Ўзбекистон | 07:27 / 23.02.2022
2259
3 дақиқада ўқилади

Туризм ва маданий мерос вазирлиги тузилмаси тасдиқланди

Фото: Kun.uz

Президент томонидан “Туризм ва маданий мерос вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Қуйидагилар тасдиқланди: Туризм ва маданий мерос вазирлигининг ташкилий тузилмаси; Туризм ва маданий мерос вазирлиги марказий аппаратининг бошқарув ходимлари чекланган сони 84 нафар бўлган тузилмаси.

Туризм ва маданий мерос вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошқарув ходимларининг чекланган сони 386 нафарни ташкил этади.

Белгиланишича:

  • Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси этиб қайта номланади;
  • жамғарма маблағлари Туризм ва маданий мерос вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, тизим ташкилотлари ходимларини қўшимча рағбатлантиришга йўналтирилади;
  • Туризм ва спорт вазирлигининг мол-мулки, шу жумладан автотранспорт воситаларини Туризм ва маданий мерос вазирлигига ўтказишда қайта расмийлаштириш учун тўловлар ундирилмайди;
  • Туризм ва спорт вазирлигининг марказий аппарати ходимларини Туризм ва маданий мерос вазирлигига ишга қабул қилиш бош вазир ўринбосари - туризм ва маданий мерос вазири томонидан тегишли давлат органлари томонидан илгари амалга оширилган келишувларни, танлов натижаларини инобатга олган ҳолда, мустақил амалга оширилади.

Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантиришнинг қўшимча манбалари белгиланди:

  • муассиси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳисобланган корхоналар ва ташкилотлар (кейинги ўринларда-тизим ташкилотлари) ихтиёрида солиқлар ва йиғимлар тўланганидан кейин қоладиган соф фойданинг бир қисми;
  • хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорларга мувофиқ давлат мулки объектларини реализация қилишдан тушадиган тегишли маблағлар;
  • тизим ташкилотларининг мол-мулкини (бундан кўчмас мулк мустасно) сотишдан тушган маблағларнинг 50 фоизи;
  • тизим ташкилотларининг мол-мулкини ижарага беришдан тушган бюджетга йўналтирилаётган маблағларнинг 50 фоизи;
  • тизим ташкилотлари фаолиятини текшириш натижалари бўйича Туризм ва маданий мерос вазирлигининг ички аудит хизматлари томонидан аниқланган давлат бюджети маблағларининг, шунингдек талон-торож, растраталар, камомадлар суммаларининг 50 фоизи;
  • тизим ташкилотлари фаолиятини текшириш натижалари бўйича Туризм ва маданий мерос вазирлигининг ички аудит хизматлари томонидан аниқланган ҳамда давлат мақсадли жамғармалари ва бюджетдан ташқари жамғармалар даромадига ундирилган ноқонуний сарфланган бюджет маблағлари, талон-торож, растраталар, камомадлар суммалари;
  • тизим ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига тушадиган маблағларнинг 10 фоизи;
  • жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
  • туризм ва маданий мерос соҳаларидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишдан тушадиган маблағлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
  • халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;
  • қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид