Барчаси “Sevimli” телеканалида эфирга узатилган “Сабрия” телесериалидаги ахлоқсиз саҳна ортидан бошланди. Бу саҳна ижтимоий тармоқларда кескин баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди.

Ҳолат юзасидан Фирдавс Абдухолиқовнинг ўзи ва унинг қизи Амира Рашидова (“Sevimli” бош продюсери) бир-бирига зид баёнотлар беришди. Телеканал бош директори ва бош муҳаррири ишдан бўшатилди, сериал намойиши тўхтатилди. Аммо шунга қарамай Фирдавс Абдухолиқов билан боғлиқ воқеалар силсиласи давом этмоқда.

Қатор лавозимлар билан бирга, Кинематография агентлигининг ҳам бош директори ҳисобланган Фирдавс Абдухолиқов ўз ўғли, қизи ва рафиқасига тегишли “Sevimli” телеканалига давлат буюртмаларини бергани учун маъмурий суд курсисига тортилди.

Бу воқеалар фонида Фирдавс Фридунович ўзи ташкил қилган ва очилганидан буён бошқариб келган Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЭОАВМА, мақолада русча ва оммабоп қисқартмаси – НАЭСМИ аббревиатурасидан фойдаланамиз) раислигидан истеъфо берди.

Катта эҳтимол билан бу танқидларга нишон бўлиш жараёнида маълум қурбонлар беришдир.

Хўш, бугун диққат марказига тушган Фирдавс Абдухолиқов ўзи ким?

Медиаолам сари қадамлар

Абдухолиқов Фирдавс Фридунович 1963 йилда Самарқанд шаҳрида шифокор оиласида туғилган ва илк маълумоти бўйича филолог ҳисобланади. 1980-1985 йилларда СамДУ филология факультетини, 2001-2007 йилларда иқтисодиёт факультетини битирган.

Маълум муддат ёшларга оид ташкилотларда ишлаб келган Фирдавс Абдухолиқов 1989 йилда Ўзбекистондаги илк нодавлат телеканал – СТВга асос солади