13:03 / 09.02.2022
32595

Нукусда кўчага ташлаб кетилган чақалоқ: тафсилотлар

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистонда янги туғилган чақалоқ кўчага ташлаб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганиш учун воқеа содир бўлган жойда бўлиб, расмийлардан изоҳ олди.

Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган фуқароларга кўра, воқеа 8 февралга ўтар кечаси тунги соат 03:00лар атрофида содир бўлган. Янги туғилган чақалоқ ташлаб кетилган жойда биринчилардан бўлиб қўшни болалар кўриб қолади ва тез ёрдамга мурожаат қилади.

Шундан кейин ҳаёт учун курашаётган чақалоққа биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Гувоҳларга кўра, янги туғилган чақалоқнинг киндиги боғланмаган бўлган. Бу ишни чақалоқнинг онаси қилган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Қорақалпоғистон филиалида бўлиб, масъуллардан ҳолат ҳақида маълумот олишга уриндик.

Сall-марказ ходимлари чиндан ҳам 8 феврал куни тунги соат 02:00-03:00 атрофида марказга чақалоқнинг кўчада қолгани ҳақида хабар келиб тушганини тасдиқлади. Мурожаатга асосан Тез ёрдам хизматчилари 7 дақиқа ичида воқеа жойига етиб бориб, ҳали киндиги ҳам кесилмаган чақалоққа биринчи ёрдам кўрсатган. Шундан сўнг чақалоқ Ҳудудий перинатал марказига етказилган. Чақалоққа тез ёрдам фельдшери Икрам Жуманиязов биринчи ёрдамни кўрсатган.

Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Акмал Асқаров болакайнинг умумий ҳолати ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, чақалоқ топилганида тана ҳарорати 34 градус атрофида бўлган. Вазир ўринбосари биз билан мулоқот қилаётганда унинг тана ҳарорати 36 градусга кўтарилаётгани маълум бўлди. Лекин шунга қарамасдан норасида гўдакнинг аҳволи оғирлиги айтилди.

"Болакай кучли. У курашяпти. Кўчада қолганида ҳам курашган, бечора. Боши ва оёқ қисмига тош қўйилган экан. Бир кунлик гўдак тошлардан чиқишга уринган", дейди Акмал Асқаров.

Воқеа сабаблари ҳозирча номаълум. Қорақалпоғистон ИИВ матбуот котиби вазият тўлиқ ўрганиб чиқилгач, батафсил маълумот берилишини маълум қилди.

Kun.uz манбасига кўра, чақалоқнинг онаси маълум — у талаба. Асли тахтакўпирлик қиз бир неча кун олдин олийгоҳдаги ўқув жараёнларини давом эттириш учун Нукусга келган. Айни дамда она чақалоғининг ёнида бўлиб турибди.

Республика прокуратураси ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 117-моддаси билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Қорақалпоғистон ССВнинг хабар беришича, болакайга ёрдам бериш учун барча шароитлар яратилган ва дори-дармонлар билан тўлиқ таъминланган. Мақола эълон қилинишига яқин чақалоқнинг соғлиги оғир аҳволдан қаноатланарли ҳолатга ўтгани маълум қилинди.

Шуҳрат Саидаҳмадов, Kun.uz мухбири

Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев

Top