Ўзбекистон | 20:45 / 21.02.2022
4319
2 дақиқада ўқилади

Автомобиль бензинининг сотилиш ҳажми 1,8 баробарга ошган

Биржа савдоларида юқори ликвидли маҳсулотларнинг сотилиш ҳажми 1,5 баробарга кўпайган.

Фото: Getty Images

7 февраль – 13 февраль кунлари «Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси»да юқори ликвидли маҳсулотларнинг сотилиш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга кўпайган. Хусусан, автомобиль бензини сотилиши 1,8 баробарга, мис катоди ва суюлтирилган газ сотилиши 1,4 баробарга, қора металлар прокати сотилиши 1,2 баробарга ошгани қайд этилган.  

Божхона статистикаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 7 февраль – 13 февраль кунлари товарлар экспорт ҳажми 174,7 млн долларни, импорт ҳажми эса 599,9 млн долларни ташкил қилган.

Кузатилаётган ушбу даврда товарлар экспорти ҳажмининг 75,7 фоизи асосий 5 та товарлар гуруҳига тўғри келиб, жами 132,2 млн долларни ташкил қилмоқда (Хусусан, 38,5 млн долларлик металл ва металл буюмлар, 35,6 млн долларлик калава ип, 32,5 млн долларлик тўқимачилик маҳсулотлари, 15,4 млн долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари ва 10,2 млн доллар миқдордаги пластмасса ва ундан тайёрланган буюмлар).

Импорт маҳсулотлари гуруҳида эса энг катта улушга эга бўлган 5 та товарлар ҳажми 335 млн долларни ташкил этди. Булар:

Технологик асбоб-ускуналар (81,9 млн доллар), металл ва металл буюмлар (76,3 млн доллар), транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари (73,4 млн доллар), нефть ва нефть маҳсулотлари (52,7 млн доллар) ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари (50,8 млн доллар).

Ҳудудлар кесимида энг юқори инфляция даражаси Самарқанд (0,07 фоиз), Наманган (0,06 фоиз) ва Тошкент (0,06 фоиз) вилоятларида қайд этилган.

Мавзуга оид