Ўзбекистон | 07:43 / 01.02.2022
4395
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри экспортини 2,5 млрд долларга етказиш режалаштирилмоқда

31 январь куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимотда инвестиция ва экспорт масалалари кўриб чиқилди.

Хусусан, бу йил пойтахтда 738 та лойиҳа бўйича жами 3 миллиард 800 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиши қайд этилди. Шундан 2 миллиард доллари тўғридан тўғри хорижий инвестициядир. 500 та лойиҳа жорий йилнинг ўзида ишга туширилиб, 27 мингта янги иш ўрни ташкил этилади.

Инвестиция лойиҳаларини маҳаллалар кесимида шакллантириш чоралари, бу соҳада 2022-2026 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ҳақида ҳам ахборот берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари Тошкент шаҳрининг молиявий, иқтисодий имкониятлари кенглигини, ҳудудий лойиҳаларни кўпайтириб, ҳар бир туманга қўшимча 100 миллион доллар жалб қилиш мумкинлигини таъкидлади.

Ташқи савдо борасида ҳам “ўсиш нуқталари” белгилаб олинган. Хусусан, жорий йилда Тошкент шаҳри экспорти 1 миллиард 400 миллион доллар бўлиши кутилаётган бўлса, 2026 йилга бориб бу кўрсаткични 2 миллиард 500 миллион долларга етказиш мўлжалланган.

Йирик халқаро брендларни жалб қилиш орқали ҳам ички бозор талабини қондириш, ҳам экспортни ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Видеоалоқа орқали туман ҳокимлари ва сектор раҳбарлари билан маҳаллабай ишлаш масалалари юзасидан мулоқот бўлди.

Мавзуга оид