Ўзбекистон | 12:10 / 27.01.2022
7493
2 дақиқада ўқилади

Россияда ўзбекистонликларнинг эски ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш бошланди

Жорий йилнинг 25 январидан Россияда Ўзбекистон фуқароларининг эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш бошланди.

Фото: Egov.uz

Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази хабарига кўра, гувоҳномани Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими, шунингдек, мамлакатнинг Владивосток, Екатеринбург, Қозон, Новосибирск, Ростов-Дон ва Санкт-Петербургдаги бош консулликларида алмаштириш мумкин. 

Ҳужжатлар Вазирлар Маҳкамасининг “Россияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига янги турдаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини беришда қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қабул қилинади. 

Ўзбекистон элчихонаси маълумотларига кўра, хоҳловчилар хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг асл нусхаси ёки фуқаро биометрик паспорти (ID карта), миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг асл нусхаси ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси учун купоннинг асл нусхаси билан элчихона консуллик бўлимига, шунингдек, юқорида кўрсатилган шаҳарлардаги бош консулликларга мурожаат қилиши мумкин. 

Эски ҳайдовчилик гувоҳномалари қуйидаги муддатларда янгисига мажбурий алмаштирилади: 2010 йилгача берилганлари – 2022 йил 31 мартгача; 2010 – 2012 йилларда берилганлари – 2022 йил 30 июнгача; 2013 – 2015 йилларда берилганлари – 2022 йил сентябргача; 2015 йилдан кейин берилганлари – 2022 йил 31 декабргача. 

Юқоридаги муддатларгача алмаштирилмаган гувоҳномалар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид