Жамият | 16:08 / 19.02.2022
9302
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси “Шўртан” конида табиий газ қазиб чиқариш борасидаги ишлар ҳолатини ўрганди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари жамиятга қарашли конларда газ қазиб чиқаришни кўпайтириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ва амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича ишларни ўрганиш мақсадида Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг “Шўртан” конида бўлди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Маълумки, жорий йилнинг 25 январь куни Марказий Осиёнинг ягона электр тармоғида рўй берган авария “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги ишлаб чиқариш объектларига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди.

Олиб борилган тезкор тадбирлардан сўнг, Шўртан нефть ва газ қазиб олиш бошқармасида ҳам қазиб чиқариш кўрсаткичлари қисқа фурсатларда қайта тиклашга эришилди.

Айни пайтда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси топшириғи билан республика аҳолисига мунтазам табиий газ етказиб беришни таъминлаш ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг нефть ва газ маҳсулотларига бўлган талабини қондириш мақсадида янги углеводород хомашёси захираларини ошириш, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини кўпайтириш борасида бурғилаш, қудуқларни капитал таъмирлаш ва технологик объектларни ишга тушириш йўналишлари бўйича бир қатор қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” бошқармада белгилаб берилган вазифалар ижро ҳолатини ўрганиш мақсадида “Шўртан” конида ҳам бўлди.

Таъкидлаш керакки, 2021 йилда “Шўртан” кони ҳудудида “3D” сейсмик-қидирув ишлари олиб борилди ва коннинг имкониятлари синчковлик билан таҳлиллар асосида муҳокама қилинди.

Натижада, 300 дан ортиқ қудуқларнинг маълумотлари таҳлил қилиниб, комплекс рақамли моделлаштириш асосида янги “Терриген-1” қудуғини бурғилаш учун асос яратилди.

Айни пайтда “Шўртан” кони ҳудуди тарихда илк бор 4750 метр қуйи терриген қатламигача тушиш ва шу чуқурликка қадар бурғилаш ишлари амалга оширилмоқда.

“Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” корхонасининг мутахассислари ва ишчи-ходимлари узлуксиз иш олиб бориб, ҳар куни 120 метргача масофани бурғилашмоқда.

Бошқарув раиси коннинг энг қуйи қатламларини ўзлаштириш мақсадида, янги бурғиланаётган “Терриген-1” юра қудуғида олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди. Шу ернинг ўзида Бошқарув раиси бошчилигида масъул раҳбар ва тегишли департамент бошлиқлари билан бурғилаш ишлари ҳолати муҳокама қилиниб, ишларни жадаллаштириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, ўрганиш давомида “Шўртан” кони газ йиғув пунктларидан мавжуд газни тайёрлаш қурилмаларигача бўлган қувурларда газ босими йўқотилишининг олдини олиш ва қазиб олинаётган газни дастлабки тайёрлаш мақсадида янги барпо этилаётган 20-, 24-сонли газ йиғув пунктлари учун Газни дастлабки тайёрлаш қурилмасининг қурилиш жараёнлари ўрганилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу лойиҳада жамиятнинг ички имкониятларидан кенг фойдаланилган, хусусан, сепаратор, дегазатор, техник идишлар ва қувурлар бошқарма ва Муборак газни қайта ишлаш заводидаги мавжуд аппаратларни жалб қилган ҳолда таъминланди. Қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси қурилиш бригадаси томонидан олиб борилди.

Натижада лойиҳа учун сарф этиладиган молиявий маблағларни қисқартиришга ҳамда газ қувурларининг барқарор ишлашини таъминлашга муваффақ бўлинди. Бошқарув раиси томонидан мутасаддиларга қурилмани февраль ойида ишга тушириш бўйича зарур вазифалар юклатилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид