Иқтисодиёт | 19:52 / 04.02.2022
22611
3 дақиқада ўқилади

Гўшт импортининг қисқариши, қимматлаган мевалар — МБ январ ойида инфляцияга таъсир қилган омилларни маълум қилди

Январ ойида инфляция 0,9 фоизни ташкил қилди, унинг ўсишида озиқ-овқат нархларининг ошиши асосий омил бўлмоқда.

Фото: Getty Images

Марказий банк январ ойи якуни бўйича асосий озиқ-овқат нархлари ўсиши шарҳини эълон қилди. Унга кўра, 2022 йилнинг илк ойида асосий истеъмол товар ва хизматлари нархлари ўсиши 0,9 фоизни (2021 йилда 1 фоиз), йиллик инфляция даражаси эса 9,8 фоизни ташкил этган.

Ой давомида озиқ-овқат нархлари 1,3 фоизга қимматлаган. Йиллик ҳисобда эса ушбу гуруҳ маҳсулотлари 13,1 фоизга қимматлашган.

Озиқ-овқат нархларининг йиллик ўсиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан пасайган бўлса-да, ушбу гуруҳнинг умумий инфляцияга таъсири ҳамон юқорилигича (5,5 фоиз банд) сақланиб қолмоқда.

Қайд этилишича, январ ойида трансчегаравий юк ташишдаги қисқа узилишлар ва қўшни давлатлар томонидан экспорт чекловларининг киритилиши буғдой уни, импорт гўшти ва бошқа айрим товарлар таклифи қисқаришига сабаб бўлди.

Айрим сабзавотларнинг бозордаги таклифи музлаткичлардан савдога чиқариладиган маҳсулотлар ҳажмининг камайиши ҳисобига қисқарди. Тадбиркорлар томонидан ушбу маҳсулотларни эрта баҳорда қимматроқ нархларда таклиф этиш кутилмоқда.

Ўтган йили кам миқдорда экилган (сув танқислиги сабабли) карам маҳсулоти нархи ошишига қўшни давлатларга фаол тарзда экспорт қилинаётгани, шунингдек, саримсоқ нархининг ошишига эса маҳаллий маҳсулот таклифи камайгани, асосан, Эрондан импорт қилиниши ва касаллик тарқалишининг тезлашиши сабаб бўлмоқда.

Сақлаш харажатлари ва мавсумий таклиф ҳажмининг камайиб бориши фонида мева нархлари ўсувчи динамикани акс эттирди.

ҚҚС бўйича берилган имтиёзлар натижасида импорт таклифининг кўпайиши ички бозорларда парранда гўшти нархларининг пасайишига хизмат қилмоқда. Одатда январ ва феврал ойларида бозорларда истеъмол фаоллигининг мавсумий пасайиши кузатилади, дейилади шарҳда.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари

Январ ойида ноозиқ-овқат товарлари нархининг ўсиши ўтган декабр ойига нисбатан 0,28 фоиз бандга пасайиб, 0,5 фоизни ташкил қилди.

Қиш ойларида шамоллашга қарши дори воситаларига талабнинг ўсиши маҳсулотлар нархини оширди. Шунингдек, январда қурилиш материалларидан цемент, ёқилғи маҳсулотларидан бензин ва пропан нархлари арзонлашди.

2021 йилнинг сентябр-ноябр ойларида кузатилган ёқилғи маҳсулотлари қимматлашишининг таъсири озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликларни етказиб бериш бўйича хизматлар нархи ўсишида акс этиши давом этмоқда.

Аввалроқ айрим озиқ-овқат маҳсулотлари импортига берилган имтиёзлар даври тугагач, май-декабр ойларида нархлар ошмаслиги борасида қандай чоралар кўрилаётгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид