Спорт | 15:24 / 12.02.2022
21951
13 дақиқада ўқилади

Испанияда «Реал» ва «Барса» учун жиддий синов, Италияда пешқадамлар тўқнашуви. Ҳафта ўйинлари анонси

Фото: Getty Images

Келаси ҳафтадан еврокубокларга старт берилади. Жамоалар энди нафақат ички чемпионатда, балки халқаро майдонда ҳам клуб шарафини ҳимоя қиладилар. Унгача эса лигалардаги курашлар авж палласида давом этади. «Реал» ва «Барселона»ни навбатдаги жиддий синовлар кутиб турган бўлса, Италияда биратўла икки топ учрашув бор. АПЛнинг марказий ўйини бўлмиш Лондон дербиси эса «Челси»нинг клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашаётгани туфайли бошқа кунга қолдирилди.

Ла Лига. 12 февраль (шанба)

ВИЛЬЯРРЕАЛ – РЕАЛ МАДРИД

Ўйин бошланиш вақти: 20:15

ТВ-трансляция: FutbolTV

«Вильярреал» ва «Реал» ўртасидаги учрашув ҳақида гап борганда, беихтиёр ўтган мавсумдаги сўнгги тур учрашуви ёдга келади. Ўшанда «Реал» чемпионликдан умид қилиши учун ўз майдонида «сариқлар»ни енгиши лозим бўлган, аммо 87-дақиқагача Пинонинг голи меҳмонларга ғалаба келтириб турганди. Ўша пайтда «Атлетико» ҳам ўз ўйинида очко йўқотаётгани Зидан шогирдларига имконият очган, ўйиннинг аҳамияти янада ошиб кетганди. Бензема ва Модричнинг сўнгги дақиқалардаги голлари эвазига «Реал» ғалабани илиб кетди, шундай бўлса-да, «Атлетико» ҳам якунда очко йўқотмай, пешқадамликни сақлаб қолганди. Умуман ушбу икки жамоанинг ўйинлари доим муросасиз кечган, масалан, охирги 11 учрашувда ё дуранг бўлган ёки томонлардан бири фақат бир тўп фарқи билан ғалаба қозонган холос.

Фото: Getty Images

Мавсум бошига нисбатан «Вильярреал» анча кучайди, камида натижалар барқарорлашди. Масалан охирги 8 ўйиннинг 6тасини ўз фойдасига ҳал қила олган. Натижада, Эмери шогирдлари ЕЧЛ йўлланмасини берувчи йўлланмалар учун курашга қўшилди. Ҳозирда жамоани топ-4 дан атиги 3 очко ажратиб турибди, холос. «Реал» эса «Гранада» устидан қийин ғалабадан сўнг, пешқадамликни мустаҳкамлаб олди ва ҳозирда «Севилья»дан бир ўйин кам ўтказган ҳолда 3 очко олдинда турибди. Лекин яна шуни эътироф қилиш керакки, Анчелотти жамоаси айниқса, кўпчилик бўлиб ҳимояланадиган жамоаларга қарши қийинчиликка дуч келмоқда – «Эльче», «Гранада», «Хетафе», «Кадис» каби рақибларга қарши ўйинлар шулар жумласидандир. «Вильярреал» эса ҳимоядаги ўйин борасида лига етакчиларидан саналади. Жамоа мавсумда 10 учрашувда ўз дарвозасини дахлсиз сақлай олган. Чемпионатда учинчи кўрсаткич. Бу ўйинлар сирасига айнан «Реал»га қарши биринчи даврадаги тўқнашувни ҳам қўшиш мумкин. Ўша ўйинда ҳисоб очилмаганди.

Таркиблар борасида мезбонлардан Коклен ва Пенья, шунингдек, ҳужумдаги етакчи футболчи Жерар Морено майдонга туша олмайди. Нариги томондан ҳам энг сермаҳсул ўйинчи Карим Бенземанинг ҳам йўқлигини инобатга олсак, йўқотишлар тенг. «Реал»да Каримдан ташқари, Мендининг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида.

Яна бир эътиборли жиҳат, «Реал» орадан уч кун ўтиб, Парижда ЕЧЛнинг муҳим ўйинида майдонга тушади. «ПСЖ» Франциядаги ўз ўйинини бир кун олдин ўтказганини эътиборга олсак, жисмоний ҳолатда «Реал»дан устунликка эга бўлиши турган гап. Буни эътиборга олган ҳолда, Анчелотти ҳам «Вильярреал» билан ўйинда баъзи шогирдларига дам бериши мумкин.

А Серия. 12 февраль (шанба)

НАПОЛИ – ИНТЕР

Ўйин бошланиш вақти: 22:00

ТВ-трансляция: Спорт

Қизиқ ҳолат. Биринчи даврада «Интер» ўша пайтдаги пешқадамлар бўлмиш «Милан» ва «Наполи»дан 7 очко ортда борган ва ушбу фарқни қисқартириб, чемпионлик пойгасига қўшилиш учун ўзаро ўйинларга эҳтиёж сезганди. Ўшанда «Интер» икки пешқадам билан қаторасига ўйин ўтказиб, бир ғалаба ва бир дурангга эришган. Натижада уларга яқинлашиб, кейинчалик ўзиб ҳам кетди. Ҳозир вазият тескари, «Интер» ҳар икки жамоадан етарлича масофада ўзиб кетган ҳолда «Милан» ва «Наполи» билан қаторасига майдонга тушмоқда. Ва қизиғи, бу сафар энди ҳаммаси «Интер»нинг зарарига ишлаши ва худди биринчи даврада бўлганидек, фақат тескари томондан орадаги фарқ қисқариши мумкин. «Интер» ўтган турда «Милан»га ютқазиб қўйди, агар Неаполь клубига ҳам мағлуб бўлса, биратўла учинчи ўринга тушиб кетиш эҳтимоли бор. Тўғри, бу ҳолдаям «Интер»да бир захира ўйин бор, аммо Индзаги жамоаси етарлича босим остида қолишини тан олиш керак.

Фото: Getty Images

Бунинг устига, худди «Реал» каби муаммо «Интер»да ҳам бор. Чоршанба куни ЕЧЛда «Ливерпуль»га қарши ўта муҳим ўйин миланликларни кутиб турибди. Тўғри, «Наполи» ҳам Европа Лигасида «Барселона»га қарши ўйнайди, аммо турнир эътибори нуқтаи назаридан барибир ЕЧЛнинг ўрни каттароқ.

Хайриятки, муҳим ўйин олдидан ҳар икки жамоада таркиб муаммолари барҳам топди. «Наполи»да Осимҳен ҳам қайтди ва ҳатто «Венеция»га қарши ўйинда гол уришга ҳам муваффақ бўлди. Мезбонларга фақат бир неча ойга сафдан чиққан Ирвин Лосано ёрдам бера олмайди, холос. Меҳмонлар сафида эса Хоакин Корреанинг жароҳати бор. Алессандро Бастони «Рома»га қарши кубок ўйинида жароҳат олди, лекин шундоқ ҳам у майдонга туша олмасди. Чунки ҳимоячи «Милан»га қарши ўйинда ҳакам томонидан майдондан четлатилганди.

Биринчи давра ўйинида 3:2 ҳисобида «Интер»нинг қўли баланд келган. Умуман охирги 30 ўйиннинг 11тасида «Наполи» ғалаба қозонган бўлса, 9 ўйинни «Интер «ўз фойдасига ҳал қилган. Ўйин шунингдек, мезбонлар мураббийи Лучано Спалетти учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга, зеро у 2017-2019 йилларда «Интер»да ҳам бош мураббийлик қилган.

А Серия. 13 февраль (якшанба)

АТАЛАНТА – ЮВЕНТУС

Ўйин бошланиш вақти: 00:45

ТВ-трансляция: Спорт

«Ювентус» мавсумда илк маротаба кучли тўртликка кирди. Туринликларнинг якунда бунга эришишлари вақт масаласи эди, аммо асосий савол тўртликдан қайси жамоа қоқиниб, ўз ўрнини «Ювентус»га бўшатиб бериши эди. Кутилмаганда, «Кальяри»га мағлубиятга учраган «Аталанта» бу вазифани шараф билан ўз зиммасига олди. Тўғри, йўқотилган очколар бўйича ҳисоблаганда, «Аталанта» ҳамон тўртинчи ўринда турибди, лекин бу ўйинда агар мағлубиятга учрайдиган бўлса, расман Европа Лигаси зонасига тушиб қолиши мумкин.

Аслида «Аталанта»нинг муваффақиятсизлиги «Кальяри» билан ўйиндан эмас, анча олдин бошланди. Жамоа охирги 6 ўйиндан фақат бир марта ғалаба қозонди, у ҳам бўлса, «Удинезе»га қарши голлар шоусида – 6:2. «Лацио», «Интер» ва ҳатто «Женоа»га қарши ўйинларда ҳисоб очилмади, бунинг устига Италия кубоги чорак финалида ҳам «Фиорентина»га бой берилди. «Ювентус» эса юқорида айтилганидек, анча барқарорликка эришди. Туринликлар охирги 14 ўйинда атиги бир марта мағлубиятга учради. У ҳам бўлса, «Интер»га қарши Суперкубок финалида. Ўша ўйинда ҳам миланликлар ғалаба голини қўшимча вақтларда урганини ҳисобга олсак, «Ювентус» 14 ўйиндан асосий вақтда мағлубият нималигини билмаяпти. Қизиғи, жамоанинг сўнгги мағлубияти 27 ноябрга тўғри келган ва ўша ўйинда рақиб айнан «Аталанта» бўлганди. Сапатанинг ягона голи ўйин тақдирини ҳал қилган.

