Ўзбекистон | 16:26 / 17.02.2022
6840
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда қурилиш соҳасида 30 млрд сўм талон-торож қилингани аниқланди

Фото: Fotolia

Қорақалпоғистонда қурилиш соҳасида 30 млрд сўм талон-торож қилинган ҳолатлар аниқланди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

«2018 йилдаги инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳалар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги президент қарорига мувофиқ, 2018-2021 йилларда Нукус давлат педагогика институти ўқув биноларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш учун 54,3 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган. 

2018 йилда ўтказилган тендерда «Jayhun Universal Qurilish» МЧЖ ғолиб чиқиб, у томонидан 2021 йилнинг сентябрь ойига қадар барча ишлар амалга оширилиши керак бўлган. Аммо, зарур маблағлар давлат бюджетидан ажратилганига қарамасдан, режалаштирилган ишлар белгиланган муддатда якунига етмаган.

Аниқланишича, пудратчи «Jayhun Universal Qurilish» МЧЖ ва буюртмачи ҳисобланган Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси мансабдор шахслари ўзаро тил бириктирган ҳолда, тегишли ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан 12,7 млрд сўм миқдордаги пул маблағларини талон-торож қилишган.

Ҳолат юзасидан «Jayhun Universal Qurilish» МЧЖ ҳамда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодекси 167- ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бошқа ҳолатда эса буюртмачи «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ инжиниринг компанияси Қорақалпоғистон филиали ва 7 та пудратчи ташкилотлар мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, 2020 йилда Қорақалпоғистонда кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун ажратилган бюджет маблағининг 17,5 млрд сўмини талон-торож қилгани аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳам қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид