10:09 / 15.02.2022
1276

Хоразм вилоятида 2021 йилги бюджет ижроси бўйича ҳисобот берилди

Бюджет даромадлари 2,4 трлн сўмни ташкил қилиб, 117,7 фоизга бажарилган. 5396 нафар фуқаро якка тартибдаги тадбиркор сифатида, 50 мингга яқини ўз-ўзини банд қилувчи сифатида рўйхатга олинган.

Фото: Getty Images

Хоразм вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ҳурмат Абдукаримов халқ депутатлари Кенгашида 2021 йилги бюджет ижроси ва маҳаллий бюджетга қўшимча манбаларни жалб қилиниши бўйича ҳисобот берди.

Хоразм вилояти бюджет даромадлари бўйича 2021 йил учун белгиланган 1 трлн 703 млрд сўмлик режа кўрсаткич ҳақиқатда 2 трлн 4,3 млрд сўмга ёки 117,7 фоизга бажарилиб, режага нисбатан 301,3 млрд сўм қўшимча ундирилган.

Йил мобайнида 5396 нафар фуқаро якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олиниб, уларга 750,1 млн сўм даромад солиғи ва 976,7 млн сўм ижтимоий солиқ ҳисобланган. 3471 якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти қайта тикланиб, уларга 517,1 млн сўм даромад солиғи ва 694,3 млн сўм ижтимоий солиқ ҳисобланиб, давлат бюджетига ундирилган.

Йил давомида 29816 та иш ўрни легаллаштирилган. «Ўзини-ўзи банд қилиш» тизими орқали норасмий сектордаги 49819 нафар фуқаронинг иш ўрни легаллаштирилиб, давлат томонидан ижтимоий ҳимояда бўлиш имконияти яратилган.

Тадбиркорлик субъектларининг узлуксиз ишлаши учун, айланма маблағларини кўпайтириш мақсадида қўшилган қиймат солиғидан 1256 та ҳолатда 393,2 млрд сўм ортиқча тўлов суммалари ҳисоб-рақамларига қайтариб берилган.

2021 йилда тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида 1874 та корхона фаолияти қайта тикланган. 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектлари сони 5325 та.

2021 йилнинг 30 декабрь ҳолатига вилоятдаги солиқ тўловчиларнинг бюджетдан жами 118,5 млрд сўм солиқ қарзи мавжуд.

Хоразм вилоятига 2022 йил учун контингент бюджет даромадлари прогнози 2 трлн 302 млрд сўмга, маҳаллий бюджет даромадлари прогнози 1 трлн 913,6 млрд сўм қилиб белгиланган.

Top