Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳудудларда электр таъминоти билан боғлиқ узилишлар кузатиляпти
Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларидан электр таъминоти билан боғлиқ узилишлар юзасидан мурожаатлар кўпайди. Самарқанд вилояти Ургут туманидаги маҳаллаларда 2 кундан бери, Сурхондарë вилояти Шеробод туманида айрим қишлоқларда эса 4 кундан бери свет йўқлиги айтиляпти. “Бир кунда зўрға 10-12 соат электр беришяпти. Қанақадир ечим бордир”, дейилади Фарғонанинг Риштон туманидан йўлланган мурожаатда.
Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг пасайгани фонида ҳудудларда электр таъминоти билан боғлиқ узилишлар кузатиляпти. Бу борада Kun.uz’га қатор мурожаатлар келмоқда.
«Самарқанд вилояти Ургут туманидаги маҳаллаларда икки кундан бери светни ёқишмаяпти. На ўчириш ҳақида огоҳлантиришган, на қачон ёнишини айтади. Бизнинг маҳаллага газ умуман келмаган, икки кундан бери свет ҳам йўқ, ичишга сув ҳам қолмади, телефонда антенна ҳам, қувват ҳам йўқ», дейди Kun.uz билан боғланган мурожаатчилардан бири.
«Мен Сурхондарë вилояти Шеробод туманиданман. Бизда 4 кундан бери свет йўқ. 1154 рақамига телефон қилишнинг ҳожати қолмади. Улар жавоб беришмаяпти», дейилади бошқа бир мурожаатда.
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ҳам қатор ҳудудлардан свет билан боғлиқ муаммоли мурожаатлар кўпайгани ҳақида ёзди.
«Мана 24 соатдан ошиб кетдики, Сурхондарё вилояти Олтинсой ва Денов туманларининг қишлоқ жойларида свет йўқ. Шаҳарда ҳам бир соат ёнади, икки соат ўчади. «Движок» билан ишлаб ўтирибмиз», деган сурхондарёлик бошқа бир мурожаатчи.
«Мен Фарғона вилояти Риштон тумани Гулистон МФЙдан ёзяпман. Бизда ҳам электр муаммоси. Бир кунда зўрға 10-12 соат электр беришяпти. Қанақадир ечим бордир», дейилади яна бир мурожаатда.
Энергетика вазирлигига кўра, Ўзбекистонда электр энергияси етишмовчилиги масаласида муаммо қолмаган. Охирги йилларда қурилган ўнлаб электр станциялари ҳисобига, генерация қилинаётган энергия ички эҳтиёжни тўла қондира олади. Свет ўчишлари эса, расмийлар изоҳига кўра, ток етишмовчилигидан эмас: эскирган тармоқлар баъзи вақтларда мавжуд юкламани кўтара олмай қоляпти. Тармоққа юклама максимал кўрсаткичга яқинлашганда, тақсимлаш пунктлари ишдан чиқмаслиги учун ҳудудий электр корхоналари таъминотни узиб қўйишга мажбур бўлади. Ҳар ҳолда, расмий изоҳ шундай.
Мавзуга оид
09:53
Олмазор тумани айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилиши мумкин
11:44 / 10.12.2025
Тошкентнинг икки туманида электр таъминотида узилиш рўй берди
23:25 / 19.06.2025
Қозоғистонда электр таъминоти узилгани Ўзбекистонга ҳам таъсир қилди
09:16 / 10.02.2025