Ўзбекистон | 11:37 / 21.02.2022
4837
1 дақиқада ўқилади

Жиззах шаҳрида тадбиркорга имтиёзли кредит олиб беришни айтиб пул олган солиқ инспектори ушланди

Солиқ инспектори тадбиркорга имтиёзли кредит ажратилишида ёрдам беришини айтиб 600 доллар олган.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг хабар беришича, департамент ҳамда ДХХ Жиззах вилояти бошқармалари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда Жиззах шаҳар давлат солиқ инспекциясининг солиқ катта инспектори А.Х. “M.N.” МЧЖ раҳбари М.нинг ишончига кириб, банк муассасаларида ишловчи танишлари орқали 200 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилишида ёрдам бериш эвазига 600 доллар ва ўзи учун қайтариб бериш шарти билан 200 доллар олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид