Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Доминикан Республикаси светсиз қолди
Кариб денгизидаги, аҳолиси 11 миллиондан ортиқ бўлган ушбу орол давлати электр узатиш тизимидаги авария туфайли ёруғликсиз қолди. Энергетиклар электр таъминотини тикламоқда.
Фото: Rosa Muñoz Lima/DW
Доминикан Республикасида — Кариб денгизидаги, аҳолиси 11 миллиондан ортиқ бўлган орол мамлакатида 11 ноябр куни кенг кўламли электр таъминоти ўчиши рўй берди. AP агентлиги хабар қилишича, мамлакат расмийлари блэкаут сабабини электр узатиш тизимидаги авария деб атади. Биринчи бўлиб Сан-Педро-де-Макорис шаҳридаги электр станцияси ўчган, бу эса мамлакат бўйлаб электр станциялари ва подстанцияларининг занжирли тарзда ўчишига олиб келган. Илк аварияга нималар сабаб бўлгани ҳозирча ноаниқ.
Reuters ёзишича, блэкаут айниқса пойтахт Санто-Доминго ва машҳур денгиз курорти Пунта-Канага қаттиқ таъсир кўрсатди, бироқ ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам электр ўчиши ҳақида хабар берган. Блэкаут Санто-Домингодаги жамоат транспорти, жумладан канат йўллари ва метро ишини издан чиқарди. Шифохоналар, банклар ва бошқа йирик муассасалар генераторлардан электр олишга ўтди, кўплаб турар жой уйлари ва кичик бизнеслар мутлақо ёруғликсиз қолди.
Кечга бориб Доминикан Республикасида электр таъминоти тиклана бошлади. «Ҳозир биз 527 мегаваттдан ортиқ электр энергиясини ишлаб чиқаряпмиз, бу миллий талабнинг 15 фоизидан кўпроғини ташкил этади, тизимни барқарорлаштирар эканмиз, бу рақам ўсишда давом этади», — деди мамлакат энергетика вазири Хоэл Сантос Эчаваррия.
Октябр охирида Доминикан Республикаси яна бир нечта Кариб мамлакатлари — Куба, Ямайка, Ҳаити ва Багама ороллари билан бирга вайронкор «Мелисса» тўфонидан жабр кўрди. USA Today’га кўра, Доминикан Республикасида табиат офати оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган. Умуман, «Мелисса» минтақада 50 дан ортиқ инсон ҳаётига зомин бўлди, кенг кўламли сув тошқинлари ва кўчкиларни келтириб чиқарди.
Бундан ташқари, 8 апрел кечаси Санто-Домингодаги Jet Set тунги клубида концерт пайтида том қулаши 222 кишининг ўлимига олиб келди. Мамлакат президенти Луис Абинадер уч кунлик миллий мотам эълон қилди. Ҳокимият фожиа сабабларини текширишни ваъда қилди.
Мавзуга оид
20:22 / 30.11.2025
Наманганда чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган завод қурилиши бошланди
09:56 / 12.11.2025
Чиқинди қарзи бор истеъмолчи тўғридан тўғри электрдан узилмайди — Энергетика вазирлиги
12:46 / 11.11.2025
Тошкентда чиқинди қарзи туфайли 6 минг абонентнинг электр тўлови вақтинча чекланди
08:40 / 10.11.2025