Ўзбекистон | 21:41 / 12.02.2022
16716
5 дақиқада ўқилади

Андижондаги портлаш: шифохонада скотч баллон ва газ сўрғичлардан фойдаланилган бўлиши мумкин

Kun.uz мухбири Шаҳрихондаги жиддий портлаш оқибатларини тасвирга олди, масъуллар ва жабрланувчилар билан суҳбатлашди. Маълум бўлишича, воқеа жойидан автомобилларга ўрнатиладиган скотч (композит) баллон ва газ сўрғичлар топилган.

11 феврал куни Андижон вилояти Шаҳрихон шаҳридаги хусусий даволаш ва диагностика масканида юз берган портлаш оқибатида бир нафар фуқаро вафот этиб, ўн нафари оғир жароҳатлар билан шифохонага ётқизилганди.

Ҳодиса “Зитерия” МЧЖ диагностика ва даволаш масканининг 1-қаватида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши оқибатида содир бўлган. Юзага келган зарба натижасида бино деворларига шикаст етган.

Ҳозирча даволаш масканидаги портлаш ҳодисаси сабаблари ҳақида тегишли соҳа вакиллари томонидан аниқ маълумотлар берилгани йўқ. Бироқ журналистлар портлашдан сўнг воқеа жойидан автомобилларга ўрнатиладиган скотч (композит) баллон ва газ сўрғичлар топилганини тасвирга олишган. Kun.uz мухбири гуруҳи воқеа жойида бўлди.

Шаҳрихон туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Илҳомжон Ортиқов билан портлаган бинони кўздан кечирдик.

“Газ ва ҳаво аралашмасидан ҳосил бўлган чақнаш оқибатидаги портлаш шу даражада кучли бўлганки, унинг кинетик зарбасидан иккинчи ва учинчи қаватларнинг бетон қопламалари “подвал”га босиб тушган. Иккинчи қаватдаги беморлар бетон пол билан бирга пастга қулаган.

Бўлимимизга мазкур ҳолат бўйича соат 11:30да хабар келиб тушгач, зудлик билан етиб келганмиз. Бино қулаб тушганини кўргач, бошқа кучларни ёрдамга чақирдик. Қидирув-қутқарув ишлари олиб борилди.

Бино ичида 6 нафар ишчилар ва беморлар бўлган. Тан жароҳати олганлар касалхонага ётқизилди. Бинонинг 424 куб метр қисми зарар кўрган. Ҳодиса бўйича махсус комиссия иш олиб бормоқда.

Портлаш сабабларига тўхталадиган бўлсак, ҳаво-газ аралашмаси оқибатида чақнаш юзага келганми ёки йўқлигини махсус экспертиза ўрганиб чиқмоқда”, – дейди Илҳомжон Ортиқов.

Ҳодиса гувоҳларидан бири Фарруҳбек Ортиқов шифохона қаршисидаги “Миллий таомлар” ошхонасида ошпаз бўлиб ишлар экан. Унинг изоҳига қулоқ тутдик.

“Кучли портлаш бўлиб, дераза ойналари қарсиллаб синиб кетди. У ердаги одамлар “ёрдам беринглар” деб бақира бошлашди. Аввал бир аёлга ёрдам кўрсатдик. Ичкаридаги одамларни ташқарига олиб чиқдик. Улар карахт ҳолатда эди. Сўнг бетонлар орасида қолиб кетган аёлларни тортиб олдик. Одамлар келиб ёрдам беришди”.

Шаҳрихон туман марказий шифохонасига бориб, ҳодиса оқибатида жароҳат олган беморлар билан суҳбатлашдик.

“Портлаш бўлган пайтда шеригим билан бирга ўтирган эдик. Нимадандир учқун чиқди ва портлаб кетди. Қулаган бетонни нимадир ушлаб қолди ва шунинг натижасида тирик қолдим. Сочларим бироз куйди. Оғриқлар бор. Лекин ҳозир яхшиман”, – дейди Ёрқиной Йўлдошева.

“Биз портлаган жойнинг тепасида эдик. Тепа қаватдан пастга тушиб кетдик. Уёғини билмайман. Худди чуқурга қулагандек бўлдим. Кўзларим қумга тўлиб кетган экан. Тозалашди. Кейин кўрдим. Ҳозир белимни кўтара олмаяпман. Бошимда ҳам оғриқ бор. Шифокорлар жуда катта ёрдам беришди”, – дейди яна бир жабрланувчи Муқаддамхон Жарқинова.

“11 феврал куни соат 11:45 ларда “Тез ёрдам” орқали бизга беморлар кела бошлади. Жами 11 нафар бемор келди. Улардан бири қўрқиб кетган холос, унга амбулатор ёрдам кўрсатилди. Уч нафар беморни ҳолатига қараб вилоят шошилинч бўлимига ўтказдик. Ҳозир бўлимимизда уч нафар бемор қолди. Уларнинг ҳолати яхши”, – дейди шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими бошлиғи Бахтиёржон Жалолов.

Шаҳрихон туман газ таъминоти корхонаси бошлиғи Умиджон Расуловнинг айтишича, портлаш рўй берган шифохона бир ҳафта аввал техник текширувдан ўтказилган.

“Мазкур даволаш маскани қонуний техник хулосаларга асосан газлаштирилган. Бир ҳафта аввал туман фавқулодда вазиятлар ходимлари билан бирга келиб, далолатномалар расмийлаштириб кетганмиз. Маскан ходимлари табиий газдан фойдаланиш қоидалари бўйича огоҳлантирилган. Айни пайтда масъул мутахассислар томонидан ҳодиса сабаблари бўйича ўрганиш ишлари олиб бориляпти. Аниқ хулосалар чиққач, қўшимча маълумотлар берилади”, – дейди мутасадди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутасаддиси ва туман газ корхонаси изоҳига шуни қўшимча қилиш мумкинки, портлашдан сўнг ўша жойга етиб борган журналистлар шифохона автомобилларга қўйиладиган композитли, халқона айтганда, скотч баллонлар орқали иситилгани, газ сўрғичлар ҳам бўлганини тасвирга олишган. Портлашга мазкур омиллар сабаб бўлган бўлиши ҳам мумкин.

Ўйлаймизки, экспертиза натижалари воқеага янада ойдинлик киритади.

Элмурод Эрматов,

Азизбек Исмоилов

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид