Ўзбекистон | 20:18 / 10.02.2022
11187
3 дақиқада ўқилади

Академик Эдвард Ртвеладзе оламдан ўтди

Ртвеладзе юздан ортиқ археологик экспедициялар қатнашчиси, кўплаб китоблар, илмий монографиялар, докладлар ва мақолалар муаллифи эди. У Марказий Осиё минтақаси тарихи ва маданиятининг улкан қатламларини ўрганган.

Фото: Культурное наследие Узбекистана / Telegram

Aкадемик, археолог-олим, тарих фанлари доктори, профессор Эдвард Васильевич Ртвеладзе 80 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти хабар бермоқда.

«Бугун таниқли олим, тарих фанлари доктори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти илмий кенгаши раиси, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг илмий раҳбари, академик Эдвард Васильевич Ртвеладзе 80 ёшида вафот этди.

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти жамоаси Э.В.Ртвеладзенинг оиласи ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради», дейилади хабарда.

У 1942 йилда Грузиянинг Боржоми шаҳрида таваллуд топган. 1967 йилда Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тарихчи-археолог мутахассислиги тамомлаган. Кейинчалик Москвада докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

1967 йилдан Ўзбекистон санъатшунослик илмий тадқиқот институтида илмий ходим бўлиб ишлаган. Илмий фаолиятини Марказий Осиёнинг қадимги ва ўрта асрлар тарихи, археологияси, нумизматикаси, эпиграфикаси, санъати, маданияти тарихини ўрганишга бағишлаган. Марказий Осиё, Кавказ, Кипр, Япония ва Францияда олиб борилган 80 дан ортиқ илмий археологик экспедициялар иштирокчиси. Кўпгина археологик ёдгорликларни очган ва текширган. Унинг раҳбарлигида Тоҳаристон экспедицияси томонидан Кампиртепада олиб борилган қазишлар натижасида археологик амалиётда илк марта Кушонлар даврига оид қадимий шаҳар харобаси тўлиқ очилган.

Эдвард Ртвеладзе Марказий Осиё минтақаси тарихи ва маданиятининг улкан қатламларини, Буюк Ипак йўлининг эски ва янги маршрутларини ўрганиб чиққан. Ўзбекистонда ва хорижда чоп этилган 840 дан ортиқ илмий мақолалар ва 41 монография муаллифи ҳисобланади. Унинг илмий раҳбарлигида 14 фан доктори ва фан номзодлари тайёрланган.

Илмий фаолияти учун 1985 йилда «Беруний» номидаги давлат мукофоти, 2001 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени, 2003 йилда «Меҳнат шуҳрати» ва 2017 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид