14:18 / 11.02.2022
7929

Шавкат Мирзиёев: «Мактаб ва боғчалар олдида тезлик 30 километрдан ошмаслиги шарт»

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

Йиғилишда Юнусободнинг Юнус-ота кўчасида 2020 йилда 4 та автоҳалокат содир бўлган бўлса, 1 дона светофор ўрнатиш орқали 2021 йилда бирорта авария бўлмагани, Кичик ҳалқа йўлининг лак-бўёқ корхонаси қаршисида қарама-қарши йўлни ажратувчи тўсиқ ўрнатиш орқали аварияларга барҳам берилгани мисол қилиб келтирилди.

“Мана сизга илмий ёндашув ва оддий таҳлил билан ечим”, деди давлат раҳбари.

Пойтахт ва йирик шаҳарлардаги марказий кўчаларда тезлик чекловларини илмий асосланиб белгилаш лозимлиги қайд этилди. Жумладан, мактаб ва боғчалар олдида тезлик 30 километрдан ошмаслиги шарт. Айрим гавжум кўчаларда эса ҳозирги 70 километр соатдан 60 километргача тушириш зарурати борлиги кўрсатиб ўтилди.

Соҳани илмий ёндашув асосида такомиллаштириш мақсадида Транспорт университети билан ҳамкорликда уч ой муддатда Илмий-амалий марказ ташкил этиш вазифаси қўйилди. Вилоятлардаги транспорт коллежларида худди шундай ҳудудий марказлар очилади, уларга ЙҲХБ бошлиқлари раҳбарлик қилади.

"Умуман олганда, масалани муҳимлигини инобатга олиб, бош вазир раҳбарлигида Республика комиссияси ташкил этилади ва ички ишлар вазири унга ўринбосар бўлади", деди Президент.

Ҳудудий комиссияларга вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда ички ишлар бошқармалари ва бўлимлари бошлиқлари раҳбарлик қилади. 

Комиссиялар йўллар ҳолати ва мавжуд инфратузилма, авария ўчоқлари, содир этилган қоидабузарликлардан келиб чиқиб, ҳар ойда ҳаракат хавфсизлиги, транспорт ва йўл соҳаларига масъул идора раҳбарларининг ҳисоботини танқидий эшитиб, маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиб борадилар.

Айни пайтда йиғилишда муҳокама қилинган масалалар ва белгилаб берилган вазифалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти тингланмоқда.

Top