Ўзбекистон | 21:50 / 08.02.2022
13430
3 дақиқада ўқилади

Водий вилоятларига электр энергияси барқарор етказилиши маълум қилинди

Энергетика вазирлиги истеъмолчиларнинг электр таъминотида узилиш сезилмаслигини маълум қилган.

Фото: AP

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ 8 февралдан 9 февралга ўтар кечаси вилоятларга тунги соат 00:00 дан эрталаб соат 05:00 гача чекловлар киритилиши сабабли Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида электр таъминоти тўхтатилиши тўғрисида тарқалган хабарлар нотўғрилигини маълум қилди.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ тасарруфидаги Миллий диспетчерлик марказининг маълум қилишича, Сирдарё иссиқлик электр станциясини 500 кВ кучланишли электр тармоғига туташ қисмида таъмирлаш ишлари олиб борилаётганидан фойдаланиб, ушбу ҳаво тармоғида айрим таъмирлаш ишлари (эски русумдаги изоляторларни янги, замонавий изоляторларга алмаштириш) ишлари олиб борилади. Бироқ мазкур ҳаво тармоғининг таъмирга чиқарилиши Фарғона водийси истеъмолчиларининг электр таъминотига таъсир кўрсатмайди», дейилади АЖ матбуот хизмати хабарида.

Хабарда айтилишича, юқори кучланишли ҳаво тармоқлари ўзаро ҳалқалангани боис Фарғона водийси истеъмолчиларига бошқа юқори кучланишли электр тармоқлари орқали электр энергияси етказиб берилади.

«Таъмирга чиқарилган тармоқнинг юкламаси бошқа юқори кучланишли тармоққа тушиши оқибатида чекловлар киритилмаслиги учун (!) ушбу таъмирлаш-тиклаш ишлари электр таъминоти туннинг кескин камайган пайтида, яъни ярим тунда амалга оширилади», дея таъкидланган хабарда.

Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятлари истеъмолчиларининг электр энергияси таъминоти ишончлилигини янада ошириш мақсадида 500 кВли электр узатиш тармоғи ҳафта давомида, тунда таъмирланиши режалаштирилган.

«Ушбу ишлар тунда соат 00:00 дан 04:00 гача (4 соат муддатда) 70 метр баландликда олиб борилишини, бунда истеъмолчиларнинг электр таъминотида узилиш сезилмаслигини маълум қиламиз.

Ҳурматли истеъмолчилар, ушбу режалаштирилган таъмирлаш ишлари ёмғирли об-ҳаво бўлганлиги сабабли, 8-9 феврал кунлари амалга оширилмайди», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида. 

Хабарда айтилишича, таъмирлаш ишлари амалга оширилишидан аввал истеъмолчилар бундан хабардор қилинади.

UPD: Аввалроқ Kun.uz «Андижон ҲЕТК» АЖ матбуот хизмати хабарига асосланиб, таъмирлаш ишлари олиб борилиши туфайли Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида электр таъминотида узилишлар кузатилиши ҳақида хабар қилганди. 

«Сирдарё иссиқлик энерго-станцияси билан подстанция Ўзбекистон орасидаги Л-503 500 кВли ҳаво тармоғи таъмирга чиқаётганлиги сабабли Фарғона водийсидаги барча вилоятларга тунги соат 00:00 дан эрталаб соат 05:00 гача чекловлар киритилади», дейилганди хабарда.

Айни вақтда «Андижон ҲЕТК» АЖ матбуот хизмати бу хабарини ўчириб юборган.

Мавзуга оид