Ўзбекистон | 07:44 / 02.02.2022
8371
2 дақиқада ўқилади

2021 йилда газ баллонлари ўрнатилган машиналардаги портлашларда 14 нафар фуқаро ҳалок бўлган

Жорий йил 1 февраль куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Мажлисда мамлакатда газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳолати ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи муҳокама этилди.

Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида газ баллонлари билан жиҳозланган транспорт воситаларининг портлаши билан боғлиқ салбий ҳолатлар юз беришига қатор омиллар сабаб бўлаётгани аниқлангани қайд этилди.

Автотранспорт воситаларига ноқонуний газ мосламасини ўрнатиш ва уларнинг ўз вақтида техник кўрикдан ўтказилмаслик ҳолатлари йилдан-йилга кўпайиб бораётгани таъкидланди. Бу автотранспорт воситалари портлаши билан боғлиқ мудҳиш ҳодисаларни вужудга келтирмоқда.

2021 йил давомида республика бўйича газ баллонлари ўрнатилган транспорт воситаларида 14 та портлаш ҳамда 2 та ёнғин чиқиш ҳолатлари содир бўлиб, уларда 9 нафар фуқаро жароҳатланган ва 14 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Шунингдек, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларида газ баллонларини тўлдиришда белгиланган талаб ва тартибларни бузиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.

Уларни автомобилларга ўрнатиш ва тегишли ускуналарни синовдан ўтказиш билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатилмаганлиги, газ баллонларининг техник синовдан ўтказилганлиги тўғрисида қалбаки далолатномалар расмийлаштириш ҳолатлари мавжудлиги қайд этилди.

Сенаторлар яна бир масалага эътибор қаратди. “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 8-моддасида Ўзбекистон қонун ҳужжатлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилиниши белгиланган.

“Лекин газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аксарияти рус тилида қабул қилинган.

Мажлисда бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди”, дейилади Сенат хабарида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид