Жамият | 13:21 / 09.02.2022
29516
13 дақиқада ўқилади

«Эгилиб пахта теришдан қутулган ўқитувчилар эгилиб узр сўрашга мажбурланмоқда» – интернет фаоллари ўқитувчиларнинг узрхонлиги ҳақида

Андижонда ўқитувчиларнинг ота-оналардан узр сўрашга мажбурланиши кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлди. Республика таълим маркази директор ўринбосари Исроил Тиллабоев ҳокимларни мактабларнинг таъмирини қилиб, шароит яратиб беришга, таълим жараёнига аралашмасликка чақирди. Блогер Азиза Қурбонова Марҳаматда содир бўлган воқеа cалла деса каллани кўтариб келишдан, кўзбўямачилик ва лаганбардорликдан дарак беришини таъкидлади.

Фото: Kun.uz

«Сиз шароит яратиб беринг, қолганига аралашмаганингиз яхши!»

Исроил Тиллабоев, Республика таълим маркази директор ўринбосари, Isroil Tillaboyev blogi Telegram-канали муаллифи:

«Президентимиз ҳокимлар мактаб таъмирига, моддий техник базасига жавоб беришини таъкидлаганлар. Мактаб таълими ички ишига, таълим сифатига, таълим мазмунига биргина орган жавоб беради: Халқ таълими вазирлиги!

Марҳамат тумани ҳокими (бошқа ҳокимларга ҳам шу гап), шу пайтгача ўз туманингиздаги мактабларга қандай моддий ёрдам берган эдингиз, ўқитувчига маҳаллий жамғармангиздан қайси бирига устама жорий қилгансиз, тиббий кўрикдан ўтказиш учун мактабларингизга қанча маблағ бердингиз, олимпиада ғолиблари учун маҳаллий жамғармангиздан нима бердингиз, ўз ташаббусингиз билан қандай танлов ўтказдингиз, қайси кам таъминланган ўқувчиларнинг ўқув қуролларига ҳомийлик қилдингиз, ўқитувчиларингиз турли курсларда ўқишига қанча пул ажратдингиз, нечта мактабнинг ўқитувчи ва ўқувчиларига ҳомийлик ва ёки маҳаллий бюджетингиз ҳисобидан стипендия ташкилладингиз, энг яхши натижа кўрсатган мактабингиз ўқитувчиларини санаторияга жўнатдингизми, мактаб таълим тизимининг нечта норматив ҳужжатини биласиз, ота-оналарни таълимга жалб қилиш учун нима қилдингиз?

Охирги саволим, нега шу ишларингизни президентимиз айтгандан кейин бошлаб юбордингиз? Унгача Марсдамидингиз?

Сиз мактаб таъмирини қилиб шароит яратиб беринг, қолганига, таълим педагогикасини, таълим сифатини оширишга тушунмаганингизга яраша аралашмаганингиз яхши!»

«Эгилиб пахта теришдан қутулган ўқитувчилар эгилиб узр сўрашга мажбурланмоқда»

Азиза Қурбонова, “Микрофон кўтарган аёл” Telegram-канали муаллифи:

«Шу охирги кунларда президент 2-3 марта таълимни ислоҳ қилиш, ўқитувчи обрўйи ва шу билан бирга малакасини ошириш, ёшлар билан ишлаш ҳақида тақдимотлар ва йиғилишларда кўп гапирди. Масалан, ўтган ҳафта президент «мактаб — давлатнинг биноси, cоат 4 дан кейин эшигини қулфламай, кутубхонасини очиб берсин, cпортзалини очиб қўйсин, кечқурун мактаб яқинидаги маҳаллада яшайдиган, ўқимайдиган-ишламайдиган ёшлар, катталар ҳам чиқиб булардан фойдалансин, тўгараклар очинглар, бирор маънили одамни суҳбатга чақиринглар (олдинлари бўларди-ку, гулхан атрофида дилдан гаплашишлар — реплика тарзида айтилган фикр) ҳозирги ёшларни илҳомлантирадиган ғоялар ўйлаб, ёшларга ҳаёт тажрибаларини ўртоқлашадиган, бирор нарсага қизиқишини оширадиган, руҳини кўтарадиган учрашувлар қилиб беринглар, болаларимиз кўчада бекор юрмасин...” деган фикрларни айтганди. Эшитиб ўтириб, “тўғри гап, қишлоққа борсанг 7 дан кейин ҳаёт зулматга чекинади, ёшлар боришига бирор ёруғ жой йўқ, тўп-тўп бўлиб чолдевор тагида сигарет (гоҳида қўлбола нашани ўраб) тутатиб ўтирган бўлади», деган фикрлар ўтганди ўзимдан.

Кўп кузатаман, бирор фикр айтилдими, икки-уч кун ўтмай акс-садо Андижондан келади. Доимгидек «хотели как лучше, а получилось как всегда» шаклида. Доимгидек, энг тушунарсиз ва тайёргарликсиз, кўр-кўрона, мажбурланган мазмунда. Менимча, ҳар қандай топшириқни киприк қоқмай, фикр қилмай, таҳлил қилмай, ҳеч бир стратегиясиз бажариш, cалла деса каллани кўтариб келиш – ноқобилликдан, кўзбўямачилик ва лаганбардорликдан дарак.

Президент «таълим сифати паст 84 та мактабнинг бирорта битирувчиси ўқишга кирмаган, нега ҳисобдорлик йўқ, қани натижа?» деганида ҳеч кимга, айниқса Андижон раҳбарларига ўқитувчини хор қилиб, «эгилтириб узр сўрат» демаган.

Булар ўша селекторларда нималарни ёзиб оларкин дафтарига ва тор «ақл»ига? Суратни кўрганингга уялиб кетасан киши... Қачонгача бунақа тутуриқсиз ишлар давом этади?

Ўқитувчилар узр сўради, тилхат ёзди — нима ўзгаради? Эртасидан мактабдаги дарс Оксфорднинг лекцияси бўлиб қоладими? Ё шу йилда битирувчиларнинг ҳаммаси ўқишга кириб кетадими? Таълим сифати паст бўлган мактабларни кўтариш учун ОблОНО, РайОНО каби таълимнинг ҳудудий бошқаруви (бошқарув десанг, одам хижолат — ғирт бюрократик, аслида мактабга келиб пул йиғиб кетадиган, пора эвазига мактабга директорни тайинлаб қўядиган коррупцион ҳалқаси) қандай ёрдам бериб қўйган шу пайтгача? Нима учун вазиятни ўнглашга ақл билан ёндашиш ҳақида ўйлаб кўришмайди? Балки мактаб ўқитувчиларини қайта ўқитиш керакдир? Балки ўқувчиларни (қишлоқ мактабларида 7-синфдан тепасида болалар дарсга келмасликни бошлайдилар – аксарияти устага шогирд тушади, Россияга кетган отаси то пул жўнатгунча оиласининг кунига 30-40 минг сўм олиб келадиган ягона боқувчисига айланади) мактабга қайтариш учун бошқа чораларни кўриш керакдир? Э-э, гапирсанг, гап кўп. 

Бугун ҳамманинг дили оғриган кун бўлди. Битта аламли, кичкина умид ҳам йўқ эмас. Йўл бўйида кўча супургани чиқиб, ўлиб кетган cамарқандлик ўқитувчи Диана Еникеева устозларнинг мажбурий меҳнатдан халос бўлиш рамзи эди, энди «боши эгилтирилган» марҳаматлик устозлар «кўзбўямачилик қурбонлари» сифатида бундай бошвоғи йўқ ишларнинг тўхталишига сабаб бўлар... Шунақа деётганим учун минг афсус.

Айтганча, бугун узр сўраса, Андижон шаҳар ХТБда 57 миллиардни ўғирлаганларга ярашади: ўқитувчидан, ўқувчидан, шу миллатнинг келажаги учун узр сўраб кейин 4 та катакнинг ичига кириб ўтирса жуда ярашади».

«Ўқитувчини ерга уриб таълимни кўтариб бўлмайди».

HabiСatura канали муаллифи

«Ҳеч қачон халқ айбдор эмас»

Қаҳрамон Асланов, “Аслановдан иқтибослар” Telegram-канали муаллифи:

«Қаердадир ўқидим, Андижонда беҳурмат қилинган ўқитувчилар бир ой ишга чиқишмасин, ўз норозиликларини билдиришсин, нима бўларкин, деб. Албатта, бундай бўлмайди.

Кимлардир ўқитувчиларнинг ўзини айблаши, керак бўлганда, ғурурли бўлиши лозимлигини айтиши ҳам мумкин. Йўқ. Ғурурли бўлиш осон. Лекин масъулият-чи? Тирикчилик нима бўлади?

Умуман, «ҳақ олинур, берилмас», «ўзи шунга лойиқ» деган иборалар жуда машҳур. Лекин...

Ҳеч қачон халқ айбдор эмас. Бўлмаслиги керак. Тизим ўз ҳақини билганни ҳам, билмаганни ҳам, ақллини ҳам, аҳмоқни ҳам, олимни ҳам, жоҳилни ҳам, жасурни ҳам, қўрқоқни ҳам ҳимоя қилиши керак.

Ҳар бир инсон ким, қанақа бўлишидан қатъи назар ўз ҳақлари билан дунёга келади. Бу ҳақлар берилмагани учун у айбдор эмас».

«Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи обрўйи борида ишдан бўшаши керак»

Шуҳрат Шокиржонов, Jurnalist Shokirjonov Telegram-канали муаллифи:

«Андижон шаҳарда ХТБ раҳбарлари давлатнинг 57 млрд сўмини «хапот» қилишибди. Марҳаматда туман ҳокимлигидан қайси бир авлиё ва мудира мактаб ўқитувчиларини узр сўрашга мажбурлатибди.

Вилоятда ўқитувчилар маҳаллаларда уйма-уй юриб, хатлов ўтказиш учун чиқарилмоқда. Жалақудуқ, Булоқбоши, Асака, Балиқчи ва Андижон туманларида. Улар кечаги 6 феврал, якшанба куни — ўқитувчиларнинг қонуний дам олиш кунида бу ишга сафарбар қилинган.

Қизиқ савол туғилади: маҳаллақўмлар, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари (Андижонда уларнинг уст-бош формаси учун қанчадир триллиард сўм ҳам сарфланганди) яна нима ишлар қиларкан хатлов ўтказмасдан?! Давлатдан маош олади-ку улар?

Бу саволга жавоб қуйидагича: Текин хизматкорлар — ўқитувчилар армияси турганда маҳаллий ҳокимиятдагилар, ХТБдагилар бош оғритиб нима қилишади? Уларнинг таълим тизимига аралашувидан кўзланган мақсади ҳам битта — ўқитувчиларнинг кетига тепиб текин ишлатиш. Хоҳлашса, уриб, хоҳласа йўқ жойдан айбини топиб, узр ҳам сўратишади.

Бундай ҳолатда Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркамилов обрўйи борида ўзи ариза ёзиб, ишдан бўшаши керак. Ҳозироқ, мана шу дақиқаларда!

Агар ўз ихтиёри билан ариза ёзмайдиган бўлса, Тошкентдан, вазирликдан бориб, 100-модда бўйича ишдан олиб ташлаб, умуман шу таълим тизимига яқинлашмайдиган қилиб қўйиш керак. Фақат бирорта мактабда қоровуллик штати бўшаб қолсагина... ўйлаб кўриш мумкин».

«Айбдор ҳоким ёрдамчиси ва районо мудири бўлади»

Отабек Бакиров, иқтисодчи/блогер:

«Эрталабгача янги ёлғон тўқиб чиқишади, гапимиз бир жойдан чиқсин, дея битта версияни танлашади. Қасамлар ичишади (биринчиси эмас).

Айбдор ҳоким ёрдамчиси ва районо мудири бўлади. Ҳатто туман ҳокимининг хабари йўқ бўлади. Ҳаммаси тепага улар истаган кўринишда ахборот киритилишига боғлиқлигини жуда яхши билишади.

Ҳаракатлар рисоладагидек кечса, сувдан қуруқ чиқиб олиб, кейин узр сўраш кампанияси ўтказади, ҳар бир туманда. Токи яна кимдир бўлди-е, тўхтат томошани, етар демагунигача.

