Ўзбекистон | 18:00 / 23.02.2022
28225
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик аёл зиёратчилар Мадинадаги масжид Равзасига киритилмаётганига изоҳ берилди

Маълум бўлишича, карантин чекловлари ва навбат катталиги сабабли кўплаб давлатларнинг аёл зиёратчилари, шу жумладан ўзбекистонлик аёллар учун ҳам Равзаи шарифни зиёрат қилиш вақтинча имконсиз бўлмоқда.

Фото: facebook.com

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Мадина шаҳридаги Масжидун-Набавий ҳудудида жойлашган Равзага ўзбекистонлик зиёратчи аёллар киритилмаётгани борасидаги хабарларга изоҳ берди. Маълум қилинишича, айни кунларда Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги жорий этган янги тартибга биноан Мадина шаҳридаги масжид равзаларига аёл зиёратчиларнинг аксарияти киритилмаяпти.

“Бошқача қилиб айтганда, аёллар учун Масжиди Набавийда ибодат ва намоз ўқиш учун кириш-чиқиш бемалол, фақатгина ушбу масжиднинг ҳудудида жойлашган равза қисмига киришга вақтинчалик чекловлар ўрнатилган”, – дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги бош консулхонаси вакиллари Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги вакили Абдулазиз бин Абдулраҳим Ваззан билан учрашиб, чекловларни муҳокама қилган.

“Ваззан жанобларига кўра, шу йилнинг февраль ойи бошларида карантин чекловлари қайтадан кучайтирилгани сабабли, сиғим имкониятларидан келиб чиққан ҳолда аёллар учун Равзаи шарифни зиёрат қилиш жадвал асосида, ҳар куни 2 маротаба (соат 08:00-12:00 ва 16:00-24:00)да амалга оширилиб, оралиқ масофани сақлаш шарти билан ҳар 30 минутда фақатгина 500 нафар аёл (шундан 200 нафари маҳаллий аҳоли)га зиёрат учун рухсат берилган. Чекловдан олдин, яъни 5 февралга қадар бир вақтнинг ўзида 1500 нафар аёлга рухсат берилган эди.

Равзаи шарифни зиёрат қилиш навбати асосида, «Итамарна» мобил иловаси орқали якка тартибда (зиёратчи томонидан) ёки ҳамкор ширкат томонидан “Tawof” платформасида жамоавий рухсатнома олиш орқали ташкил этилмоқда.

Айни вақтда карантин чекловлари ҳамда навбат юқорилиги сабабли кўп давлатларнинг аёл зиёратчилари, шу жумладан ўзбекистонлик аёллар учун ҳам Равзаи шарифни зиёрат қилиш вақтинча имконсиз бўлмоқда.

Таъкидлаш лозимки, аёллар учун Равзаи шарифга киришга рухсатнома олиш учун Подшоҳлик ҳудудига киргандан бошлаб ўртача 10 кунга қадар кутиш талаб этилмоқда”, – дейилади Мусулмонлар идорасининг расмий баёнотида.

Шу муносабат билан ҳамда Ҳаж ва Умра вазирлигининг умра мавсуми қоидаларига доир йўриқномаси асосида Равзаи шарифдаги чекловлар юзасидан зиёратчиларни хабардор этиш таклиф қилинган.

Мусулмонлар идорасининг маълум қилишича, жорий йилнинг март ойидан карантин чекловлари юмшатилиб, Равзаи шариф қабул сиғими босқичма-босқич кўпайтирилиши кутилмоқда.

Шунингдек, ушбу масалада енгиллик қилиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ташқи ишлар вазирлиги орқали Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлигига хат йўллаганини маълум қилди.

Маълумот учун, Равза - сўзи араб тилида «боғ», маъносида келиб, Мадинадаги Масжидун Набавийнинг ичидаги Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам дафн қилинган ҳужра ва ундан бир қанча масофада жойлашган минбарнинг оралиғи Равзаи шариф деб аталади.

Мусулмонлар идорасининг маълум қилишича, Равзага кириш зиёратнинг шарти ҳисобланмаса-да, Ҳаж ва Умрага борган мусулмонлар ҳудуднинг ҳадисларда келтирилган таърифлари туфайли Масжидун Набавийга келганларида, айнан шу жойда намоз ўқишга астойдил уринади.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид