21:54 / 02.02.2022
73819

Айиқ чангалига ташланган қизалоқ воқеаси: очиқ қолаётган саволлар

Kun.uz зоопаркдаги аянчли воқеа бўйича суриштирувларини давом эттирди. Хўш, руҳий хаста аёл қандай қилиб олийгоҳга ишга олинган? Аёлнинг ҳамкасблари у ҳақида қандай фикрда?

Фотоколлаж: Kun.uz

3 яшар қизчасини айиққа ем қилмоқчи бўлган она воқеаси атрофидаги муҳокамалар бир неча кундирки тингани йўқ. Kun.uz ҳодиса қандай рўй берганини ўрганди, фожиага сабабчи бўлган аёлнинг хонадонида бўлиб, у нега бундай ҳолатга тушиб қолганини аниқлашга уринди. Бироқ мавзу бўйича қатор саволлар ҳалигача очиқ қолмоқда.

Руҳий хаста аёл қандай қилиб ишга қабул қилинган?

Фожиа сабаблари ҳақидаги суриштирувимиз тафсилотлари эълон қилингач, ўқувчиларимиздан кўплаб саволлар келиб тушди. Жумладан, кўпчилик руҳий-асаб касалликлари диспансерида рўйхатда турган аёлнинг талабаларга дарс беришига қандай қилиб йўл қўйилгани, нима учун олий таълим муассасасига ўқитувчи лавозимига ишга олинаётган шахснинг саломатлиги ҳақида маълумотнома талаб қилинмагани билан қизиқди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ходимлар бўлими бошлиғи Дилбар Арипованинг Kun.uz'га маълум қилишича, Зилола Тўлаганова ишга кираётганда соғлом экани қайд этилган тиббий маълумотнома тақдим этган.

“Институтга ҳар бир ўқитувчи тартибимиз бўйича 4 та масъул ходимнинг суҳбатидан ўтиб, керакли ҳужжатларни тақдим этганидан сўнггина ишга қабул қилинади. Талаб этилган ҳужжатларнинг орасида ишга қабул қилинаётган ходимнинг соғломлиги ҳақидаги маълумотнома ҳам бўлиши шарт.

Зилола Тўлагановага Шайхонтоҳур тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 43-сонли оилавий поликлиника томонидан 653-рақамли 2021 йилнинг 30 август кунида унинг соғлом ва ишга лаёқатли эканлигини тасдиқловчи тиббиёт маълумотномаси берилган. Маълумотномада 9 та (терапевт, жарроҳ, невропатолог, эндокринолог, окулист, отоларинголог, стоматолог, гинеколог, дерматолог) шифокорнинг Зилола Тўлаганованинг соғлом эканлигини тасдиқловчи имзоси ҳам қўйилган. Биз шу маълумотномага асосланиб, уни ишга қабул қилганмиз”, дейди Дилбар Арипова.

Маълум бўлишича, З.Тўлаганова институтга 2021 йилнинг 6 сентябрь куни 0,5 ставкага ташқи ўриндошлик асосида ишга қабул қилинган. У институтнинг 3-курс талабаларига реклама ва амалий графикадан дарс берган.

“Зилола Тўлаганова институтимизнинг Амалий санъат ва дизайн факультети Реклама ва амалий графика кафедрасида ишлаб келган. Август ойида иш сўраб келганида, ўзи шу институт талабаси бўлгани, ўқишни “қизил” дипломга тамомлагани учун белгиланган тартибда ишга қабул қилинган.

Уни яқиндан таниганлар бакалавриятда ҳам (2008–2012 йиллар), магистратурада ҳам (2015–2017 йиллар) намунали талабалардан бўлгани, иш фаолияти давомида ҳам у билан боғлиқ ҳеч қандай салбий ҳолат кузатилмагани, ҳамкасблари билан ҳам муносабатлари жуда яхши бўлганини айтишмоқда. Шу сабабли ҳам рўй берган воқеани эшитиб, ҳамкасблари “шок”ка тушиб қолишди.

Ишга кириш вақтида тақдим этилган ҳужжатларида келтирилишича, Зилола аввал “Янги аср авлоди” нашриётида ишлаган, бугунги кунда унинг асосий иш жойи “Zabarjad media” нашриёти ҳисобланади. Шунинг учун у институтга 0,5 ставкага ишга қабул қилинган.

Кафедра мудирининг айтишича, Зилола ҳафтада икки ёки уч мартагина институтга келиб, фақат ўзининг дарсини ўтиб кетган. У ҳеч қайси талабага масъул сифатида бириктириб қўйилмаган. Институтда 3-курс талабаларига реклама ва амалий графика бўйича сабоқ берган”, дейди Миллий рассомлик ва дизайн институти ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жабборова.

“Мутлақо соғлом”: тиббий маълумотнома қандай берилган?

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, З.Тўлаганова 2021 йилнинг июль ойидан буён руҳий-асаб касалликлари диспансерида рўйхатда туради. Бироқ орадан бир ой ўтиб, 2021 йилнинг 30 август куни Шайхонтоҳур туманидаги 43-оилавий поликлиника томонидан берилган тиббий маълумотномада унинг “соғлом” экани қайд этилган.

Хўш, руҳий диспансер ҳисобидаги шахс қандай қилиб “соғлом” деб топилди? 43-оилавий поликлиниканинг бош шифокори Наргиза Шермуҳаммедова ҳолатни қуйидагича изоҳлади.

“Тиббий маълумотнома берилган вақтда Зилола Тўлаганова ота-онаси билан Шайхонтоҳур туманида ижарада туришган. Шу ерда яшагани учун тиббий кўрикка чиқиб юрган. Сентябрда бу ердан кўчиб кетган. Ҳайвонот боғидаги ҳодисадан сўнг тиббий дафтарчасини қидирганимизда ўзи билан олиб кетгани маълум бўлди. Шу ерда яшаётган вақтда ишга киргани ва ишхонасидан сўралгани учун терапевт, жарроҳ, невропатолог, эндокринолог, окулист, отоларинголог, стоматолог, гинеколог, дерматолог кўригидан ўтиб, “соғлом” деган тиббий маълумотнома олган.

Энди унинг руҳий-асаб касалликлари диспансерида тургани ҳолда “соғлом” деган тиббий маълумотномани қандай олганига келсак, оилавий поликлиникаларда психоневролог штати йўқ. Фуқарода руҳий-асаб касалликлари бор-йўқлигини ушбу мутахассис аниқлайди. Поликлиникамизда З.Тўлаганова невропатолог кўригидан ўтади ва пациентда неврологик касалликлар бор-йўқлигини аниқлашга қаратилган тиббий кўрик натижалари ҳамда саволларига фуқаро томонидан берилган жавобларга асосланиб, у “соғлом” ёки “носоғлом” экани ҳақида хулоса беради.

Қолаверса, ходимнинг асаб касалликлари бўйича ҳисобда туриш-турмаслигини аниқлаш иш берувчининг ваколатидаги масала, бу бизнинг ваколатимизга кирмайди. Биз тиббий кўрикка келган фуқароларни ўзимиздан ўзимиз диспансерга йўналтириб юбора олмаймиз. Буни иш берувчи талаб қилиши керак. Масалан, бизнинг тизимга ишга кириш учун руҳий-асаб, сил касалликлари бўйича ва наркологик диспансер ҳисобида турмаслиги ҳақида маълумотнома талаб этилади. Фуқароларнинг шундай ҳисобда туриши ёки турмаслиги ҳақидаги маълумотлар оилавий поликлиникаларда мавжуд эмас”, дейди Наргиза Шермуҳаммедова.

Бош шифокорнинг таъкидлашича, руҳий-асаб касалликлари бўйича диспансер ҳисобида турувчи шахс ўзи бу ҳақда оилавий поликлиника шифокорига айтмаса, у тиббий кўрик орқали буни аниқлай олмайди.

“Руҳий-асаб касаллиги бор одамлар невропатолог кўригидан ўтишга келганда уларнинг руҳий хаста эканини билиб бўлмайди. Касаллик авжига чиққан ҳамда хуруж қилганидан бошқа пайтларда у сиз-у биздек оддий одам бўлади, саволларга адекват жавоб беради. Атрофимизда шизофрения ва шунга ўхшаш касалликлар бўйича қанча одамлар юради. Уларнинг ҳам юз қиёфаси, кўринишидан хаста ё соғлом эканини аниқлашнинг имкони йўқ. Чунки соғлом одамдан жуда ҳам ажралиб туришмайди.

Шу сабабли ҳам иш берувчилар бундай маълумотларни диспансерлардан сўраб олишади. Диспансердагилар фуқарони тиббий кўрикдан ўтказиб ўтиришмайди, маълумотлар базасидан унинг исм-шарифини қидириб кўришади. Агар фуқаро болалигида руҳий-асаб касаллигига чалинган бўлса ҳам базадан унга тегишли маълумот чиқиб келади. Масалан, ёшлар оила қураётганида бекорга руҳий-асаб касалликлари диспансерига юборилмайди. Никоҳ қуриш учун бу маълумотномани тақдим этишлари, яъни соғлом бўлишлари шарт”, дейди Н.Шермуҳаммедова.

