Ўзбекистон | 20:31 / 01.02.2022
5446
4 дақиқада ўқилади

Давлат буюртмачилари давлат харидларига доир қонунчилик талабларини тизимли равишда бузиб келмоқда – Антикоррупция агентлиги

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат харидлари соҳасида 2022 йилнинг январь ойида ўтказилган мониторинг ва таҳлил натижаларини эълон қилди.

Маълум қилинишича, давлат буюртмачиларининг давлат харидларини махсус ахборот порталига жойлаштирилган эълонлари орқали масофавий мониторинг тартибида ўрганишда давлат харидларини сунъий равишда қисмларга бўлиш, бир хил иштирокчиларнинг такроран ғолиб бўлиши каби бир қанча қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг 46-моддасида давлат харидларини амалга оширишнинг рақобатга асосланган усулларини четлаб ўтиш мақсадида давлат харидлари ҳажмини қисмларга бўлиб ташлашга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги 55-сонли қарори билан тасдиқланган «Қурилиш соҳасида танловларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида»ги вақтинчалик Низомнинг 3-бандида, давлат буюртмачиларининг ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 2500 бараваридан ортиқ (675 млн. сўм) бўлган қурилиш соҳасидаги давлат харидлари «tender.mc.uz» махсус ахборот портали орқали электрон шаклда амалга оширилиши белгиланган.

Лекин давлат буюртмачилари томонидан давлат харидини амалга ошириш жараёнида юқорида қайд этилган қонунчилик талаблари тизимли равишда бузиб келинмоқда.

Хусусан, Андижон давлат университети томонидан 2021 йилда қурилиш соҳасида қиймати 5 млрд. сўмдан ортиқ 15 та давлат харидлари ўтказилган бўлиб, улар қонун талабларига зид равишда сунъий тарзда қисмларга бўлинган. Натижада 2 та тендер тарзида «tender.mc.uz» махсус ахборот портали орқали электрон шаклда ўтказилиши керак бўлган харидлар 10 та танлов шаклида ҳамда 2 та ҳолатда бир хил мазмундаги 5 та танловлар қисмларга бўлинган ҳолда ўтказилган.

Андижон давлат университети томонидан ўтказилган 15 та қурилиш соҳасидаги танловларда 7 та хўжалик юритувчи субъектлар ғолиб бўлиб, сунъий равишда бўлинган харидларнинг деярли барчасида бир хил иштирокчилар қатнашган ва бир хил иштирокчи ғолиб бўлган.

Бундан ташқари:

  • «Навоий савдо комплекс» акциядорлик жамияти томонидан 2022 йил 5 январь куни жамият савдо комплексини таъмирлаш бўйича қиймати 21,7 млрд. сўмлик;
  • «Тошкентдонмаҳсулотлари» АЖ буюртмачилигидаги 2022 йил 18 январь куни жамият маъмурий биносини жорий таъмирлаш юзасидан қиймати 1,627 млрд. сўмлик;
  • Самарқанд шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси буюртмачилигида 2021 йил 27 март куни «Самарқанд шаҳар марказий кўча ва хиёбонларига дизайн асосида дарахт экиш ишлари»ни амалга ошириш бўйича 230 млн. сўмлик;
  • «Пахтасаноат Илмий маркази» АЖ буюртмачилигидаги 2022 йил 17 январь куни меҳмонхона биносидаги 5 та хоналарни бузиб қайта режалаштириш ва дизайн асосида 8 та люкс хоналарга айлантириш юзасидан қиймати 996 млн. сўмлик;
  • «Трансгазинжиниринг» МЧЖ буюртмачилигида 2022 йил 21 январь куни «қурилиш-таъмирлаш ишлари»ни бажариш юзасидан қиймати 2,456 млрд. сўмлик;
  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги «Маъмурий-хўжалик хизмати» ДУК буюртмачилигида 2022 йил 24 январь куни вазирлик маъмурий биносини жорий таъмирлаш юзасидан қиймати 1,681 млрд. сўмлик.

Аксилкоррупция агентлиги юқоридаги қонунбузилиши ҳолатлари бўйича буюртмачиларга давлат харидларини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш ҳақида 7 та тақдимнома ва 1 та сўровнома киритилганини, буюртмачилар тақдимномаларни кўриб чиқаётганини билдирди. 

Мавзуга оид