“Мусулмон батальони” қиёфасидаги десант: КГБ афғон ҳукмдори Ҳафизулла Аминни қандай йўқ қилган?
1979 йилда Афғонистон раҳбари Ҳафизулла Амин ўзининг жуда қаттиқ қўриқланадиган қароргоҳида йўқ қилинади. КГБ Аминни заҳарлаб ўлдириш бўйича махфий операция амалга ошмаганидан сўнг “Мусулмон батальони” қиёфасидаги десантни очиқ ҳужумга ташлайди. Ҳафизулла Амин ҳаммадан кутса ҳам СССРдан бундай ҳаракатни кутмаганди. Соқчилари навбати билан ўлдирилиб, ўзига яқинлашиб келаётганларида у ёрдамчисига қарата “Руслар билан боғлан, улар албатта ёрдам беришади” дейди. Аммо ҳужум қилаётганларнинг айнан руслар эканлигини эшитиб, бутунлай шокка тушади.
Ибтидо
СССРнинг Афғонистонга бостириб кириши йигирманчи асрнинг энг катта хато ва фожиаларидан бири эди. Ўн йил давом этган уруш йирик империянинг парчаланиши сабабларидан бири сифатида ҳам кўрсатилади. Амалда бирор натижага эришилмаган бўлса-да, собиқ иттифоқнинг бундай йўл тутишига қатор сабаблар бор эди.
Афғонистонда 1933 йилдан 1973 йилга қадар ҳукмдорлик қилган Муҳаммад Зоҳиршоҳ даврини мамлакатнинг ўзига хос олтин асри дейишади. Нисбий тинчлик ва демократия ҳукм сурган бу даврда Афғонистон кўп жиҳатдан ривожланган ёки ҳеч бўлмаганда ривожланаётган давлатлар қаторига кириб қолганди. 1973 йилда у Италияда сафарда бўлган чоғида амакиваччаси Муҳаммад Довуд томонидан давлат тўнтариши уюштирилади ва шу билан фақат деярли ўттиз йил ўтиб, кексалик чоғидагина юртига қайта олади.
Муҳаммад Довуднинг 5 йиллик бошқаруви монархиянинг тугатилиши, Афғонистоннинг республикага айлантирилиши сингари бир қарашда демократик ислоҳотлар билан бошланган, амалда репрессиялар, диктатура, тартибсизлик ва исёнлар билан ёдда қолади.
Бу жараёнларнинг мантиқий якуни сифатида “Савр инқилоби” юз берди - инқилоб раиси сифатида Нур Муҳаммад Тароқий давлатни бошқаришга киришди. Мамлакатни СССРга мос социалистик республикага айлантиришга киришган Тароқий жуда кўпчиликнинг қаршилигига учради ва ўтказаётган ислоҳотлари самара бермай қолди.
Бундан ташқари, ички исёнларни бостира олмай қолган Нур Муҳаммад Тароқий ҳокимиятни сақлаб қолиш учун 1978 йилдаёқ совет ҳукуматидан қўшин киритишни сўраганди. Ўша пайтда бу сўров рад қилинган бўлса-да, унутилмайди ва келажакда усталик билан фойдаланилади. Шу билан бирга СССР Афғонистон ҳудудида доимий асосдаги ҳарбий базага ҳам эга бўлиб олади.
Бир йилдан сал кўпроқ ҳукмдорлик қилган Тароқий бош вазир Ҳафизулла Амин томонидан тахтдан ағдарилади ва кейинчалик махфий равишда қатл қилинади. Не ажабки, давлат тепасига келган Ҳафизулла Аминнинг ўзи ҳам ҳар қандай муросаларни четга суриб, “Ким мен билан бўлмаса, менга қарши демак” тамойилини тутди ва йўриғига юрмаганларни аёвсиз йўқ қила бошлади.
СССР раҳбариятида Аминдан умид катта эди. Аммо Ҳафизулла нафақат вазиятни буткул издан чиқаради, балки совет тузумининг ғоявий душманлари билан яқин алоқа ўрнатиб боради. Бир сўз билан айтганда, СССР ўз чегаралари яқинида жиддий хавф сеза бошлайди ва шошилинч чоралар кўришга киришади. Дастлаб Ҳафизулла Аминни давлат тепасидан четлаштириш режаси тузилади, аммо кейинчалик бунинг чораси жисман йўқ қилиш деган хулосага келинади.
“Бўрон-333” операцияси
Ҳафизулла Амин реал хавфни ҳис қиларди, унинг душманлари беҳад кўп эди. Шу боис унинг ўзи Тароқий сингари СССРдан ҳарбий куч киритилишини 7 марта сўраган, шу орқали вазиятни назорат қилишни истаган эди. Мана шу асосда СССР томонидан Кобул яқинидаги Баграм шаҳрида 154-батальон ташкил қилинган ва у норасмий тарзда “Мусулмон батальони” дея аталарди.
Аминни йўқ қилиш бўйича қарор сиёсий бюро томонидан ўта махфий тарзда қабул қилинади ва унга “Бўрон-333” деб ном берилади. Ҳафизуллани йўқ қилиш ва унинг ўрнига СССРга тобе Бабрак Кармални давлат бошқарувига олиб чиқиш мўлжалланади ҳамда Москвада бўлган Кармал сирли тарзда Баграмга олиб келинади.
Реал таҳдидни ҳамиша ҳис қилиб яшаган Ҳафизулла Амин баланд тепалик устидаги мустаҳкам қалъа – “Тожбек” қароргоҳини ўзига маскан қилганди ва ҳудудни ҳамиша 1000-2000 нафар яхши қуролланган аскарлар қўриқлаб туришарди.
Дастлаб Ҳафизулла Аминни снайпер ёрдамида ўлдириш мўлжалланади. Бироқ унинг йўлида қўриқлаш кучайтирилгани, автомобиллари катта тезликда ҳаракатлангани туфайли позицияни эгаллаб турган икки снайпер ҳам қайтарилади. Кейин афғон ҳукмдорини заҳарлаш режаси тузилади. Бунинг учун унинг қароргоҳига КГБ агентлари бўлган икки ошпаз киритилади ва Амин билан бирга унинг қўриқчиси бўлган жияни Асадулло заҳарланади. Режага кўра, заҳар таъсир қилиб, тўполон кўтарилганда қароргоҳ эгалланиши лозим эди. Аммо заҳар Аминга мутлақо билинмайди, Асадуллога эса кейинги куни таъсир қилади ва у тақдир ҳазили туфайли даволаниш учун Москвага юборилади. Москвада у қамоққа олинади, кейинчалик Афғонистонга қайтарилади ва отиб ташланади.
Бу режалар иш бермаганидан кейин заҳарлаш ва бевосита штурм режаси тузилади. Қароргоҳни эгаллаш режалаштирилган кунда Амин иккинчи марта заҳарланади ва ҳушидан кетади. Ўз тиббиёт ходимлари ёрдам бера олмаганидан кейин СССР элчихонасидан шифокорлар чақиртирилади. Тақдирнинг яна бир ҳазили туфайли ҳеч нарсадан бехабар шифокорлар Ҳафизулла Аминни мураккаб вазиятдан қутқариб қолишади, зарур муолажаларни қилиб жонига оро киришади. Кейинчалик бу шифокорлардан бири ҳужум пайтида ўққа учраб, вафот этади.
Заҳар операциясининг натижасидан қатъи назар 154-“Мусулмон батальони” қиёфасидаги десантчилар ҳужумга тайёрланиб турар, уларга КГБ махсус кучларидан иборат икки гуруҳ қўшилганди. Барча десантчилар афғон аскарлари формаларини кийиб олишган, фойдаланилаётган автомобилларга ҳам маҳаллий рақамлар тақилганди.
