Жаҳон | 14:10 / 27.02.2022
40035
10 дақиқада ўқилади

«Уруш олиб келган дардни унутиб бўлмайди» — Путин ҳукмронлиги даврида урушга қаршилиги ҳақида нималар деганди?

2022 йил 24 феврал куни Россия Украинага бостириб кирди. Россия қўшни давлат ҳудудига бостириб кирганини «махсус ҳарбий операция» деб атамоқда. Уруш ҳақида гапирганда деярли ҳамма Россияни эмас, Путиннинг номини тилга олмоқда.

Алексей Никольский / Scanpix / LETA

Украинага уруш очган Путин Россияга ҳукмронлик қилган даврида урушга қарши экани ҳақида кўп гапирган. Аммо унинг амаллари гапларини рад этади. Россия ҳарбийлари дунёнинг у ёки бу бурчагидаги турли қуролли можаролардаги иштирокидан ташқари Путин Украинага ҳужум қилиб, ўз ҳукмронлиги даврида иккинчи марта қуролли босқинчилик урушини бошлади. Биринчи сафар 2008 йил Россия қўшинлари Грузияга бостириб кирганди.

«Медуза» Путиннинг урушга қарши гапларини тўплади.

«Тинчлик – бу иқтисодиётнинг мустаҳкамлиги ва халқнинг фаровонлигидир»

2000 йил, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 55 йиллигига бағишланган параддаги нутқидан

Ҳурматли уруш фахрийлари, биз сизлар билан бирга ғалаба қозонишга одатланганмиз. Бу одат бизнинг қон-қонимизга сингиб, ҳарбий ғалабаларимиз гаровига айланди. Халқимиз бир неча урушни бошидан кечирган. Шунинг учун ҳам тинчликнинг қадрини биламиз. Тинчлик бу – иқтисодиётнинг мустаҳкамлиги ва халқнинг фаровонлиги эканлигини биламиз. Бу икки нарса Россиянинг ички ва ташқи қудрати, мудофаа салоҳияти, хавфсизлиги асосидир. Биз бу асосий «ҳарбий сир»ни фарзандларимизга етказамиз.

«Фақат уруш бўлмасин»

2001 йил, уруш бошланганининг 60 йиллигига муносабати билан қилган мурожаатидан

Орадан кўп йиллар ўтди, бироқ ўша урушнинг оқибатлари бугун ҳам ўзини эслатиб туради. Одамларнинг тўзғиб кетган тақдири, деярли ҳар бир оилада сарғайган дафн маросимлари. Ёшларнинг бутун бир авлоди ҳаётдан узилиб қолди. Уруш пайтида халқимиз қандай жон сақлаб қолганини билмайдиганлар Россияни ҳеч қачон тушунмайди, қамалда қолганлар қотган нонни қандай қидиришганини англаб етмайди, халқимиз урушдан бунчалик нафратланишини ҳис қилолмайди. Кексаларимиз, уларнинг ортидан ёшлар кўп такрорлайдиган «Фақат уруш бўлмасин» ибораси ўз-ўзидан пайдо бўлмаган.

«Агар биз муштимизга эрк берсак, дунёдаги ҳеч бир давлат ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди»

2003 йил, Ироқдаги вазият бўйича ҳукумат, президент маъмурияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари билан учрашувдаги баёнотдан парча.

Ироқни халқаро терроризмни қўллаб-қувватлаётганликда айблаб амалга оширилаётган бу ҳарбий ҳаракатни ҳеч қандай тарзда оқлаб бўлмайди. Бизда бундай маълумотлар йўқ ва ҳеч қачон бўлмаган. Биз Ироқдаги сиёсий тузумни ўзгартиришни хоҳламаймиз, бу халқаро ҳуқуқларга ҳам зид. Бу фақат шу мамлакат халқининг хоҳиш-истаги билан бўлиши керак.

Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатлар катта сиёсий хато. Мен аллақачон масаланинг гуманитар томони ҳақида гапирганман. Мавжуд халқаро хавфсизлик тизимининг барбод бўлиш таҳдиди эса бундан кам ташвишлантирмайди.

