Ўзбекистон | 11:05 / 10.02.2022
1513
2 дақиқада ўқилади

Навоийда нефть маҳсулотларини талон-торож қилиш ҳолати аниқланди

“Навоий нефть базаси” МЧЖ Зарафшон филиалида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилиб, 866,3 тонна нефть маҳсулотлари ўзлаштирилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ хабарига кўра, жамиятнинг Молиявий ва комплаенс назорат департаменти томонидан “Навоий нефть базаси” МЧЖда ўрганиш ўтказилган. Жараёнда нефть маҳсулотларининг сақланиши, истеъмолчиларга етказиб берилиши, дебиторлик, кредитор қарздорликлар билан кўплаб ноўрин харажатлар, шунингдек, амалдаги қонунчиликка риоя қилинмаслик ҳолатлари аниқланган.

Хусусан, жамиятнинг Зарафшон филиали бошлиғи Е.Тўхтамуратов, филиалнинг собиқ бош ҳисобчилари Р.Умаров ва Ж. Амантаев томонидан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиб, 8 та хусусий АЁҚШнинг интерактив карталарига жами 4 млрд 110,8 млн сўм пул маблағлари сунъий равишда киритилган ҳамда 866,3 тонна нефть маҳсулотлари ўзлаштирилган.

Шунингдек, 2022 йилнинг 25 январь ҳолатига Зарафшон филиали цехи бошлиғи Ў.Жўраев жавобгарлигидаги нефть маҳсулотлари хатловдан ўтказилганда, жами 1 171 кг, умумий қиймати 9,9 млн сўмлик нефть маҳсулотларининг камомади расмийлаштирилган. 3та ФЁТШда эса 5,1 млн сўмлик 516 литр нефть маҳсулотларнинг камомади аниқланган.

Мавзуга оид