Ўзбекистон | 17:10 / 24.02.2022
55624
3 дақиқада ўқилади

“Одамлар хавотирда, озиқ-овқат жамғаришяпти, метрога кириш бепул қилинди” — Харковдаги ўзбеклар

24 феврал тонгга яқин Россия Украинага қуролли ҳужум бошлади. Kun.uz шу куни туш вақтида Украинанинг Харков шаҳридаги бир неча ўзбекистонлик билан гаплашиб, шаҳардаги вазият ҳақида сўради.

Фото: АР/ТАСС

“Ўзбекистондаги норасмий каналларда тарқалаётган фейклар оила аъзоларимизни хавотирга соляпти”

15 йилдан бери Украинада бизнес билан шуғулланаётган Олимжон Аъзамхонов Харков шаҳридаги вазият ҳақида гапираркан, одамларда ваҳима йўқлиги, лекин хавотир ҳисси борлигини айтади.

“Ваҳима йўқ, Мен Харков шаҳридан туриб жавоб беряпман сизга. Эрталаб 5 ярим – 6 ярим оралиғида ҳарбий аэропортларда портлаш овози эшитилди, шундан кейин тинчиди. Лекин одамларда хавотир бор, озиқ-овқат жамғаришяпти. Парвозлар тўхтатилган.

Харковда эрталаб 5-6 оралиғида 4-5та портлаш бўлган, шундан кейин ҳаммаёқ тинчиган. Харков мэри уйдан чиқмасликни тавсия қилди, лекин кўчага чиқиш қатъий тақиқланмаган. Хоҳлаган одам чиқаверади”, – деди у.

Олимжон Аъзамхонов ўзбекистонликлардан турли Telegram-канал ва гуруҳларда ёлғон хабарлар тарқатиб, Украинадаги мусофирлар оилаларини хавотирга қўямасликка чақирди.

“Ўзбекистондаги Telegram-каналларда Харковга Россия байроғи илинган расм тарқаляпти, лекин унақа нарса йўқ, у 2014 йилдаги расм. Мен 15 йилдан бери шу ерда яшайман. Биз, бу ерда юрган мусофирларнинг ҳаммасининг Ўзбекистонда оила, бола-чақаси бор. Илтимос қилардимки, оиламизни ташвишга қўймаслик ва ҳар хил асоссиз хабарларни тарқатмасликни. Ўзбекистондаги оиламиз биздан хавотир олишмасин”.

“Кўпчилик озиқ-овқат сотиб олмоқда”

Украинанинг Харков шаҳрида яшаётган Шоҳжаҳон Зокиров Каразина номидаги Харков миллий университетида ўқийди.

“Қисқача вазият: Украина вақти билан 4:20ларда биринчи ва иккинчи портлашлар бўлди, ундан кейин бешларга яқин ва саккизларда 10-15та портлаш бўлди. Ҳужумлар ҳарбий объектларга, Харковда жойлашган ҳарбий аэропортга уюштирилган. Ҳозир аэропорт умуман йўқ.

Халқ дўконларга кириб, озиқ-овқат сотиб олмоқда. Шаҳарда транспорт: метро, троллейбус бепул. Ҳамма беркинадиган объектлар очиқ, бемалол қабул қиляпти.

Харковга ҳужумдан кейин Украина армияси келишни бошлади. Шаҳарда ҳали сирена эшитмадим, асосан ҳарбий базаларга ҳужум бўлган. Харковнинг тинч аҳоли яшайдиган жойларида портлаш бўлмаяпти”, – деди у.

“Беш дақиқадан кейин нима бўлишини билмай ўтирибмиз”

Харков Миллий университетида ўқиётган яна бир талаба эрталаб университет ётоқхонаси яқинида портлаш бўлгани учун талабалар кўчирилганини айтди.

“Биздан 10-20 км узоқликда портлади. Талабалар кўчирилди. Сизлар учун қизиқ бу, албатта, тушунаман, соҳангиз шуни талаб қилади, лекин бу ерда биз 5 дақиқадан кейин нима бўлишини билмай ўтирибмиз”, – дейди у.

“Ҳозирча портлашлар эшитилмаяпти. Одамлар кўп кўчада. Дўконларда асосий озиқ-овқатларга навбат катта, нон йўқ. Ёш болаларимиз билан қўрқиб ўтирибмиз", – дейди Харковда яшаётган яна бир ўзбекистонлик Муқаддас Боқиева.

Мавзуга оид