Ўзбекистон | 19:21 / 19.02.2022
11455
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 3 йил ичида 34та машинанинг газ баллони портлагани маълум қилинди

Сўнгги уч йилда газ баллон билан жиҳозланган 34 та транспорт воситаси портлаган, 23 киши ҳалок бўлган, 18 киши оғир жароҳат олган. Бу ҳақда Сенат раиси Танзила Норбоева маълум қилди.

Бу рақамлар Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича парламент комиссиясининг 18 февраль куни бўлиб ўтган мажлисида очиқланди.

«Автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш хусусий секторга берилиши, айрим жойларда тамагирлик ҳолатлари кузатилаётгани, масъуллар автомобиль ҳолатини текширмасдан, муайян пул эвазига техник кўрикдан ўтганлик далолатномаси ёзиб бераётгани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда.

Автомобилларнинг ўз вақтида ёки ҳақиқатан ҳам техник кўрикдан ўтказилмагани ҳамда хавфсизлик қоидаларига риоя этилмагани оқибатида газ баллонлари ўрнатилган автотранспорт воситалари билан содир бўлган бахтсиз ҳодисалар сони кун сайин ортиб бормоқда.

Масалан, 2019/20-йилларда бундай баллонларга эга 11 та транспорт воситаси портлаган бўлса, 2021 йилнинг ўзида ушбу кўрсаткич 2 баробарга ортиб, 23 тани ташкил этган. Оқибатда сўнгги 3 йилда 23 нафар инсон ҳалок бўлган, 18 нафари оғир жароҳат олган», дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Танзила Норбоева, Олий Мажлис Сенати раиси /Фото: Kun.uz

Сенат раиси ўз чиқишида Ички ишлар вазирлиги автомобилларни техник кўрикдан ўтказувчи тадбиркорлик субъектлари устидан қатъий назорат ўрнатиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.

«Автотранспорт воситаларига сиқилган табиий газ баллонларини ноқонуний равишда ўрнатиш ва уларни ўз вақтида техник кўрикдан ўтказмаслик ҳолатлари йилдан йилга кўпаймоқда. Сенатнинг куни кеча бўлиб ўтган йигирма учинчи ялпи мажлисида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ушбу муаммолар кўтарилиб, ҳукуматга парламент сўрови юборилди», дейди сенатор Қутбиддин Бурҳонов.

Қутбиддин Бурҳонов, сенатор / Фото: Kun.uz

Ички ишлар вазирининг ўринбосари Бекмурод Абдуллаевнинг маълум қилишича, бугунги кунда республика бўйича 1275 та “метанзаправка”лар, 1078 та автомобилларга газ қуювчи шохобча, машиналарга газ баллон жиҳозларини ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, синовдан ўтказиш билан шуғулланувчи 150 та ташкилот, газ баллон ишлаб чиқарувчи 3 та завод фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 4 та қарори билан тартибга солинган. Нефтгаз инспекцияси, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, ИИВ ЙҲХХ газ баллонларини ишлаб чиқариш, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, ўрнатиш ва бошқа қоидаларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш учун масъул этиб белгиланган.

Бекмурод Абдуллаев, ички ишлар вазири ўринбосари / Фото: Kun.uz

«Сиқилган ва суюлтирилган газ ёқилғисида ишлаш учун қайта жиҳозланган транспорт воситаларини назорат қилиш мақсадида ИИВ томонидан доимий равишда махсус рейдлар ўтказиб келинмоқда. 2021 йилдан бугунгача ўтказилган 1540 та махсус рейд давомида 2182 та автомобилга ўрнатилган газ баллонлари ўз вақтида синовдан ўтказилмагани, 2236 та автомобилга газ ускуналари ўзбошимчалик билан ўрнатилгани аниқланиб, айбдорларга тегишли маъмурий чоралар кўрилди.

Фойдаланиш муддати ўтган, амалда давлат стандартлари талабига жавоб бермайдиган 1475 та газ баллони фойдаланишдан чиқарилди. Ушбу йўналишда аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли ташкилотларга 133 та тақдимнома киритилди», дейди Бекмурод Абдуллаев.

Мавзуга оид