Ўзбекистон | 08:53 / 10.02.2022
8345
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар уйлар ва савдо нуқталарида машиналардан ечиб олинган яроқсиз газ баллонларидан фойдалана бошлади

Фото: АиФ

Ўзбекистонда транспорт воситаларидан ечиб олинган фойдаланишга яроқсиз бўлган газ баллонларидан турар жойлар ҳамда маиший ва савдо объектларида фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда. Бу ҳақда АОКАда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев иштирокидаги брифингда айтиб ўтилди.

Республика ҳудудида 2021 йилда ис гази билан боғлиқ жами 74 та ҳолат аниқланиб, ушбу ҳолатларда 67 нафар фуқаро заҳарланган ва 128 нафар фуқаро вафот этган бўлса, жорий йилнинг 9 февраль ҳолатига кўра, 21 ҳолатда 19 нафар фуқаро заҳарланган ва 36 нафар фуқаро вафот этган.

Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:

  • фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;
  • ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;
  • иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;
  • газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;
  • ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;
  • ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш.

2021 йил мобайнида республика ҳудудида жами 10 667 та ёнғинлар содир бўлиб, уларда 240 нафар фуқаро тан жароҳати олган ва 112 нафари ҳалок бўлган. Ёнғинларнинг 83 таси газ баллонларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларининг бузилиши натижасида юзага келган бўлиб, шулардан 2 таси автомобилларда, 81 таси бино-иншоотларда содир бўлган. Натижада, 5 нафар фуқаро вафот этган ва 22 нафар фуқаро тан жароҳати олган. 

“Энг ачинарлиси, транспорт воситаларидан ечиб олинган фойдаланишга яроқсиз бўлган газ баллонларидан турар жойлар ҳамда маиший ва савдо объектларида фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда”, дейилади маълумотда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид