25 январь куни Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида, Қирғизистоннинг Норин, Бишкек, Ўш ва Иссиқкўл, Қозоғистоннинг Олмаота, Чимкент, Тароз, Жамбил ва Туркистон вилоятларида электр таъминотидан узилиш ҳолати кузатилди. Бу эса ушбу ҳудудлардаги жами 40 миллиондан зиёд аҳоли ҳаётига жиддий таъсир кўрсатган.

Қайд этиш керакки, ушбу ҳолат кўлами жиҳатдан тарихдаги энг йириги эмас. Бу каби блэкаутлар ўз вақтида АҚШ, Канада ва Италия каби дунёнинг ривожланган мамлакатларида ҳам юз берган.

Умуман олганда, «блэкаут» атамаси пайдо бўлиш тарихи ўтган асрнинг иккинчи ярмига бориб тақалади. 1965 йилнинг 9 ноябрь куни АҚШ ва Канада энергия тизимида носозлик юз бериши оқибатида Қўшма Штатларнинг 7та штатида, Канаданинг икки провинциясида электр таъминоти узилиб, бундан 30 миллион киши жиддий зарар кўради.

1977 йил 13 июль куни Нью-Йоркдаги «Қўрқинчли тун» эса 2003 йилгача глобал энергетика саноатидаги энг йирик фавқулодда ҳодиса сифатида кўриб келинган. Чақмоқ уриши оқибатида иккита асосий электр тармоғи ишдан чиқади ва шаҳар 25 соат давомида электр энергиясиз қолади. Натижада Нью-Йорк кўчалари ўғри-талончиларга тўлиб кетади. Полиция 3700 нафарга яқин одамни ҳибсга олади, 2 мингдан ортиқ дўкон талон-торож қилинади. Таҳлилларга кўра, ўша пайтда етказилган зарар ҳозирги нархларда миллиард доллар атрофида бўлган.

Photo by NY Daily News Archive via Getty Images

Шу тариқа, тизимидаги носозликлар сабаб йирик ҳудуд аҳолисининг маълум вақт давомида электр энергияси таъминотидан узилиб қолишини англатувчи «блэкаут» атамаси пайдо бўлган.

Қуйида кўлами бўйича дунёдаги энг йирик электр таъминотидан узилиш ҳолатлари ҳақида маълумот келтирилади.

Ҳиндистон, 2012 йил 30-31 июль (700 миллионга яқин киши жабрланган)

Фото: Reuters

2012 йилнинг июль ойи охирида Ҳиндистон дунёдаги энг йирик, ўз тарихидаги иккинчи блэкаутни бошидан кечирди. Бу мамлакат шимоли ва шарқидаги 28 штатдан 22 тасида яшовчи 700 миллионга яқин одамга таъсир кўрсатган. Йирик авария натижасида мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати 38 фоизгача қисқариб кетади.