Россия президенти Владимир Путин Ғарбнинг Россия талабларига тақдим этган жавобидан норози бўлганини яширмади. Бу ҳақда Путин Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан учрашувдан кейинги брифингда гапирди.

Россия президенти Ғарб Россиянинг асосий талабини эътиборсиз қолдирганини айтди.

«26 январ куни АҚШ ва НАТОнинг жавобини олдик. Уни обдон таҳлил қиламиз, аммо ҳозирдан маълумки, Россиянинг асосий талаб ва хавотирлари рад этилган.

Биз НАТОни кенгайтирмаслик, Россия чегарасида зарбдор қуролларни жойлаштирмаслик ва альянснинг Европадаги инфратузилмасини 1997 йилдаги Россия билан келишув имзоланган ҳолатга қайтаришни сўрагандик. Бу асосий талабларимизнинг бирортаси инобатга олинмади.

Бизга НАТОни шарққа қараб бир дюм ҳам силжитмаслик бўйича ваъда берилганди. Аммо бугун НАТО қаерда эканини кўряпмиз: Польшада, Руминия ва Болтиқбўйи давлатларида. Халқ тилида айтганда, бизни чув туширишди», деди Путин.

НАТО ҳеч ким бошқа давлатнинг альянсга киришга ҳаққи йўқлигини таъкидлаб, «очиқ эшиклар» сиёсатида собит қолишини айтганди. Путиннинг фикрича, бу тартиб ҳеч қандай ҳужжат билан мустаҳкамланмаган.

«Очиқ эшиклар» сиёсати дейиляпти. Хўп, бу ҳақда қаерда ёзилган? Ҳеч қаерда», деди Путин.

1949 йилги НАТО ташкил этилиши бўйича келишувнинг 10-бандида альянснинг барча аъзолари рози бўлган тақдирда, унга Европанинг бошқа давлатларини қабул қилиш мумкинлиги ёзилган.

«Ўша ҳужжатда «мумкин» деб ёзилган, «мажбур» деб эмас. Ваҳоланки, АҚШ ва НАТО Украинага «Сизнинг интилишингизни қадрлаймиз, хавфсизлигингизни ҳимоя қилишни истаймиз, аммо сизни [альянсга] қабул қила олмаймиз, чунки олдинроқ бунга имкон бермайдиган келишув имзолаганмиз» дейишлари мумкин эди. Шундай дейишса, Украина учун нимаси аламли бўларди?» дейди Путин.

Россия президентининг фикрича, Украинанинг НАТОга кириши Қрим сабаб альянс ва Россия ўртасида ҳарбий тўқнашувга олиб келиши мумкин.

«Тасаввур қилинг, замонавий қуроллар, зарбдор тизимлар билан қуролланган Украина НАТО аъзосига айланди ва Қримга юриш бошлади. Донбасс ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Яна такрорлайман, НАТО аъзоси сифатида Украина бу ҳарбий операцияни бошласа, нима бўлади? Нима, биз НАТО билан уришамизми? Кимдир бу ҳақда ўйладими? Менимча, йўқ.