Ҳамкасблари Зилола ҳақида нима дейди?

Зилола Тўлаганованинг ҳамкасблари Kun.uz мухбири билан суҳбатда ҳеч қачон унда руҳий-асаб касалликлари хуружи кузатилмагани, одамлар билан ҳамиша яхши муносабатда бўлганини таъкидлашди.

Жасур Жумаев, Амалий графика ва бадиий фотография кафедраси доценти:

— Зилола билан курсдош бўлганмиз. У оғир, вазмин, ҳар бир берилган вазифа ва топшириқларга масъулиятли талаба эди. Уни ким биландир уришганини ёки беҳурматлик қилганини кўрмаганман. Бу хабарни эшитиб, рости гангиб қолдим. Балки маълумотлар нотўғридир, деган хаёлга ҳам бордим. Унинг шахсий ҳаёти қандай эканлигидан бехабар эдим. Ижтимоий тармоқлардаги маълумотлардан билдимки, у охирги йилларда шахсий ҳаётида кўп қийинчиликларни бошдан ўтказибди.

Сайёра Саидова, Санъатшунослик ва музейшунослик факультети декани, доцент:     

— 2008–2020 йилларда Амалий санъат факультети декани бўлиб ишлаганман. Зилола Тўлаганова бакалавр босқичида менинг факультетимда таҳсил олган. 2012 йилда бор йўғи икки талаба ўқишни имтиёзли диплом билан тамомлаган. Шуларнинг бири Зилола эди. У ҳамма фанлардан аълога ўқиган, тартибли талабаларимдан бири эди. Шу пайтга қадар унинг руҳиятида бирор бир ўзгаришни, атрофдагиларга нисбатан ножўя хатти-ҳаракатини умуман сезмаганман.  

Баҳром Намозов, Амалий графика ва бадиий фотография кафедраси мудири:

— Зилолани талабалик пайтидан яхши биламан. Ҳам вазмин, ҳам намунали талабалардан бири бўлган. Зилола ўтган йили август ойида институтда ишлаш нияти борлигини айтиб қолди. Биз унинг ҳаракатчанлигини ва шу пайтга қадар унда бирор бир ножўя хатти-ҳаракатни кузатмаганимиз сабабли уни қўллаб-қувватладик ва 0,5 штатда ташқи ўриндошлик сифатида ишга қабул қилдик. У ҳафтасига 2 ёки 3 марта келиб, фақат ўзига белгиланган соатда дарсини ўтиб кетарди. Умумий олиб қарайдиган бўлсак, Зилола сентябрь ойидан декабрь ойигача, яъни 4 ой давомида талабаларга дарс берган. Лекин шу вақт оралиғида бирор бир талаба ёки ўқитувчи унинг устидан шикоят қилиб, норози бўлгани йўқ. Ишлаш давомида Зилола ўзининг оилавий шароитидан нолиб, гапирганини ҳам эшитганим йўқ.

Раҳимжон Ризамуҳаммедов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, театр безаги ранг-тасвир кафедраси доценти:

— Мен Зилола Тўлагановага магистратурада 2 йил давомида дарс бердим. У энг намунали талабаларимдан бири бўлган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардимки, у ўтиладиган ҳамма фанларга эътиборли эди. Берилган топшириқларни вақтида бажариб, вақтида баҳоларини оларди. Содир бўлган мудҳиш воқеа ҳаммамизни таажжубга туширди. 

Маъмура Қутлиева, “Zabarjad media” хусусий корхонаси раҳбари:

— Мен Зилолани 2017 йилдан – “Янги аср авлоди” нашриётида бош муҳаррир вазифасида ишлаган кезларимдан бери биламан. У ҳамиша оғир-босиқ, камгап қиз эди. Ҳаётида катта бўшлиқ борлигини, доим нимадандир кўнгли тўлмай юришини ҳис қилардим.

Кейинчалик унинг иқтидорини ва берилган вазифага масъулият билан ёндашишини инобатга олиб, ўзим раҳбарлик қилаётган корхонага ишга таклиф қилганимда, мен билан ишлашга бажонидил рози бўлди.

