Ўзбекистон | 09:18 / 12.02.2022
1261
1 дақиқада ўқилади

Жиззахда санитария қоидаларига зид равишда олиб кетилаётган гўшт тўхтатиб қолинди

Гўшт маҳсулотлари вақтинча сақлаш учун музхонага жойлаштирилган. Ҳозирда терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

“Сангзор-15” йўл-патрул хизмати масканида Жиззах вилояти ИИБ патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаси ходимлари томонидан Зомин йўналиши бўйича ҳаракатланаётган Nexia машинаси тўхтатилган. Текширув чоғида машина юкхонасида ветеринария-санитария қоидаларига зид равишда олиб кетилаётган 165 килограмм гўшт маҳсулоти борлиги аниқланган.

Ҳайдовчи ушбу гўшт маҳсулотларига оид ҳужжатларни тақдим эта олмагани боис у ҳолат расмийлаштирилган. Дастлабки суриштирувда, гўшт Даштобод шаҳар марказий деҳқон бозорида сотиш учун олиб кетилаётгани маълум бўлган.

Худди шундай, Жиззах шаҳрининг Олмазор маҳалласида яшовчи фуқаро Matiz машинасида 184 килограмм гўшт маҳсулотини ветеринария-санитария қоидаларига зид равишда олиб кетаётганда тўхтатилган.

Қайд этилишича, гўшт маҳсулотлари вақтинча сақлаш учун музхонага жойлаштирилган. Ҳозирда терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Мавзуга оид