Агар биз халқаро ҳуқуқни муштга эрк бериш билан алмаштиришга имкон яратадиган бўлсак, унга кўра кучлилар ҳар доим ҳақ ва ҳамма нарсага ҳақлиман деб ўйлайди, ўз мақсадларига эришиш учун ҳеч нарсадан тап тортмайди. Демак, халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойиллардан бири дахлсизлик принципи, давлатларнинг суверенитети шубҳа остида қолади. Бундай ҳолатда дунёда бирорта давлат ўзини хавфсиз ҳис этмайди. Бугун вужудга келган кенг кўламдаги беқарорлик маркази дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам пайдо бўлиб, салбий оқибатларга олиб келади.

«БМТ санкциясисиз бевосита уруш бошлаш тинчлик асосларига путур етказади»

2007 йил, Ал-Жазира билан суҳбатдан парча.

Биз халқаро муносабатлардаги ҳар қандай муаммоларни ҳарбий йўл билан, айниқса, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бевосита санкциясисиз ҳал қилишга доим қаршимиз. Чунки бу дунё тинчлигининг халқаро-ҳуқуқий асосларига путур етказади.

«Сиёсат умумий ахлоқий ва ҳуқуқий тамойилларга асосланиши керак»

2009 йил, Польшада иккинчи жаҳон уруши бошланганига 70 йил бўлгани муносабати билан сўзланган нутқдан парча.

Буюк ғалабанинг аҳамияти, ҳақиқий иттифоқнинг қадри ва умумий тарихимизнинг драматик воқеалари хотирасини асраб-авайлаш нафақат бизнинг маънавий бурчимиз, барча халқларнинг бурчи.

Урушнинг биринчи кунини эслаб, дунёни ҳалокатли ишга нима ундагани, сиёсий қўрқоқлик қандай оқибатларни келтириб чиқариши, потенциал тажовузкорни тинчлантириш истаги, қўшниларнинг нотинчлиги ҳисобига ўз хавфсизлилигини таъминлашга уринадиганлар ва «саҳна ортида туриб тил бириктирганлар» ҳақида ўйлашимиз керак.

Замонавий сиёсат умумахлоқий ва ҳуқуқий тамойилларга асосланиши керак. Ишончим комилки, фақат шу ҳолатда ҳалок бўлганлар хотираси номидан ва фарзандларимизнинг тинч келажаги учун иккинчи жаҳон уруши тарихининг фожиали саҳифасини ёпа оламиз.

«Биз ҳеч қачон Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам қарама-қаршиликка интилмаймиз»

2014 йил 16 март куни Қримдаги референдумдан кейин Путиннинг мурожаатидан.

Биз Украина заминида тинчлик ва ҳамжиҳатлик бўлишини истаймиз ва бошқа давлатлар билан бирга ҳар томонлама ёрдам беришга ва қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Фақат Украина фуқаролари ўз уйларида тартиб ўрната олади.

Биз Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам ҳамкорларимиз билан ҳеч қачон қарама-қаршиликка интилмаймиз, аксинча, маданиятли яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатиш учун ҳамма нарсани қиламиз.

«Биз келажак авлодга Ер юзидаги барқарорлик ва тинчликни етказишга мажбурмиз»

2017 йил, Қизил майдондаги Ғалаба парадидаги нутқдан парча.

Россия ҳамиша тенг ҳуқуқли шериклик йўлини танлаганлар, ҳаёт моҳиятига инсон табиатига зид бўлган урушларни инкор қилувчилар билан тинчликни ёқловчилар томонида бўлади. Биз келажак авлодга Ер юзидаги барқарорлик ва тинчликни етказишга мажбурмиз. Ғолиб халққа шон-шарафлар!

«Навбатдаги жаҳон уруши тирикликнинг батамом тугаши бўлиши мумкин. Бу тушунча бизни тийиб туриши керак».

2018 йил, учинчи жаҳон уруши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб.

Менимча, бу ўринда Эйнштейнни эслаш керак. У «Учинчи жаҳон уруши қандай воситалар билан олиб борилишини билмайман, лекин тўртинчиси тош ва таёқ билан олиб борилади», деганди. Учинчи жаҳон уруши бугунги цивилизациянинг охири бўлиши мумкинлигини англаган ҳолда, бу бизни халқаро майдонда замонавий цивилизация учун фавқулодда ва ўта хавфли ҳаракатлардан тийиб туриши керак.

