Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ерларини талон-торож қилиш билан боғлиқ 437 та жиноят аниқланди
Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг соҳага оид қонунчилик ижроси ва ўз фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Қайд этилишича, таҳлиллар агентлик фаолиятида очиқликни таъминлаш, очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни очиқ маълумотлар портали ва ўз расмий веб-сайтида жойлаштириб бориш ишлари талаб даражасида эмаслигини кўрсатмоқда.
Давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар, харажатлар сметаси ва унинг ижроси, хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари, лицензия ва рухсат этиш учун масъуллар тўғрисида маълумот, хизмат уйлари ҳамда бошқа зарур маълумотларни жамоатчиликка эълон қилмаслик ҳолатлари мавжуд.
Мажлисда ер муносабатларига оид соҳага доир қонунчилик ижросини таъминлаш ҳолатига ҳам тўхталиб ўтилди. Ахборотда аҳоли ва жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлаётган, ер билан боғлиқ бўлган коррупция ҳолатларига чек қўйиш мақсадида Бош прокуратура билан доимий ҳамкорлик ишлари ташкил этилгани таъкидлаб ўтилди.
2021 йил январь ойидан 1 декабргача республикада 10 042 гектар қишлоқ хўжалиги ерларини талон-торож қилиш билан боғлиқ 437 та жиноят содир қилинганлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқланиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи қатъий ҳал қилинган.
Шунингдек, 233 та ҳолатда мансабдор шахслар ва бошқа ер эгалари 5904 гектар ер майдонини фирибгарлик йўли билан 75,5 млн АҚШ долларига сотаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган. Ёки 76 та ҳолатда 3110 гектар ердан ноқонуний фойдаланилганлик оқибатида давлат ва жамоат манфаатларига қарийб 1409 млрд сўмлик зарар етказилганлиги фош этилган.
Мавзуга оид
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
10:19 / 08.11.2024
“Таниш-билиш ўтмайди” – Кадастр агентлиги директори ерга эгалик ҳуқуқини олишда фирибгарларга алданмасликка чақирди
20:28 / 01.11.2024
Фермер энди ерга ижара ҳуқуқини сотиши мумкин – саволларга жавоблар
14:20 / 24.10.2024