08:06 / 15.02.2022
18475

Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ бош мураббийи Рустам Акромов вафот этди

Рустам Акромов

Педагогика фанлари доктори, профессор Рустам Акромов 73 ёшида оламдан кўз юмди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.

Рустам Акромов 1948 йил 11 август куни Тошкент вилоятида туғилган. У фаолияти давомида ўзбек футболи ривожи учун улкан ҳисса қўшган мутахассис ҳисобланади. 1990-1992 йиллар орасида Жазоирнинг USM клуби ва миллий терма жамоасида фаолият олиб борган.

Рустам Акромов мамлакат мустақилликка эришганидан сўнг футбол бўйича миллий терма жамоани бошқарган биринчи мураббий ҳисобланади. 1992-1994 йиллар терма жамоа у билан Марказий Осиё чемпионати ва 1994 йил Хиросимада ўтган Осиё ўйинларида ғалаба қозонган.

Р.Акромов 1995-1997 йиллар Ҳиндистон терма жамоасини бошқарди. Ушбу давлатдаги икки йиллик фаолияти давомида асосий терма жамоа билан бир қаторда болалар футболини ривожлантириш тизимини шакллантирди. Кейинчалик ОФК, ФИФА ташкилотларида инструктор бўлиб фаолият олиб борди.

У ўзбек футболи ривожига қўшган ҳиссаси учун давлат томонидан «Шуҳрат» медали ҳамда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози» фахрий унвони билан тақдирланган.

Top