16:07 / 31.01.2022
6032

Тошкентдаги бинолар ёшини аниқлаш имконини берувчи платформа ишга тушди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти томонидан ишга туширилган Age Tashkent лойиҳаси орқали танланган вақт оралиғини ёки аниқ йилни қўллаган ҳолда пойтахтдаги биноларнинг ёшини аниқлаш имконияти пайдо бўлди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Лойиҳадан фойдаланиш бўйича оддий йўриқнома: харитада сизни қизиқтирган бинони топинг, унга босинг ва керакли маълумотларга – қурилиш санаси, бинонинг тури (турар жой биноси, маъмурий бино) ва бошқа маълумотларга эга бўлинг», - дейилади хабарда.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Маълум қилинишича, қурилган йилига қараб барча бинолар турли рангларда белгиланган.

«Экраннинг ўнг қисмида берилган диапазондаги, масалан, 1944 ва 1998 йиллар оралиғида қурилган биноларни кўрсатиб турувчи «градусник» жойлашган. Биноларнинг ранги ҳам тасодифан танланган эмас. Қадимгироқ бинолар тўкилувчи материаллар – улар қурилишида қўлланилган сомон ва лой рангида акс эттирилган. Собиқ СССР даврини оловранг ва қизил ранг акс эттирса, 1966 йилдаги ер қимирлашидан кейин пайдо бўлган метро кўк рангда намоён бўлади. Мустақиллик йилларига оч ҳаворанг белги бўлса, янги Ўзбекистон даври яшил рангда бўялган».

Бинонинг ёши ёки бошқа маълумотларида хатолик мавжуд бўлса, у ҳақида қайта алоқа орқали маълумот бериш мумкин. Бу орқали дастурчилар маълумотлар базасини такомиллаштиради.

Экраннинг чап қисмидаги қулф белгиси эса «Сирли хонани» очиб, у Тошкент чегараларини йилидан келиб чиқиб, кўрсатиб беради. Унда барча туманлар, шаҳар атрофидаги қалъа девори, 12 та дарвоза, шунингдек, маданий мерос объектларининг археологик ҳамда кўчаларнинг замонавий номлари кўрсатилган.

Top