Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Қиз болани ўқитмасликка сабаб бўладиган барча омилларни олиб ташлаш керак” — ёзувчи хотин-қизлар таълими ҳақида
“Қўрқма” асари билан китобхонлар эътиборига тушган ёзувчи Жавлон Жовлиев хотин-қизлар таълимидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича фикрлари билан бўлишди.
Ўтган йили республика бўйлаб ўн мингдан ортиқ китобхонлар билан учрашдим. Уларнинг тахминан 70 фоизга яқини талаба қизлар эди. Китобхонлар саволларига жавоб бергач, мен ҳам битта савол қўярдим. Уларнинг жавоби менинг кейинги асарларим учун жуда муҳим бўлиб, турли вилоятларда ҳар хил шароитда ўқиётган қизлар билан кўришиш имконияти менда ҳар доим ҳам бўлмасди.
“Ўзбек қизларида таълим олиш ва муваффақиятга эришиш учун қандай тўсиқлар бор, деб биласиз?” Улар саволимни эшитгач, аввал жим қолишади, сўнг биринчи фикр оқими пайдо бўлади:
“Яқинларимизнинг қаршилиги”
– қизининг ўқишини истамаслик;
– ишончсизлик;
– моддий ва руҳий томондан қўлламаслик;
– оиланинг ўта қашшоқлиги ёки ўта бойлиги;
– қизнинг келажагини тўлиқ бошқаришга интилиш;
– орзуларнинг ҳам чегараланиши;
– оилавий анъаналар.
“Ўзимизнинг қаршилигимиз”
– журъат ва курашувчанлик етишмаслиги;
– инсон чиндан хоҳласагина, атрофидагиларга таъсир ўтказиши мумкин;
– ялқовлик, илмсизлик ва машаққатлардан қочиш;
– қизлардаги боқимандалик (отага ё эрга) кайфияти билан шахсий ҳаракатни ўлдириш.
“Ташқи қаршиликлар”
– ўзбекчилик, урф-одатлар, анъаналарни фақат қизлар тақдири билан боғлаш;
– қизни ўраб турган жамият;
– сиёсий омиллар;
– таълимдаги носозликлар;
– жамиятнинг келажак борасидаги тушкунлик кайфияти ёки моддиятга ўчликнинг оммавий тус олиши.
Мен бу фикрларни талаба қизлардан эшитдим ва сизга шундайлигича келтиряпман. Бу муаммонинг изоҳини бир сўз билан айтиш қийин, аммо оқибати тайин: миллат келажагини ҳам бой бериш.
Оналар савияси хароблашиши хавфи
Мени мамлакатнинг қашшоқлигидан ҳам кўра, оналар савияси хароблиги кўпроқ қайғуга солади. Давлатдаги йўқчилик тўғри ислоҳотлар билан ўзгариши мумкин, аммо оналар тафаккурининг торайиши, торайтирилиши келажак борасидаги умидларни ҳам ўлдиради, бундай йўқотишларни тўғрилаб бўлмайди кейин.
Физика-математика фанлари бўйича жуда ёш илмий иш (PhD) ёқлаган қиз билан Миллий кутубхонада танишгандик. Фикрлаши, илми ва ғайратига ҳавасим келарди. Эрга теккач, қайнонаси шу пайтгача мавжуд физиканинг мукаммал ишланган тортишиш қонунларидан ғолиб келди. Меҳмондорчиликка исталган пайтда бориш учун келинни аввал докторлик қилишдан қайтарди, кейин бутунлай фандан “совитди”.
“Мен ҳам қуда-андалиман, орзу-ҳаваслиман, ёлғиз юрайми?” деб бир олиманинг умрини хазон қилган она–қайноналардан бир ўзбек ўлароқ уяламан. Куни кеча собиқ “олима”ни Чорсу бозорида кўриб қолдим, зўрға танидим, қайнонасига ўхшаб қолибди – семирган, тиллага бурканган, секин одимлайди, эснайди... Кўзлар шишган, юзидан нури қочибди, унинг чиройи ягона – илмда эди. Аввал бу кўзлар чироқсиз хонани чароғон этадиган даражада ёруғ эди, қадамлари шиддатли эди.
Чин орзу-ҳавас – илмли қиз ўстириш, илмли келин олиш ва уни қўллаш билан ўлчаниши керак, бу қайнонанинг ватан учун улуғ хизматидир. Бундай оналаримиз ҳам кўп.
Бир рассом, илк иши билан республикада биринчи ўринни олганди. Бухоронинг плакатлардан (ўқлардан эмас) вайрон бўлган масжидлари, ўйиқ минораларини чизган. Қойил қоласиз юрагига, кўримига! Бугун шу қиз, шу журъат билан ҳеч нима “қилмай” яшаяпти. Йўқ, чизса керак, эрининг туфлисига, ҳар тонг пойабзал крем билан ўз қисматин суратини беради, кремни бўёқ каби чарм туфли устига сиқади... Унинг ҳаёти – кўрган рангларидан ҳислар ва туйғулар оламини яратишдир, шу ҳаёт қафасда: рухсат йўқ!
Мен унинг ўша санъаткор қўллар билан тозаланган туфлисини тадбирларда кўраман, шунда эркаклар оёғи остида хор этилган илмли ўзбек қизлари картинаси намоён бўлади.
Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” трагедиясида ўта мутаассиб Сайид Обиднинг ўз қизи ва бутун аёл зотига берган шундай таърифи бор:
“Нима қипти у хоҳласа? Қизларнинг ақли
Икки пашша, уч капалак фаҳмича холос”.
Бундай тор фикрлиларга, қизлар ва хотинларнинг ўқишига қарши турганларга Мирзо Улуғбекнинг қатъият билан айтган қуйидаги фикри янграйди:
“Сайид Обид, Бухорога борганмисиз сиз,
Ҳа, кўп боргансиз пирлар олдига,
Ва кўргансиз мадрасамнинг нақ пештоқига
“Талабулилм Фаризатун ало кулли муслиму муслимот”
Бу каломнинг маъносини хўп тушунарсиз. Бу не дегани?
– Илм ўқимоқ фарз эрур бирдай, Мусулмоннинг эрлари-ю, аёлларига.
Сиз бўлса Улуғбекнинг мадрасасини фисқ-фасод уйи дейсиз!
Қаерда виждон!”
Қизлар ўқимаслигига сабаб бўладиган барча тўсиқларни олиб ташлаш керак
Илм олмоқ – аёл-у эркак учун бирдай фарз. Аммо кўпчиликнинг виждон тарозиси фақат ўз манфаати томонга босадиган қилиб йўналган. Ўқиган қизларни ёмонотлиқ қилади, ўзининг қизларини эса ҳатто орзу қилишга қўймайди. Аммо нима бўлганда ҳам, шундай фикрли ота-оналар ва қизлар таълими учун танлов имконияти бўлиши керак. Айрим оилаларга фақат қизлар ўқийдиган таълим даргоҳи керакми (қизини ўқитмаслик учун шу баҳона бўлаётган бўлса), очиш керак, ҳеч қандай тўсқинлик бўлмаслиги, қиз болани ўқитмаслик учун сабаб бўладиган барча омилларни олиб ташлаш керак.
Фақат қизларни моддий ва маънавий қўллайдиган ижтимоий тузилма шарт. Уйида хорликка учраган ё ҳайдалган, ота қабул қилмаган қиз ё келин қаердан мадад олади? Маҳалла уни мажбуран яраштиришдан бошқа нарсага ярамайди.
Ўқиши учун шартнома пулини тўлай олмаётган қизлар, ишдан бўшатилган аёллар, боласини катта қилиб ўз ишига қайта олинмаганлар – уларни қўллаш учун бир эмас, бир нечта жамоат ташкилотларига эҳтиёж юқори.
Китобхонлар билан бўлган учрашувларнинг бирида қашқадарёлик бир қизнинг йиғлаб айтган қуйидаги гаплари сира эсимдан чиқмайди:
“Мен биринчи курсни Ёджу техника институтида (Yeoju Technical Institute In Tashkent) ўқидим, таътил пайти турмушга чиқдим, тўйдан бир ҳафта ўтгач қайнонам: “Сен ўқиётган институтнинг дипломи бизга ўтмас экан, ўзимизнинг пединститутга кўчирасан”, деб туриб олдилар. Давлат қарорлари, қўшма битимларни кўрсатдим, маҳалладаги хотинларнинг гапи барча ҳукумат қонунларидан устун келди. Мен ўқишимни ўзим истамаган вилоят ўқув юртига кўчиришга мажбур бўлдим.
Мен эримни яхши кўраман, фарзанд ҳам кутяпмиз, аммо мен ўзим истагандай илм олишни ҳам, кўп ўқишни, кўпроқ меҳнат қилиб, ўзим болаликдан истаган жойларда ишлашни истайман, нимага бизда бундай? Ҳам оилавий, ҳам ўзим истаган илм йўлида яхши яшашга ҳаққим йўқми?”
Мен унинг саволига жавоб бера олмайман. Оиладан кечиш катта бахтсизлик, аммо армонлар билан ҳам тўла бахтли бўла олмайди-ку одам. Унинг умидларини гап-сўзлар, турли кераксиз мажбуриятлар ўлдиряпти, шу ўлган руҳ билан у бола туғади, шу синиқ дил билан уни тарбия қилади, миллатнинг кўп болалари ёшликдан ўлик руҳ ва кун ўтар қисмат программаси билан улғаяди. Катта орзулар, мақсадлар тўй ва машина олиш билан тугайди. Кейин нимага ривожланмаяпмиз, нимага ҳаммадан ортда қолаверамиз, деяверамиз. Мамлакатнинг икки қаноти бўла туриб, бирини боғлаб, бири билан парвоз қиламан, деб атрофни чангга буркаётган, питирлаётган қушга ўхшаймиз. Қанотларимизга ишонайлик, уларни қўллайлик, эркинлик берайлик!
Мавзуга оид
15:13 / 15.06.2026
Наманганда таълим тизими мансабдори тезкор тадбирда қўлга олинди
11:10 / 08.06.2026
Нодавлат таълим муассасалари қонунбузилиш хавфи бўйича баҳоланади
13:43 / 02.06.2026
“Давлат мактабларининг асосий вазифаси болаларни маълум вақт ушлаб туриш бўлиб қолди” – Ҳамид Содиқ
08:38 / 02.06.2026