Зилола билан ўртамизда доимо яхши муносабат ўрнатилган, мени раҳбар сифатида эмас, қадрдон инсонидек кўнглига яқин олиб, бор дардини, қувончини гапириб берарди. Оиласидаги келишмовчиликлардан ҳам хабардор эдим. Лекин мен Зилолага бу ташвишлар ўткинчи эканлигини, яхши кунлари олдиндалигини, фарзандларини яхши тарбия қилиши кераклигини қайта-қайта уқтирардим.

Содир бўлган воқеани эшитиб, руҳим тушиб кетди. Зилола фарзандлари – Дадахон билан Заринани кўпинча ишхонамизга ўзи билан олиб келарди. Унинг фарзандларига нисбатан қўпол муносабатига гувоҳ бўлмаганман. Ҳамма оналар қатори у ҳам фарзандларига меҳрибон она эди, ҳатто ўғлига ўз соҳасини ўргатмоқчи эканлигини, унинг расм чизишга бўлган лаёқатини хурсанд бўлиб гапирарди.

Бугун Зилоланинг ойиси ва қизидан хабар олгани бордим. Шўрлик она адойи тамом бўлди йиғлайвериб. “Ҳамма айб менда, қизимни асролмадим”, деб ўзини айблашдан тўхтамади. Онага сабр тилашдан бошқа сўз тополмадим.

Воқеа тарихи

28 январь куни соат тахминан 12лар атрофида номаълум аёл кичкина қизчани Тошкент ҳайвонот боғининг Зузу лақабли айиқ сақланадиган вольерга ташлаб юборади. Бу воқеани ўткинчилар кўриб қолиб, ҳайвонот боғининг хавфсизлик бўлими ходими Эргаш Маматовга хабар беришади. У ўз навбатида ҳайвонот боғининг Йиртқичлар бўлими мудири Нодир Баҳромовга телефон қилиб, содир бўлган ҳодиса ҳақида ахборот беради.

Масъул ходимларнинг зудлик билан кўрган чора-тадбирлари натижасида қизча вольер ичидаги ҳовузга қулаганидан 2-2,5 дақиқа ўтиб, Зузу ички қафасга киритилади ва ходимлар бошқа эшикдан вольерга кириб, қизчани олиб чиқишади.

Жабрланувчига ҳайвонот боғи ҳамшираси томонидан биринчи ёрдам кўрсатилади. Сўнгра у тез тиббий ёрдам хизмати машинасида шифохонага олиб кетилади.

Суриштирувлар давомида жабрланувчи 3 ёшу 3 ойлик Зарина Аҳадова экани, қизчани вольерга ташлаб юборган аёл эса унинг 30 ёшдаги онаси Зилола Тўлаганова экани ойдинлашди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ўтказилган рентгенологик, томография текширувларидан сўнг болага очиқ бош мия жароҳати ва бош мия чайқалиши ташхислари қўйилади. Шифохонага олиб келинган вақтда 5 метр баландликдан бетон қопламали бетон юзага йиқилган боланинг боши ёрилган, шунингдек, юз қисмида ҳам жароҳат борлиги маълум бўлди. Бир кун реанимация бўлимида муолажа олган бола эртаси куни Болалар жароҳатлари хирургияси ва нейрохирургия бўлимига ўтказилади.

Юнусобод тумани прокуратураси терговчиси Отабек Бозоровга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25-, 97-моддаси 2-қисми “в” банди (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Она эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Нодир Баҳромовнинг айтишича, 24 йил аввал очилган Тошкент ҳайвонот боғида бундай воқеа шу пайтгача кузатилмаган. Зузу лақабли айиқ 2016 йилда туғилган, жинси эркак. У бу ерга 2017 йилда Бокудаги ҳайвонот боғидан олиб келинган. Мутахассис табиатда эркак айиқ ҳатто ўзининг болалари учраб қолса, уларни еб қўйиши ёки ўлдиришини айтди, Зузунинг болага зиён етказмаганини Аллоҳнинг марҳамати дея таъкидлади.

Тошкент ҳайвонот боғи маъмурияти рўй берган воқеадан сўнг Заринанинг даволаниши учун кетадиган харажатларни ўз зиммасига олганини, кейинчалик эса қизалоқ ва унинг акасига зоопаркка бир умр бепул кириш имкониятини тақдим этганини эълон қилди.

31 январь куни Тошкент ҳайвонот боғи вакиллари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига бориб, қизчанинг ҳолидан хабар олишганини маълум қилди. Хабарда Заринанинг кайфияти яхши экани, шифокорлар томонидан унинг ҳолати турғун дея баҳоланаётгани таъкидланади.

Жамшид Ниёзов,
Kun.uz мухбири

Top