Операция шу қадар махфий олиб борилганки, декабрь ойининг ўрталарида СССР мудофаа вазири Устинов Афғонистондаги бош ҳарбий маслаҳатчи, яъни амалдаги энг юқори лавозимли зобит, генерал-полковник Магометовдан “Бўрон-333” операциясига тайёргарлик қандай кетаётганини сўраганида у бундан мутлақо бехабарлигини айтиб ҳайрон қолади. Вазир вазиятни тўғри тушунади ва КГБ билан маслаҳатлашишни тавсия қилади.
1979 йил 27 декабрда КГБнинг “Альфа” ва “Зенит” гуруҳларидан иборат 700 нафарга яқин аскар Кобулнинг Доруломон туманидан Ҳафизулла Аминнинг Тожбек қароргоҳига ҳужумга ўтади. Ҳужумга сигнал сифатида алоқа тармоғининг портлатилиши хизмат қилади ва бу портлатиш орқали бутун Кобул, жумладан Аминнинг қароргоҳи алоқасиз қолдирилади.
Батальон ҳар қанча шиддат билан бормасин, қароргоҳдагилар юқори позицияда бўлиб, аёвсиз ўқ ёғдиришади ва ҳужум бир муддат секинлашиб қолади. Чунки ўша куни Тожбек қароргоҳини 2,5 мингдан ортиқ кучайтирилган аскарлар ҳимоя қилаётган, бундан ташқари, Кобулда жойлашган яна иккита танк қисмлари ёрдамга шай туришарди. Ҳафизулла Аминнинг заҳарланганини тахмин қилган қўриқлаш хизмати раҳбари, майор Сабри Жондод қўшимча кучлар келтириб жойлаштирган, ҳимояни кучайтиришга буйруқ берганди. Аммо “Бўрон-333” операцияси ташкилотчилари бундан бехабар қолишади.
Операцияси иштирокчилари эса қуйидаги таркибда эдилар: “Альфа” гуруҳи — 24 киши, “Зенит” гуруҳи — 30 киши, “Мусулмон батальони” — 520 киши, 9-парашют-десант ротаси — 100 киши. Жами 674 кишилик аскарларнинг сон жиҳатдан бир неча баробар кўп, яна мустаҳкам қароргоҳдаги қўшинга ҳужум қилиши назарий жиҳатдан операциянинг барбод бўлишини англатарди. КГБ бу ҳолатнинг ҳам режасини тузиб қўйган, операция барбод бўлган тақдирда барчаси “Мусулмон батальони” командири Ҳабибжон Холбоевнинг мастликда қилган ҳаракати дея эълон қилиниши режалаштирилган ва командирни кўпчилик кўз ўнгида жазолаш мўлжалланганди.
Лекин юқори тайёргарлик ва мувофиқлаштирилган ҳужум ўз натижасини берди. Бронетранспортёрлар ёрдамида қароргоҳга яқинлашаётган биринчи гуруҳ раҳбари ташқи периметрни қўриқлаётган қисмларга қурол тарқатилаётганини кўриб тўхтайди ва командирни чақиради. Ўзи сингари афғон зобитидан шубҳаланмаган командир келиши билан уни БТРга солиб узоқлашишади ва соқчиларга қарата ўқ ёғдиришади. Бу ҳолат қўққисдан ҳужум режасини барбод қилади. Шунда бутун операция раҳбари кенг қамровли ҳужумга ўтишни буюради. Қисқа муддатли тартибсизликдан фойдаланган иккинчи гуруҳ блокпостларни янчиб ўтиб, кириш эшикларини яксон қилади. Қароргоҳ ичига кириб борган десантчилар тез орада асосий хавф бўлган танклар ва пулемётларни зарарсизлантирадилар.
Қароргоҳ ҳовлисидан ошиб, қасрнинг эшик ва деразаларидан ичкарига кириб борган десантчиларнинг бир қисми қурбон бўлади. Лекин шунга қарамай, катта гуруҳ Ҳафизулла Амин яширинган иккинчи қаватга чиқишга муваффақ бўлади ва йўлларида ким учраса, битта қўймай қириб кетаверишади.