Фото: Getty Images

Ўтган ўйин қаҳрамони бўлган Дуван Сапата аввалги турда жароҳат олди ва катта эҳтимол билан камида бир ой майдонга туша олмайди. Сапатадан ташқари, мезбонлар сафида Паломино, Иличич, ҳамда Миранчук ҳам турли сабабларга кўра қатнаша олмайдилар. Гасперини жамоасида ҳар бир мурватнинг таъсири катта эканини эътиборга олсак, бергамоликларда муаммо ўйин бошланмасдан мавжуд.

«Ювентус» таркибида сўнгги ўйинларда қатнашаётган барча футболчилар ўз ўрнида. Фақат Жоржо Кьеллини ўтган турда «Верона» билан ўйинда жароҳат туфайли майдонни эрта тарк этганди. Бернардески ва Кьеза эса анча олдинроқ сафдан чиқишган ва яна узоқ вақт шерикларига ёрдам бера олишмайди.

Ўзаро ўйинларга тўхталадиган бўлсак, «Аталанта» «Ювентус» учун узоқ пайт қулай рақиб бўлиб келганди. Масалан, охирги 30 ўйинда бергамоликлар атиги 3 маротаба ғалаба қозонишган. Мана шу уч ғалаба ҳам охирги уч йилга тўғри келади.

13 февраль (якшанба)

ЭСПАНЬОЛ – БАРСЕЛОНА

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

«Барселона»нинг «Атлетико»га қарши ўйини байрамга айланиб кетди. Каталонияликлар Ла Лигада қарийб бир ярим йилдан бери илк маротаба катта ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди. Хави шогирдлари шунчаки, ғалаба қозонибгина қолмасдан, анча ишончли, ҳужумкор ўйин намойиш қилдилар ҳам. Январда трансфер қилинган Траоре, «Камп Ноу»га қайтган Алвеш ҳам жуда кучли ўйин кўрсатди. Табиийки, бундай ўйиндан кейин мухлислар «Барселона»нинг навбатдаги учрашувини интизорлик билан кутишлари табиий. Бунинг устига бу ўйин дерби бўлса.

Юқорида тилга олинган ўтган тур қаҳрамонларидан бири Дани Алвеш майдонга туша олмайди. Ветеран футболчи «Атлетико» билан ўйинда гол ва ассист амалга ошириш билан бирга ўз номига қизил карточкани ҳам ёзиб қўйди. Унинг ўнг қанотдаги фаоллиги, Траоре билан биргаликда ҳаракатлари «Барселона»га жуда катта устунлик тақдим этаётганди. Алвешдан ташқари меҳмонлар сафида Фати, Лангле, Роберто, Умтити ва Депайлар ҳам турли кўринишдаги жароҳатлар туфайли дербида қатнаша олмайдилар. «Эспаньол» сафида эса Кейди Бареда ковид аниқланган.

Фото: Getty Images

«Эспаньол» «Барселона»дан фарқли равишда, ўзининг энг ёмон даврини ўтказмоқда. Жамоа маълум вақт еврокубоклар ўрнида ҳам юрганди, аммо охирги тўрт ўйиндан учтасини мағлубият билан тамомлади. Бир дуранг. Ҳатто «Эльче»дан мағлубият қабул қилингани, кубок ўйинида эса «Мальорка»ни кейинги босқичга кузатиб юборганини эътиборга олсак, вазият жиддий. Тўғри, ҳозирда «Эспаньол» хавотир олмаса бўлади, «хавфли зона» билан масофа 9 очкони ташкил қилаётган бўлса-да, жамоанинг кейинги тақвими оғир. «Барселона», «Севилья» ва «Вильярреал»га қарши ўйинлар Висенте Морено шогирдларини янаям қийин ҳолатга солиб қўйиши мумкин.

Охирги 30 дербининг атиги 3тасида «Эспаньол» ғалаба қозонган. Устунлик сезиларли бўлса-да, аксарият дербилар, айниқса «Эспаньол» майдонида шиддатли кечганини таъкидлаш лозим. Ўтган сафаргиси 2:2 дуранг бўлган ва мезбонлар сўнгги дақиқаларда ҳисобни тенглаштиргандилар. Жамоалар ўртасидаги охирги икки дерби эса «Камп Ноу»да бир хил 1:0 ҳисобида «Барселона» фойдасига якунланган. Ноябрдаги ўйин Хави учун Барселонадаги мураббийлик дебюти бўлган ва Депайнинг пенальтидан урган голи ўйин тақдирини ҳал қилганди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

12 февраль. МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – Саутҳэмптон (17:30), Бохум – БАВАРИЯ (19:30), Норвич – МАНЧЕСТЕР СИТИ (22:30), АТЛЕТИКО – Хетафе (13 февралга ўтар кечаси, 01:00).

13 февраль. МИЛАН – Сампдория (16:30), Бёрнли – ЛИВЕРПУЛЬ (19:00), ТОТТЕНҲЭМ – Вулверҳэмптон (19:00), Унион Берлин – БОРУССИЯ Д (19:30), Сассуоло – РОМА (22:00).

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид