Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Газ заправкалари фаолияти тўхташи ортидан Самарқанд ва Наманганда автобуслар қатнови тўхтади
Электр энергияси таъминотидаги узилишлар туфайли ёнилғи муаммоси келиб чиққач, Самарқанд ва Наманган вилоятларида аксарият автобуслар қатновга чиқа олмади.
Самарқанд вилоят транспорт бошқармасининг маълум қилишича, 26 январь куни шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро йўналишларда хизмат кўрсатувчи автобус йўналишларида транспорт воситалари сони кескин даражада камайиб кетган. Бунинг асосий сабаби ёнилғи (сиқилган газ) билан боғлиқ.
«Вилоят транспорт бошқармаси автобусларни йўналишларга чиқариш учун барча чораларни кўрмоқда. Юзага келган ҳолат тўғри тушунилишини хоҳлардик. Келтирилган ноқулайликлар ва йўқотилган вақт учун барча йўловчилардан узр сўраймиз», дейилади хабарда.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, 2022 йил 25 январ куни содир бўлган электр энергияси узилиши Самарқанд вилоятидаги аксарият ёнилғи қуйиш шохобчалари фаолиятига жиддий таъсир қилган.
Автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчалари ишламагани оқибатида 25 январь куни ҳам вилоятдаги барча шаҳар ва туманларда аксарият йўловчи ташиш автобуслари ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган.
Шу ҳолат Наманган вилоятида ҳам кузатилмоқда.
Маълумот учун, бугун, 26 январдан бошлаб автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилади.
Энергетика вазирлиги ахборот хизмати маълум қилишича, свет ўчиши газ қазиб олиш конлари ва уни қайта ишлаш заводларида технологик жараёнлар бузилиши ҳолатларига сабаб бўлган. Бу эса, ўз навбатида газ ишлаб чиқариш ҳажми камайишига олиб келган.
«Умумтизимда кузатилган йирик носозликлар мутахассислар томонидан бартараф этилиб, республикамизнинг ягона электр тармоғига қувват узатилиш бошланди. Бугун, соат 09:30 ҳолатига кўра республикамизда электр энергияси таъминоти 70 фоизга тикланган.
Бунда, биринчи навбатда аҳоли истеъмолчилари ва ижтимоий соҳа объектлари электр энергияси билан таъминланди.
Шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, юзага келган носозликлар сабабли мамлакатимиздаги мавжуд газ қазиб олиш конлари ва уни қайта ишлаш заводларида технологик жараёнлар бузилиши ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса, ўз навбатида газ ишлаб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келмоқда.
Шу сабабли, иссиқлик электр станцияларида газ босими камайиши кузатилмоқда ва бу электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида, ишлаб чиқарилаётган табиий газ тўлиқ ҳажмда иссиқлик электр станциялари, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли истеъмолчиларига йўналтирилади.
Шу муносабат билан, бугундан бошлаб автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилади. Шу билан биргаликда, бошқа ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган юридик истеъмолчиларга ҳам табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилади.
Ҳурматли истеъмолчилар! Ушбу амалга оширилаётган чора-тадбирлардан асосий мақсад – биринчи навбатда аҳоли хонадонларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш ҳисобланади.
Вазиятни тўғри баҳолаб, бизни қўллаб-қувватлаганингиз учун раҳмат!» дейилади хабарда.
Мавзуга оид
16:15 / 22.06.2026
“Қуёшли хонадон” доирасида фуқароларга пул тўланмаяпти. Расмий идоралар сукутда
15:08 / 21.06.2026
Бўрижар каналида қурилган микро ГЭСлар нега ишламаяпти?
16:14 / 04.06.2026
Электропоезд чиптасини Тошкент жамоат транспорти билан боғловчи тарифлар жорий этилади
15:14 / 04.06.2026