Қароргоҳдаги соқчилар сон жиҳатдан кўп бўлсалар-да, аниқ душманнинг йўқлиги тартибсизликни юзага келтиради. Ичкарида ҳамма бир-бири билан қоришиб кетган бир пайтда ҳужумчилар “Яша”, “Миша” дея шартли сигнал берганларича бир-бирларини таниб олишар ва босқичма-босқич илгарилаб боришарди.
Тез орада алоқасиз, аниқ мувофиқлаштиришсиз ва кўп ҳолларда бошқарувсиз қолган соқчиларнинг жанговар руҳи пасайиб кетади. Казармадаги 700 нафар соқчи қуролланиб чиқишга ҳам улгурмай асирга тушади. Қароргоҳдаги танкларнинг бирортаси ўқ отишга улгурмайди.
Бу пайтда аранг ўзига келган Ҳафизулла Амин ташқи дунё билан алоқа ўрнатишга ва ёрдам сўрашга уринарди. Ўқ овозлари бевосита унинг йўлагидан келаётганидан Амин ўз адъютантига “Руслар билан боғлан, улар албатта ёрдам беришади” дейди. Аммо адъютант унга айнан руслар ҳужум қилаётганини айтганида “Ёлғон! Бундай бўлиши мумкин эмас!” дея қичқиради ва қўл остидаги кулдонни улоқтиради.
Аммо вазият издан чиқиб бўлган, ҳукмдорнинг бир неча дақиқалик умри қолганди. Ҳафизулла Амин айнан қандай ўлдирилгани бўйича кўрсатмалар бир-биридан фарқланади. Айрим десантчилар унинг қўлга тушишни истамай ўз жонига қасд қилганини айтишса, айримлари у ярадор ҳолда югуриб чиққанда ўққа тутилганини билдиришган. Шунингдек, Ҳафизулла тириклай қўлга олиниб, “Лимузин”да олиб кетилгани, элчихона ёки ҳарбий қисмдаги сўроқдан кейин қатл қилингани ҳақида ҳам тахминлар бор.
Бор-йўғи 43 дақиқа давом этган операция натижасида СССР тарафдан 15 киши, жумладан КГБнинг бир полковник ва икки капитани ҳалок бўлади. Афғон томонидан Ҳафизулла Амин ва унинг вояга етмаган икки ўғли, 200 нафардан ортиқ аскарлар ўлдирилади. Икки мингдан ортиқ аскарлар асирга тушади. Ҳафизулла Амин қароргоҳнинг ўзида тезкорлик билан кўмиб юборилади. Аскарлар ҳам ҳаммаси биргаликда “Биродарлик қабристони”га дафн этилади.
Натижа
Кобул радиосидаги қисқагина хабарда Ҳафизулла Амин суд ва қатл қилингани эълон қилинади. СССРнинг марказий нашри бўлган “Правда” газетасида “Зулмлардан тўйган афғон халқи адолат илинжида инқилоб қилгани ва қонхўр ҳукмдор тахтдан ағдарилиб, олий жазога тортилгани” ёзилади.
Ҳафизулла Аминнинг йўқ қилиниши ва Бабрак Кармалнинг келиши СССР кутган “тинчлик”ни олиб келмайди. Қатор мамлакатлар мустақил давлатнинг раҳбари ўлдирилишини қоралашади. Бунинг ортидан кенг қамровли қўшинлар киритилиши ва ўн йил давом этган уруш Афғонистонда ниҳоятда мураккаб вазиятни юзага келтиради.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
20:51 / 04.10.2024
Россия «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқариш бўйича ишларни якунламоқда — ФХХ раҳбари
21:27 / 03.10.2024
“Толибон” Ваҳан коридорини очмоқчи. Бу қанчалик реал?
13:13 / 28.09.2024
“Мистер ва миссис Огородникофф”: АҚШда ишлаган КГБ жосуслари қандай фош қилинганди?
23:22 / 24.09.2024