Жамият | 21:51 / 17.02.2022
23349
2 дақиқада ўқилади

«Сен ҳам тупой экансан»: Тошкентда ҳайдовчи ЙПХ ходимини ҳақорат қилди ва ваҳима кўтарди

Бу вазиятда ички ишлар ходимлари хотиржамлик ва профессионаллик билан иш олиб боришган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда бир эркак ички ишлар ходимини ҳақорат қилгани акс этган видео тарқалди. Ҳайдовчи ўзини «Шанхай великолепний» ники остидаги блогер деб атаган ва иккита Telegram канали борлигини айтган. У шунингдек, ички ишлар ходимларини ҳақорат қилишга ҳаққи борлигини таъкидлаган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг маълумот беришича, ҳодиса Тошкент шаҳрида содир бўлган. Аммо унинг қаерида бўлгани ва видео қачон олингани маълум эмас.

Суҳбат вақтида эркак ички ишлар ходими камерага нотўғри олаётганини айтади ва уни «аҳмоқ» деб атайди.

Ички ишлар ходими ундан нима учун ҳақорат қилаётганини сўрайди. Эркак эса ЙПХ ходимларидан бири «унинг жиғига текканини» айтади. У сўкинишга ҳаққи борлигини айтиб, жарима ёзишини сўрайди.

Кейин ҳайдовчи рулга ўтиради, аммо ЙПХ ходимлари уни тўхтатишга уринади. Эркак ваҳима кўтаради ва «ёрдам беринглар» деб қичқиради.

Ички ишлар ходимлари ҳайдовчини машинага ўтқазиб олиб кетишади. Йўлда у ўзининг блогерлигини айтади.

«Салом. Мен блогер “Шанхай великолепний”ман, мени Бектемир ички ишлар бўлимига олиб кетишяпти. Менинг иккита Telegram каналим бор», – дейди у.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳозирча бу воқеа бўйича изоҳ бермади. Аммо видеода ички ишлар ходимлари хотиржамлик ва профессионаллик билан иш олиб боришганини кўриш мумкин.

Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари фаолиятига қаршилик кўрсатиш муаммосига алоҳида эътибор қаратганди.

«Сўнгги пайтларда йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори фаолиятига қаршилик кўрсатиш масаласи... Мана кўп жойларда, интернетда ҳам чиқиб кетяпти, уряпти, сўкяпти, ҳақорат қиляпти. Қонун йўқ. Бечора инспектор нима қилиши керак? Машинани устига ҳайдаяпти...», деганди президент.

Мавзуга оид