Жиловланмаса бутун Россияда қўрқув ва нафрат уйғота бошлаган Рамзон Кадировнинг истеъфоси талаб қилинган петиция change.org глобал платформасида бир суткада 140 минг овоз йиғибди.

Ўзбекистонликлар ва андижонликлар мамлакат қонунларини писанда этмайдиган Абдураҳмонов истеъфосини сўраб бундай петицияни амалга ошира олишмайди, чунки change.org Ўзбекистонда блокланган.

Агар петиция ўтказиш имкони бўлганидаям бефойда бўларди. Қанақадир петиция, ОАВдаги танқид, жамоатчиликнинг нафрати ҳам аҳамиятсиз унга. Уни ўзгартириб бўлмайди. Бу одамни Ўзбекистонда фақат битта шахс – Давлат раҳбари тийиб қўйиши, тўхтатиши ё жазолаши мумкин».

«Бу – миллатга қарши қилинган ўта оғир жиноят»

Илёс Сафаров, журналист:

«Бугун таълим соҳасида ишлаётган қай бир мулозим билан гаплашсам, у сўзининг бошини ўқитувчи аввал кетмон кўтаргани, пахта терими, кўча тозалашига олиб чиқилгани ҳақидаги фикрлар билан бошлайди.

Ҳа, ҳақиқатда шундай шармандаликлар ҳам бўлган ўзбек таълими тарихида. Лекин аниқки, ўқитувчи минбарга олиб чиқилиб, ўзи таълим-тарбия бераётган боланинг ота-онасидан узр сўраттириладиган даражадаги шармандаликка ҳеч қачон тушмаган эди.

Таълимимиз бугун калласида кетмон, кўсак, пора ва ғиштдан бошқа нарса бўлмаган ҳокимларимиз билан шармандаликнинг ана шу босқичини ҳам «забт этди». Йиғла, миллат.

Биласизми, бу – жиноят, миллатга қарши қилинган ўта оғир жиноят. Ана шу жиноят ташкилотчилари эса ҳар қандай оғир жазога лойиқдир.

Яқинда Грегорий Петровнинг Финландия муваффақиятлари сири – финча таълим тизими ва бу тизимнинг ижрочиси – ўқитувчиларга бўлган ҳурмат ҳақида ёзилган «Оқ нилуфарлар» асарини ўқиб чиққандим. Хулосам шундай бўлган: ҳа, таълим – нажот. Лекин у биздаги каби жиноятчи ҳокимлар қўлига топширилар, таълим берувчилар эса мана бу кўринишда шарманда қилинаверар экан, ишонинг, ҳеч қачон нажот топмаймиз».

“Ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”

Феруза Мадраҳимова, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети проректори:

“Бу хабарни ўқиб ачиндим, жуда таъсирландим. Ўқитувчилар нуфузини, обрўсини ошириш бўйича катта ишлар бошланган бир пайтда айрим “пиар”га ўч инсонлар билиб-билмай нималар қилишмоқда.

Ерга қараб турган устозлар... Эҳҳ...

Ҳаётим, фаолиятим ўқитувчилар билан боғлиқ. Педагоглар тайёрлайдиган олий даргоҳда ишлайман, ўқитувчи оиласида катта бўлганман, ўқитувчининг ҳаётини биламан, ичини ҳис қиламан. Аслида устознинг қадрини ерга уришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, бу – давлат сиёсатига қарши ҳаракат”.

Марҳаматда нима бўлганди?

Kun.uz сайтига келган мурожаатга кўра, 4 февраль куни Андижон вилояти Марҳамат тумани 72-ИДУМ ўқитувчилари ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар қаршисида кечирим сўрашга мажбур қилинган.

Манба сўзларига кўра, директор бошчилигида саҳнага чиқариб қўйилган ўқитувчилар ҳокимлик вакиллари топшириғига биноан бош эгиб, «биз айбдормиз», деб ота-оналардан кечирим сўрашган.

Рўй берган воқеа ортидан Андижондаги масъул шахслар бирин-кетин муносабат билдиришиб, педагоглардан узр сўрашди. 

Халқ таълими вазирлиги узрбозлик йиғилиши бўйича ўтказилган текшириш жараёнида тўпланган материалларни Бош прокуратурага юборди.

Мавзуга оид