Андижон вилоятининг нисбатан чўллашган ҳудуди бўлган Улуғнор тумани фермерлари туман ҳокими билан юзага келган низодан норози бўлмоқдалар.

Улуғнор тумани ерларида 204 та фермер хўжалиги фаолият олиб боради. Кластер тизими жорий қилинганидан буён тумандаги фермерлар “Водий саноат фахри” МЧЖ кластери билан шартнома асосида ишлашмоқда.

Туман фермерларининг бир гуруҳи “Водий саноат фахри” кластери билан ишлаб манфаат топишмаётгани, уч йилдан буён кластердан ўз пулларини вақтида ололмаётгани сабаб вилоят ҳудудида фаолият юритаётган бошқа кластер билан шартнома тузганликлари, бироқ бу ҳаракатлари туфайли ҳокимнинг қаршилигига дуч келишгани ҳақида мурожаат қилишди.

Бундан ташқари, катта майдондаги ҳосилдор ерлар кластер тасарруфига ўтгач қаровсиз қолиб, аянчли ҳолга келгани айтилмоқда.

Kun.uz фермерларнинг туманда фаолият юритаётган кластер билан эмас, балки бошқа кластер билан шартнома имзолашига ҳокимлик нега қарши бўлаётгани сабабларини ўрганди. Муаммо юзасидан фермерлар, туман ҳокими ва вилоят қишлоқ хўжалиги мутасаддилари билан суҳбатлашдик.

“Ҳокимдан хафамиз!” – улуғнорлик фермерлар

Тумандаги “Қирққиз” фермер хўжалиги раҳбари, 30 йиллик тажрибага эга деҳқон Шарофатхон Япиева аввалги кластер фермерларнинг ҳақини вақтида бермаганини айтади.

“Кластерлик ҳаракати бошланганидан бери туманимиздаги барча фермерлар “Водий саноат фахри” кластери билан шартнома тузиб ишлаб, кластердан фақат чигит олдик, холос. Уни ҳам 13 минг сўмдан олиб фермерларга 19 мингдан ўтказди. Кластердан ўз ҳақимизни олишимиз катта муаммога айланган. Ялиниб, ёлвориб оламиз. Кредитни банкдан оламиз, кимёвий ўғитларни “Қишлоқхўжаликкимё” етказиб беради, соляркани нефть ташкилоти етказиб беряпти. Кластер раҳбари ёки ходимлари фермернинг олдига келиб, “Нима муаммоларингиз бор?” деган эмас.

Ўзимиз учун манфаатли кластер излаб, Хўжаобод туманидаги “Файз М”га бордик. Раҳбари йўқ экан. Ходимларига “Агар сизлар билан шартнома тузсак, қандай қулайликлар бор?” дея савол бердик. Улар ёқилғига, кимёвий ўғитга, берган пулимизга устама қўймаслигини айтди. Бу биз фермерлар учун зўр шароит ахир. Кластерлар ўртасида рақобат бошланадиган пайт келди ахир!