Спорт | 15:53 / 15.02.2022
23988
8 дақиқада ўқилади

Эски танишларнинг янги учрашуви. Юлдузли «ПСЖ» «Реал»га қарши, «Ливерпуль» «Интер»га қарши нохуш анъанага барҳам бера оладими?

Фото: Getty Images

Ниҳоят, икки ой интиқлик билан кутилган бедор тунларга етиб келдик. Бугун, 15 февраль кунидан кўҳна қитъада еврокубокларнинг плей-офф ҳал қилувчи қарама-қаршиликларига старт берилади. Сешанба ва чоршанба оқшомида Европа Чемпионлар лигаси 1/8 финал тўқнашувлари доирасида финал олди финал дея таърифланган «ПСЖ» - «Реал», «Интер» - «Ливерпуль» сингари «жанг»лар ўтказилади. Барчамизга ёд бўлиб қолган ёқимли мадҳия янграшидан аввал, ЕЧЛ нимчоракфинал дастлабки баҳслар анонси ва тахминий таркиблари билан таништирамиз.

Парижда юлдузлар жанги

«Пари Сен-Жермен» ва «Реал» баҳсини Чемпионлар лигаси нимчоракфинал босқичининг энг марказий ўйини сифатида қайд этиш мумкин. Париждаги ўйин эски танишларнинг янги учрашуви сифатида таърифланмоқда. «Реал» таркибида 671та ўйин ўтказган ҳолда 4 марта ЕЧЛ ғолибига айланиб, клуб афсоналари қаторидан ўрин олган Серхио Рамос «ПСЖ»га бу ўйинда ёрдам бера олмаса-да, Анхель Ди Мария ва Кейлор Навас шу куни собиқ жамоасига қарши майдонга тушиши мумкин. Қолаверса, парижликлар таркибидаги Месси ҳам азалий рақибига қарши тўп суради. Неймарнинг ҳам таркибга қайтганини инобатга олсак, юлдузли Мбаппе – Месси – Неймар триосига қарши Мадрид ҳимоя қўрғонини жиддий имтиҳон кутиб турганини тахмин қилиш қийин эмас.

Фото: Getty Images

Ўз вақтида парижликлар устози бўлган, ҳозирда «Реал»ни бошқараётган Карло Анчелоттини эса ҳимоянинг номдор учликка қарши қандай ўйнаши эмас, жамоа етакчисига айланиб улгурган Карим Бенземанинг «Парк-де-Пренс»да майдонга тушириш масаласи кўпроқ ўйлантираётган бўлса, ажабмас. Ҳар ҳолда 23 январь куни «Эльче»га қарши баҳсдаги жароҳатидан кейин тикланган франциялик ҳужумчини биратўла оғир «жанг»га ташланиши катта таваккал саналади. Бироқ 100 кундан ортиқ вақт давомида майдонга тушмаган Неймар топ-ўйинга тушиш учун таваккал қилаётган экан, уч ҳафта майдонга тушмаган Бензема супер тўқнашувни нега ўтказиб юбориши керак? Ҳар ҳолда финалолди финаллар бунга арзийди. Бу жуфтлик қарама-қаршилиги 1/8 финаллар гултожига айланишига шубҳа йўқ.

Янги тарих бўсағасидаги «Спортинг»

Лиссабон клуби ўз тарихида фақат бир маротаба – 2008/09 йилги мавсумда Чемпионлар лигаси 1/8 финал босқичига етиб кела олган. Бироқ ўшанда «Бавария»дан умумий 1:12 ҳисобида қақшатқич зарбани қабул қилиб (0:5, 1:7), турнирни тарк этганди. Ҳозиргача ушбу натижа турнирнинг плей-офф босқичидаги энг йирик мағлубиятдир. Орадан 13 йил ўтиб, «Спортинг» яна 1/8 финалга чиқди. Бу чўққида эса уларни ғолибликка даъвогарлардан бири «Манчестер Сити» кутиб турибди. 

Фото: Getty Images

«Шаҳарликлар» кетма-кет 9-марта гуруҳдан чиқиш вазифасини бажариб, сўнгги тўрт мавсумда энг камида чоракфиналга қадар етиб келмоқда. Жамоа таркибида 1/8 финалда гол уриш ҳадисини ўзлаштирган Габриэль Жезус бор – бразилиялик ҳужумчи кетма-кет бешта нимчоракфиналда рақиблар дарвозасини ишғол этиб келмоқда. «Спортинг» Жезус учун бу борада олтинчи жамоага айланиши мумкин.

Дебютант фаворитга қарши

«Зальцбург» - «Бавария» ўйини – мусобақа дебютантининг турнир фаворитига қарши баҳсидир. Австрия клуби ўз тарихида илк марта ЕЧЛ плей-офф босқичига чиқди, энди эса уларнинг олдида жуда қийин вазифа турибди. «Бавария» бу босқичдаги 17 тўқнашувдан 13тасида ғалаба қозонган, охирги 10та баҳсда фақат биттасида кейинги босқичга чиқа олмаган.

Фото: Getty Images

«Мюнхен машинаси» сафарда ажойиб натижалар қайд этмоқда. Жамоанинг сафардаги мағлубиятсиз серияси 21та ўйинга етган. «Бавария» сўнгги марта 2017/18 йилги мавсумнинг гуруҳ босқичида сафарда «ПСЖ»га 0:3 ҳисобида мағлубиятга учраган. Бу йил эса Роберт Левандовски етакчилигидаги немис клуби гуруҳ босқичининг 6 ўйинида ҳам ғалаба қозонди.

«Сан-Сиро»га қайтиш

«Ливерпуль» жорий мавсум иккинчи марта «Сан-Сиро»га сафар қилади. Юрген Клопп шогирдлари гуруҳ босқичи доирасидаги «Милан»га қарши сафарда 2:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритган бўлса, энди «Сан-Сиро»нинг яна бир мезбони «Интер»га қарши саф тортади. «Жузеппе Меацца» ўйингоҳидаги тўқнашув ҳам марказий мақомга эга.

Фото: Getty Images

«Интер» сўнгги марта 10 йил аввал плей-оффда тўп сурган эди. 2011/12 йилдан кейин илк марта ЕЧЛ 1/8 финал босқичида майдонга тушади. Италия клуби ўз майдонида Англия клубларига қарши яхши статистикага эга – 11 ғалаба, 3 дуранг ва 2 мағлубият. «Неррадзурилар» Англия клубларига қарши сўнгги 5та уй учрашувида зафар қучган. Охирги марта «Интер» 2018/19 йилги мавсум гуруҳ босқичида «Тоттенҳэм» (2:1) қаршилигини синдирганди. Кўрамиз, «Ливерпуль» инглиз клублари учун нохуш анъанага айланган серияга барҳам бера олармикан..?

ЕЧЛ. 1/8 финал. Дастлабки учрашувлар

15 февраль (сешанба)

«ПСЖ» - «РЕАЛ»

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: «Спорт»

«ПСЖ»: Навас; Ҳакими, Маркиньос, Кимпембе, Нуну Мендеш; Данилу, Паредес, Верратти; Ди Мария, Месси, Мбаппе

Ўйнамайди: Рамос (мушак), Эррера (тизза)

Сўроқ остида: Неймар (тикланиш жараёни)

«Реал»: Куртуа; Карвахаль, Милитао, Алаба, Менди; Модрич, Каземиро, Кроос; Асенсио, Бензема, Винисиус Жуниор

Ўйнамайди: Мариано Диас (сон)

Сўроқ остида: Бензема (тикланиш жараёни)

Огоҳлантирилган тақдирда дисквалификация: Каземиро, Менди 

«СПОРТИНГ» - «МАНЧЕСТЕР СИТИ»

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: «Ёшлар»

«Спортинг»: Адан; Инасиу, Коатес, Феддаль; Порро, Пальинья, Матеус Нунес, Матеус Рейс; Сарабия, Паулинью, Нуну Сантуш

Огоҳлантирилган тақдирда дисквалификация: Феддаль, Матеус Нунес, Пальинья, Порро

«Манчестер Сити»: Эдерсон; Стоунз, Рубен Диаш, Ляпорт, Канселу; де Брюйне, Родри, Бернарду Силва; Маҳрез, Фоден, Стерлинг

Ўйнамайди: Уокер (дисквалификация), Жезус (мушак), Грилиш (тўпиқ), Палмер (товон)

Огоҳлантирилган тақдирда дисквалификация: Канселу, де Брейне 

16 февраль (чоршанба)

«ИНТЕР» - «ЛИВЕРПУЛЬ»

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: Спорт

«Интер»: Ҳанданович; Шкриниар, де Врей, Бастони; Думфрис, Видаль, Брозович, Хакан Чалханоглу, Перишич; Джеко, Лаутаро Мартинес

Ўйнамайди: Барелла (дисквалификация), Гозенс (сон жароҳати), Корреа (сон жароҳати)

Сўроқ остида: Бастони (тўпиқ)

«Ливерпуль»: Алиссон; Александер-Арнолд, Матип, ван Дейк, Робертсон; Ҳендерсон, Фабиньо, Тьяго Алькантара; Салоҳ, Фирмино, Мане

«ЗАЛЬЦБУРГ» - «БАВАРИЯ»

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: «Ёшлар»

«Зальцбург»: Кен; Кристенсен, Соле, Вебер, Ульмер; Камара; Сучич, Аронсон, Бернед; Адаму, Адейеми

Ўйнамайди: Бернардо (тизза), Юнузович (панжа), Окох (тизза), Койта (тизза), Шешко (сон жароҳати)

Огоҳлантирилган тақдирда дисквалификация: Адейеми, Камара, Зайвальд, Ульмер

«Бавария»: Ульрайх; Павар, Зюле, Эрнандес; Гнабри, Киммих, Толиссо, Коман; Мюллер, Сане; Левандовски

Ўйнамайди: Нойер (тизза), Дэвис (юрак муаммоси), Горецка (тизза), Мусиала (оғриқ), Станишич (сон жароҳати)

Огоҳлантирилган тақдирда дисквалификация: Эрнандес.

ЕЧЛ. 1/8 финал.

22 февраль (сешанба)

Челси – Лилль, Вильярреал – Ювентус; 

23 февраль (чоршанба)

Атлетико – МЮ, Бенфика – Аякс.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид