бўлади.
“Лужники” станидонидаги фожиа 7 йил жамоатчиликка ошкор қилинмаган
1982 йил 20 октябр куни УЕФА Кубогининг нимчорак финал босқичида Москванинг “Спартак” ва Ҳолландиянинг “Ҳаарлем” жамоалари тўқнашади. Москвада бўлиб ўтган ўйин якунида совет спорти тарихидаги энг даҳшатли фожиа юз беради. Аммо бундай воқеа юз бергани майдонда бўлган ўйинчиларнинг ҳатто тушларига ҳам кирмаганди. “Спартак”чилар-ку нима бўлгани ҳақида эртаси куни мураббийдан эшитишади, бироқ ҳолландлар аксарият жамоатчилик билан бирга 7 йилдан кейингина бу ҳақда хабар топишган.
Ўйин арафасида Москвада биринчи қор ёғади. Ўйин куни октябр ойига хос бўлмаган қаттиқ совуқ (-10° C) кузатилади. Шу боис ўйин учун 82 000 чиптадан бор-йўғи 16 643 тасигина сотилади. 1982 йилда стадион трибуналарининг устида том бўлмаган. Ўйин бошланишига қадар фақат иккита трибуна – шарқий “C” ва ғарбий “А” секторларни қордан тозалаб улгуришади.
Ҳужжатларда ҳар иккала трибунада 23 000 томошабин бўлгани, бу сотилган чипталар сонидан сезиларли даражада кўп экани келтирилади. “А” секторда бор-йўғи 4 мингга яқин томошабин бўлгани ҳолда 12 мингга яқин мухлис метрога яқин масофадаги “C” секторга жойлашишади.
“Спартак” 16-дақиқадаёқ ҳисобда олдинга чиқиб олади, аммо кейин мезбонлар ўйиндаги устунликни бой беришади. Финал ҳуштагига икки дақиқа қолганда, бошқа гол бўлмаслигига ишонч ҳосил қилган, қолаверса, совуқ ҳавода музлаб қолган мухлислар стадиондан чиқишга шошилишади. Ўйин вақтида ўсмир-мухлислар билан келишмовчиликка учраган милиция ходимлари оломонни назорат қилиш мақсадида тўртта чиқиш эшигининг фақат биттасини очиб қўйишади.
Бир пайт бир қиз охирги зинапояга етган вақтда йиқилиб тушади, олдиндагилар унга ёрдам бериш учун тўхташади, лекин орқадан келаётган вазиятдан бехабар оломон тўхтамайди. Натижада пастдаги қиз оёқостида қолиб кетади. Шундан сўнг занжирли реакция бошланади, ортдан келаётганлар бир-бирини суриб-итариб келаверади, одамлар ерда ётганларга қоқилиб йиқилаверади, қурбонлар сони ортаверади.
Гувоҳлар сўнгги сонияларда Сергей Швецов ҳолландлар дарвозасига иккинчи голни урган пайтда ҳақиқий тиқилинч бошланганини айтишади. Рўй берган ҳодиса ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот берилмагани оқибатида фожиа қандай рўй бергани ҳақидаги ёлғон тасаввурлар урчиганди. Эмишки, сўнгги дақиқада урилган голдан сўнг стадиондан чиқиб кетаётган томошабинлар ичкарига қайтиб кирмоқчи бўлади, бироқ уларнинг стадиондан чиқаётган оқим билан тўқнашиши тиқилинч ва тартибсизликка сабаб бўлади.
Тиқилинчда “Спартак”нинг 66 нафар ишқибози ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти 14–19 ёшдаги ўсмирлардан иборат. Совет газеталари ўйин тафсилотлари ҳақидагина ёзишди, аммо “Вечерняя Москва” (“Москва оқшоми”)дан ташқари ҳеч бир нашр фожиа ҳақида бир сатр ҳам ёзгани йўқ. “Москва оқшоми”нинг сўнгги саҳифасида чиққан жимитдеккина хабарда ҳам стадиондаги “бахтсиз ҳодиса” содир бўлгани, “қурбонлар бор”лиги ҳақидагина сўз боради холос.
Рўй берган ҳодиса ҳатто ҳалок бўлган ўсмирларнинг ота-оналаридан ҳам яширилган. Улар фарзандларини касалхона ва ўликхоналардан қидиришган, бироқ негадир қурбонларнинг шахсига яқинларининг ёрдамида ойдинлик киритилмаган.
Михаил Горбачёв давридаги “ошкоралик” пайтидагина, яъни орадан 7 йил ўтиб “Лужники”да аслида нима бўлгани ҳақида матбуотда батафсил ёзилди. Бироқ бу пайтга келиб фожиа ҳақида бир қанча версиялар оммалашишга улгурган, одамлар аслида нима бўлганига эмас, кўпроқ ўша миш-мишларга ишонишарди. Воқеанинг гувоҳлари ва қурбонларнинг қариндошлари ҳалигача ўша куни юзлаб одамлар ўлган деб ҳисоблашади. Фожиага 10 йил бўлганида “Лужники” ҳудудида ҳалок бўлганлар хотираси учун ёдгорлик ўрнатилган.
Москва метросида эскалаторнинг қулаши
Москва метроси тарихидаги энг даҳшатли авария 1982 йилнинг 17 февралида соат 17:00 лар атрофида “Авиамоторная” станциясида содир бўлади. Йўловчилар оқими кўпая бошлагани учун бекат хизматчилари тўртинчи захира эскалаторни ишга туширишади.
Даставвал устидаги тумонат одамнинг оғирлиги таъсирида юрмай қолган эскалатор тезлашиб кетади. Бекат ходими уни тўхтатмоқчи бўлганда авария тормози ишламайди. Эскалатор шу қадар тезлашиб кетадики, у занжирларини узиб, пастга қулайди.
Авария 8 кишининг ҳаётига зомин бўлган, ўнлаб одамлар турли оғирликдаги жароҳат олган, жабрланувчилар ичида умрбод ногирон бўлиб қолганлар кўпчиликни ташкил этади. Оёғи чиқиш платформаси ва зинапоя орасига қисилиб қолган жабрланувчилардан бирини озод қилиш учун асбоблар топилгунча у яна 2 соат кутишга мажбур бўлган. Вақт ва узоқ кечикиш туфайли оёғидан айрилган.
Гувоҳлар фавқулодда ҳолат рўй берган вақтда бекат ходимлари метрога кириш йўлини тўсиб қўйишмагани, натижада бекатга эндигина кириб келганлар ўлим хавфи чангал солиб турганидан бехабар ҳолатда қотил эскалаторга қадам ташлашда давом этишганини айтишган.
Фожиа оммавий ахборот воситаларида ёритилмагани сабабли ҳодиса тафсилотлари оғиздан оғизга ўтиб, афсонага айланади. Аслида нима бўлгани 9 ой давомида яширилади. Одамлар аслида мавжуд бўлмаган “қонли гўшт майдалагич” ҳақида бир-бирларига ҳикоя қилишади, баъзи нашрлар “юзлаб” қурбонлар борлиги хусусида ёзишади.
30 йил сир сақланган Бойқўнғирдаги фалокат
Янги Р-16 қитъалараро баллистик ракетаси 1960 йилнинг 24 октябрида – Бойқўнғир космодромида илк марта синовдан ўтказишга тайёргарлик чоғида портлаб кетади. Анъанага кўра Совет иттифоқи раҳбарияти ҳар йили Октябр инқилобининг юбилейида ишлаб чиқаришдаги яна бир улкан ютуқ билан мақтаниши керак эди.
Йилдан йилга кучайиб бораётган совуқ уруш шароитида бу анъананинг аҳамияти ошиб кетади. Натижада дунё жамоатчилигини ҳайратга солиш мақсадида ҳали тўлиқ тугалланмаган қитъалараро баллистик ракетанинг илк синови ташкиллаштирилади. Бундай шароитда ҳарбийлар ўзларини хавфга қўйган ҳолда минг бир қўрқув ичида синов майдонига тугалланмаган ракетани олиб чиқишади.
Айтишларича, Хрушчев ва Брежнев ишларнинг боришини шахсан текширишади. Р-16 лойиҳасини жойида шахсан назорат қилган Стратегик ракета кучлари бош қўмондони Митрофан Неделинга ракетани инқилоб кунига қадар учириш тўғрисида аниқ буйруқ берилади.
Юбилейга улгуриш учун шошилиш хавфсизлик қоидаларининг қўпол бузилишига олиб келади. Синов бошланишидан ярим соат олдин двигателлардан бири ўз-ўзидан ишга тушади. Кучли силкиниш таъсирида ёқилғи баклари қулаб тушади ва ракета ёқилғисига ўт кетади. Кўп ўтмай жуда кучли портлаш содир бўлади ва бир неча юз метр масофадаги ҳамма нарса ёниб кетади.
Расмий маълумотларда 74 киши ҳалок бўлгани, портлаш натижасида жароҳатланган ва куйганлардан яна 4 киши вафот этгани келтирилади. Бошқа маълумотларга кўра қурбонлар сони 92 нафардан 126 нафаргача бўлган. Қурбонлар орасида артиллерия бош маршали Митрофан Неделин ҳам бор эди.
Ҳар доимгидек ушбу фожиа тафсилотлари ҳам қатъий махфийлаштирилади. Бироқ стратегик ракета кучлари бош қўмондонининг ўлимини жамоатчиликка нимадир қилиб изоҳлаш керак эди. Бойқўнғирдаги фожиа ҳақида айтиб бўлмаганинг учун гўёки Неделин авиаҳалокат қурбони бўлгани ҳақидаги уйдирмани ўйлаб топишади. У ҳурмат-эҳтиром билан Кремл девори ёнига дафн қилинади. Фожианинг бошқа қурбонлари эса турли шаҳарлардаги қабристонларга ва Бойқўнғирдаги оммавий қабрга яширинча дафн қилинади. Тўғри, баъзи маълумотлар хориж матбуотида тарқалади, аммо СССР ҳукумати фожиа ҳақиқатан рўй берганини орадан 30 йил ўтиб, 1989 йилда тан олади.
Космонавт Бондаренконинг ўлими 25 йил яширилди
24 ёшли Валентин Бондаренко инсоният тарихидаги биринчи космик парвозга номзодлардан бири эди. У “Восток” космик кемасида парвозга тайёрланган жамоадаги энг ёш космонавт эди, машғулотлардаги кўрсаткичлари бўйича Юрий Гагариндан кейин тўртинчи ўринда турган.
Аммо тарихий парвоздан 3 ҳафта олдин Бондаренко сурдобарокамера (космонавтларни тажриба ва ўқитиш учун ишлатиладиган махсус герметик ва овоз ўтказмайдиган хона)даги синов пайтида фожиавий ҳалок бўлади.
Сурдобарокамерада космонавтлар коинотда қолишга ўргатилган, уларнинг реакцияси, саломатлиги ва руҳияти текширилган. У ерда космонавтлар овқатланишади, дам олишади, коинотдаги муҳитга мослаштирилади. Бондеренко паст босимли ва юқори даражадаги кислород билан тўйинтирилган ёпиқ камерада ёлғиз ўзи 15 кунни ўтказиши, кундузи ухлаши, кечаси эса уйғоқ бўлиши керак эди.
Бироқ 10-куни ҳалокат рўй беради. Камера кислород билан тўлгач, Валентинга тиббий датчикларини ечишга рухсат берилади. У қизариб кетган терисини спиртга ботирилган пахта билан ишқалагач, ишлатилган пахтани чиқинди қутисига ташлайди. Лекин пахта толаси электр печканинг спирали устига тушади ва кислород билан тўйинган атмосферада у тез аланга олади. Олов бир зумда камерани қамраб олади космонавтнинг махсус кийими ёна бошлайди. Бондаренко оловни ўчиришга ҳаракат қилади. Навбатчи шифокор камера ичидаги босим паст бўлгани боис герметик эшикни дарров оча олмайди.
Камера эшиги очилгач, шифокорлар 8 соат давомида ёш космонавтнинг ҳаёти учун курашади. Бироқ барча саъй-ҳаракатлар зое кетади ва 1961 йил 23 мартда, Юрий Гагариннинг парвозидан 19 кун олдин Валентин Бондаренко вафот этади.
Космик пойга даврида СССР ҳукумати космос билан боғлиқ бўлган ҳамма нарсани сир сақлаган. Бондаренконинг ўлимини шунчаки яширишмайди, балки тарихдан бутунлай ўчирилади, сараланган отряднинг Валентин ўрин олган жамоавий суратлари йўқ қилинади. Бироқ унинг “ғойиб бўлиши” эътибордан четда қолмайди. Гагариндан олдин ҳам кўплаб жасур космонавтлар космосга юборилгани, аммо парвоз пайтида ҳалок бўлгани ёки орбитада йўқ бўлиб кетгани ҳақида қўрқинчли миш-мишлар тарқайди. Бундай ҳикоялар Ғарбда жуда машҳур бўлган.
Ҳалокат 25 йил давомида сир тутилган. Совет ҳукумати расмийлари космонавтнинг ўлимини 1986 йилга келибгина тан олишади.
Жамшид Ниёзов тайёрлади.
Мавзуга оид
17:00 / 05.11.2024
Ўтган юз йилда цунами 260 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди — БМТ
20:51 / 03.11.2024
Испания қироли ва қироличаси Валенсияда лойбўрон қилинди
14:58 / 03.11.2024
Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари: Британияга қочган совет майори
14:21 / 20.10.2024