«Дунё етакчиларининг вазифаси иккинчи жаҳон уруши воқеалари такрорланишининг олдини олиш»

2020 йил, 1 сентябрь куни очиқ онлайн дарс доирасида Путиннинг мактаб ўқувчилари билан учрашуви.

Мен чин дилдан ишонаман, сиз ва яқинларингиз ҳеч қачон бундай уруш билан боғлиқ оғир синовларга дуч келмайсиз. Ишонаманки, икки томон учун ҳам оғриқли бўлган бундай нарсаларни сиз ҳеч қачон бошдан кечирмайсиз. Мен бунда замонавий дунёнинг мўртлигини англаб етган давлат раҳбарлари, масъулиятли сиёсатчилар, жамоат арбоблари масъулиятли бўлиши вазифасини кўраман.

«Ўтмиш ва келажак олдидаги масъулиятимиз бу даҳшатли фожиалар такрорланмаслиги учун ҳамма нарсани қилишдир»

2020 йил, Путиннинг «Буюк Ғалабага 75 йил: тарих ва келажак олдидаги умумий масъулият» мақоласидан парчалар.

Ўтмиш ва келажак олдидаги масъулиятимиз бу даҳшатли фожиалар такрорланмаслиги учун ҳамма нарсани қилишдир. Шу боис иккинчи жаҳон уруши ва улуғ ватан уруши ҳақида мақола ёзишни ўзимнинг бурчим деб билдим.

Биз уруш ҳақидаги ҳақиқий, ўзгартирилмаган ва сайқалланмаган ҳақиқат тарафдоримиз. Бизга бу халқчил, инсоний ҳақиқатни асосан шафқатсиз фронт синовларини бошидан ўтказган ёзувчи ва шоирлар етказди. Бошқалар қатори менинг қалбимда ҳам уларнинг ҳаққоний ва теран асарлари абадий из қолдирди. Улар ғалаба қозониш учун жонини тиккан уруш фахрийларини ҳурмат қилиш васиятига айланди. Улар жанг майдонларида қолиб кетганларни эслатади.

«Яна тажовузкор режалар тузишни ўйлаётганларни кечириш ва оқлаш йўқ»

2021 йил, 9 май куни Қизил майдонда ўтказилган ғалаба парадидаги нутқдан.

1941 йилда бошланган уруш, ўшанда ҳали тўрт йиллик қонли уруш ҳали олдинда эди, келажакка, ёш авлодга ва ҳатто ундан кейин туғилганларга ҳам зарба берди.

Уруш жуда кўп чидаб бўлмас синовлар, қайғу ва кўз ёшларини олиб келдики, уни шунчаки унутиб бўлмайди. Яна агрессив режалар тузишни ўйлаётганларни кечириш ва оқлаш йўқ.

«Қўшниларимиз гўёки ўзларини хавф остида ҳис қилишмоқда. Қандай асосга кўра – тушунарсиз»

2022 йил, 8 февралдаги Россия-Франция музокараларидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманидаги нутқи (Украинага босқиндан 16 кун олдин).

НАТО бизни душман сифатида кўради. Қолаверса, ўз ҳарбий инфратузилмасини чегараларимиз яқинига кўчиргач, НАТО ва унга аъзо давлатлар ўз қуролли кучларимизни қаерда ва қандай жойлаштиришимиз кераклиги ҳақида бизга ўргатиш ҳуқуқига эга деб ўйлайди. Шунингдек, белгиланган ҳарбий-ўқув машқларни ўтказмасликни талаб қилиш мумкин, деб ҳисоблайди. Қўшинларимизни кўчиришимизга изоҳ сифатида шуни таъкидламоқчиманки, ҳозир бизга таҳдид қилиши мумкин бўлган ҳудуд – Украина. Гўёки, Болтиқбўйи давлатлари ҳам, бошқа қўшни давлатлар ҳам ўзларини хавф остида ҳис қилишаётганини айтишмоқда. Қандай асосга кўра – тушунарсиз.

Мавзуга оид