Ўзбекистон | 21:49 / 05.02.2022
33839
3 дақиқада ўқилади

Тошкент метросида яна поезд тўхтаб қолди

Бугун, 5 феврал оқшомида Тошкент метроси поезди “Халқлар дўстлиги” ва “Миллий боғ” бекатлари оралиғида тўхтаб қолди. Интернетда ҳодиса видео ва суратлари тарқалди.

Интернетда тарқалган видеодан кадрлар

Метрополитен маъмурияти берган ахборотга кўра, ҳодисага техник носозлик сабаб бўлган. Бу вақтда машинист керакли чора-тадбир қўллаб, ҳаракат таркиби “Миллий боғ” бекатига олиб келинган ва барча йўловчилар бекатга туширилган.

Ушбу поездга ёрдам кўрсатиш мақсадида кейинги навбатда ҳаракатланаётган поезд ҳам йўловчиларни “Миллий боғ” бекатида қолдирган ва таъмир учун “Чилонзор” электрдепосига йўналтирилган.

“Техник носозлик сабаб юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраймиз, дейилади расмий ахборотда.

Ҳодиса гувоҳларидан бири Хуршид Қодиров Facebook'даги саҳифасида шундай ёзади:

“Ураааа...

Камина бугун метро бекатлари орасида қолиб кетдим. Бу каби хабарларни интернетда ўқир эдим. Ўша йўловчиларга “ҳавас” қилардим. Ана бўларкан-ку. Менга ҳам шу бахт насиб этди.

19:27 (тўхтаганимизда соатга қарадим) метро “Халқлар дўстлиги” ва “Миллий боғ” бекатлари оралиғида тўхтаб қолди. Охирги вагонда бўлганимиз учун йўловчиларни қўрқув босди. “Орқадан келаётган метро келиб урмас-а...”

Бироздан сўнг машинист охирги вагонга келиб орқа эшикка кириб чиқди. Ва шу суҳбат...

– Вазиятни тушунтириб берсангиз?

– Вақтим йўқ тушунтиргани. Ўтирсанг-чи жимгина.

Бошқа йўловчига қоч деб югуриб кетди.

Тахминан 19:36 ларда юрдик. “Миллий боғ” бекатида барча тушди. Хуллас, бошқа метро поездида уйга етиб олдик”.

14 январ куни метронинг “Туркистон” бекатида, 23 декабрда эса “Космонавтлар” бекатида вагонлардан бири тутаб кетган эди.

Мамлакатдаги энг хавфсиз транспорт саналадиган Тошкент метросида биргина 2021 йил давомида ўндан ортиқ кўнгилсиз ҳодисалар рўй берган эди. Масъуллар метро йўловчилари сони 1 йил ичида 1,5 баробарга ошгани, шунга қарамай вагонлар таркибининг катта қисми эски экани, улар босқичма-босқич янгилаб борилаётганини айтади.

Мавзуга оид