Жамият | 13:21 / 02.02.2022
10570
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ташаббуси билан 4750 метр чуқурликкача бурғиланаётган табиий газ конига пресс-тур ташкил қилинди

29-30 январь кунлари “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти “Шўртаннефтгаз” бошқармаси томонидан табиий газ қазиб чиқарилиши ва уни қайта ишлаш жараёнлари билан таништириш мақсадида пресс-тур ўтказилди.

Айтиш мумкинки, Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасида сўнгги йилларда бир қатор янгиликларга қўл урилди. Жумладан, жамиятга қарашли “Шўртан” конининг энг қуйи қатламларини ўзлаштириш мақсадида янги “Терриген-1” юра қудуғини бурғилашга тайёргарлик жараёнлари олиб борилди. 2021 йилда “Шўртан” кони ҳудудида “3D” сейсмик-қидирув ишлари йўлга қўйилиб, коннинг имкониятлари таҳлиллар асосида муҳокама қилинди. 300 дан ортиқ қудуқларнинг маълумотлари таҳлил қилинди, комплекс рақамли моделлаштириш асосида янги “Терриген-1” қудуғини бурғилаш учун асос яратилди.

Натижада “Шўртан” кони ҳудудида тарихда илк бор 4750 метр қуйи терриген қатламигача тушиш ва шу чуқурликка қадар бурғилаш ишлари амалга оширилди. Оммавий ахборот воситалари “Ўзбекнефтгаз бурғилаш ишлари” корхонаси томонидан бурғиланаётган мазкур қудуқдаги иш жараёнлари билан танишдилар.

Пресс-тур қатнашчилари Ғузор тумани аҳолисини табиий газ билан таъминлаш мақсадида “Номозбой” конидаги паст босимли қудуқлардан газ қазиб олишни қайта йўлга қўйиш учун қурилган газни дастлабки тайёрлаш қурилмасининг ишлаш жараёнига гувоҳ бўлдилар. Ушбу конда цеолит ёрдамида газни қуритиш қурилмаси ҳам ишга туширилгани маълум қилинди. Коннинг паст босимли қудуқларидан қазиб олинаётган табиий газ ушбу қурилмаларда тайёрланиб, “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг Ғузор газ тақсимлаш станциясига етказиб берилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, «Номозбой» газ конидан 2014 йилдан бошлаб саноат миқёсидаги табиий газ қазиб олиняпти.

ОАВ вакиллари «Шўртан» нефт ва газ қазиб чиқариш заводи музейи билан танишдилар. Музейда нафақат завод тарихи, балки бугун ва эртаси ҳақида ҳам маълумот берилди.

Пресс-тур қатнашчилари тадбирнинг иккинчи кунида Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг ишлаб чиқариш диспетчерлик хизмати фаолияти билан танишдилар. Айтиш мумкинки, диспетчерлик хизмати жамиятга қарашли бўлган бўлимлар томонидан газ, нефт, газ конденсати, олтингугурт қазиб чиқариш ва қайта ишлаш объектлари иш жараёнларини назорат қилувчи ҳамда мувофиқлаштирувчи хизмат ҳисобланади. Ушбу хизмат газ қазиб чиқариш, қайта ишлаш ҳамда газ, нефт ва конденсат, ПБФ, олтингугурт қазиб чиқариш ва маҳсулотни етказиш бўйича шартномавий мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлайди. Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан «ШГКМ» МЧЖ ва «Ўзтрансгаз» АЖ тасарруфидаги магистрал газ қувурларига узатилаётган газ сарфи, тозалиги бўйича режимларни меъёр даражасида бўлишини таъминлайди.

Айтиш мумкинки, «Ўзбекнефтгаз» АЖ 2022 йилда ҳам кенг миқёсда геология ва бурғилаш ишларини давом эттириб, янги кон ва қудуқларни ишга туширишни режалаштирмоқда. Биргина Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан 2021 йилда 9 млрд куб метрдан ортиқ табиий газ қазиб чиқарилди ва 2022 йилда бундан ҳам кўпроқ натижага эришиш мақсад қилинган.

Журналист Исомиддин Пўлатов
Оператор ва монтаж устаси Фахриддин Ҳотамов

Тайёрлаган:  Маъруфжон Асқаров

Мавзуга оид