Хўш, аҳоли ўзига тегишли ерларни қандай хусусийлаштиради, бу нима учун муҳим, хусусийлаштириш тўлови қанчага тушади? Kun.uz ушбу саволларга Геодезия-картография соҳасида методология бошқармаси бошлиғи Беҳзод Нишонов берган жавобларни тақдим этади.

Фуқаролар ўзларига тегишли ҳовли-уйлар (кўп қаватли уйлар бундан мустасно) жойлашган ер участкасини қандай хусусийлаштиради?

Бугунги кунгача ер участкаларини тадбиркорлик фаолияти учун бериш, яъни аукцион орқали сотиш амалиёти мавжуд эди.

Вазирлар Маҳкамасининг 14 февралдаги 71-сонли қарори билан, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун асосида 3та тартиб ишлаб чиқилди:

  • Жисмоний ва юридик шахсларнинг ўзларига тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби;
  • тадбиркорлик фаолияти учун ер участкаларини аукционга қўйиш;
  • якка тартибдаги уй-жойларнинг ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида сотиб олиш.

Фуқароларимизда якка тартибдаги уй-жой, юридик шахсларда эса нотурар бино-иншоотлар мавжуд. Улар ўзларига тегишли кўчмас мулкнинг ер участкасини кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш орқали хусусийлаштириб олиши мумкин бўлади (агар бино кадастрдан ўтмаган бўлса, ерни хусусийлаштириш мумкин бўлмайди).

Беҳзод Нишонов / Фото: Kun.uz

Бугунги кунда фуқароларга тегишли уй-жойлар жойлашган ер участкалари, мерос қилиб қолдирилган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқидаги ерлар, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган нотурар жой объектларининг ер участкаларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи берилар эди. Яъни бино ўзингизга тегишли бўлса ҳам, унинг ери сизга тегишли эмас эди.

Мана шу ер участкаларини хусусийлаштириш учун энди жисмоний ва юридик шахслар Давлат хизматлари марказлари (ДХМ)га ёки Ягона давлат интерактив портали (my.gov.uz) орқали ҳам мурожаат қилиши мумкин. Ариза Кадастр агентлиги ва Қурилиш бўлимларига йўналтирилади. Кадастр бўлимлари ўз навбатида ушбу ер участкаси ариза берган фуқаронинг номига расмийлаштирилганми ёки йўқми, яъни рўйхатдан ўтказилганини текширади. Ўша ер участкаси ўзгармагани, ер участкаси бугунги кунда ҳам реестрда мавжудлиги ҳақидаги маълумотларга тўлиқ мос келиши, тақиқ ва чекловлар мавжуд эмаслиги – хусусийлаштиришга монелик қилмайдиган барча томонлар текшириб чиқилади.

Иккинчи томондан, қурилиш бўлимлари ер участкаси ҳудуди шаҳарсозлик меъёрларига мос келиши, хусусийлаштириш учун мумкинлигини ўрганади. Барча текширувлардан ўтгандан кейин фуқарога тўловни амалга ошириш, яъни хусусийлаштириш ҳақида хабарнома юборилади. Хабарнома орқали хусусийлаштириш учун тўловни амалга оширади.