Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда 3 минг талаба Телеграм орқали ўқитилгани маълум қилинди
Қашқадарё вилоятида жойлашган ОТМларда 3 минг нафар талаба Телеграм ижтимоий тармоғи орқали ўқитилган. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов маълум қилган.
Қайд этилишича, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбарлари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятидаги олий таълим муассасаларини комплекс ўрганмоқда. Бугун, 2022 йил 3 феврал куни вилоятдаги мавжуд 6 та олий таълим муассасасини танқидий, таҳлилий ўрганиш жараёнлари ниҳоясига етган.
Ўрганиш давомида ижобий ишлар билан биргаликда бир қатор камчиликлар содир этилгани аниқланган. Жумладан, Қарши давлат университетининг Педагогика институти фаолияти қониқарсиз деб топилиб, директор, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари ва ўқув-методик бошқарма бошлиғига масофавий таълимни ташкил қилишда йўл қўйган жиддий камчиликлари учун ҳайфсан берилган. Муаммоларни бартараф этиш учун уч ойлик муддат берилган
Таълим учун яратилган махсус платформалар бўлган ҳолда мазкур ОТМда ўқитувчилар талабаларни Телеграм ижтимоий тармоғи орқали ўқитган.
"Бугун масофавий таълим учун яратилган кўплаб махсус платформалар бўлатуриб, уч минг нафар талабани телеграм орқали ўқитяпсизлар. Ҳамма нарса телеграмда. Олий таълим муассасасининг ўз платформаси йўқми? Бу нима аҳвол?” – дея ҳолатни танқид қилган А.Тошқулов.
Маълумот учун, бугунги кунда Қашқадарё вилоятидаги 6 та ОТМда талабаларнинг умумий сони 51 431 нафарни ташкил қилмоқда. Профессор-ўқитувчиларнинг умумий сони 2 779 нафарни ташкил этмоқда.